Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Шавкат Мирзиёев Мирзо Улуғбек номидаги ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактабини кўздан кечирди

Шавкат Мирзиёев Мирзо Улуғбек номидаги ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактабини кўздан кечирди

Фото: Президент расмий сайти

Президент Шавкат Мирзиёев Мирзо Улуғбек номидаги ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактабини кўздан кечирди. Бу ҳақда давлат раҳбарининг расмий сайти хабар тарқатди.

Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 14 сентябрдаги қарори асосида ташкил этилган ушбу мактаб физика, математика, информатика ва астрономия фанларига ихтисослашган.

Бу ерда 180 нафар ўқувчига 24 нафар педагог ходимлар сабоқ беради. Таълим жараёнига Фанлар академиясининг Астрономия ва Физика-техника институтлари ходимлари жалб этилган. Хорижий давлатлар тажрибасини ўрганиш ва семинар-тренинг ташкил этиш мақсадида жалб этиладиган чет эллик педагоглар учун меҳмонхона, ўқувчилар учун ётоқхона қурилган.

Мактаб ўқувчиларига инновацион усулларда дарс ўтиш мақсадида аэрокосмик технологиялар хонаси ташкил этилиб, замонавий VR BOX, HOLOMAX, QBOX ускуналари ўрнатилган. Мактаб биносининг том қисмида ўрнатилган телескопда ўқувчилар осмон жисмларини кузатиши мумкин.

Робототехника, ёш физиклар, математиклар, астроном ва информатиклар тўгараклари ҳам ташкил этилган.

Давлатимиз раҳбари мактабнинг янги биносида яратилган шароитлар билан танишиб, болалар билан суҳбатлашди.

– Бу мактабни Мирзо Улуғбек номи билан ташкил этганимиз бежиз эмас. Бундан фахрланишингиз, буюк бобомизга муносиб бўлишингиз керак. Бунинг учун жуда катта интилиш, қунт, меҳнат зарур. Ватанимизга керакли, етук мутахассислар бўлиб етишишингиз учун ҳамма шароитни яратиб берамиз, – деди Шавкат Мирзиёев.

Дарс ва дам олиш вақтларини тўғри тақсимлаш, замонавий методикаларни қўллаб, болаларнинг фанларни яхши ўзлаштиришига имконият яратиш бўйича тавсиялар берилди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг