Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Шавкат Мирзиёев Самарқанд вилояти бўйича йиғилиш ўтказди

Шавкат Мирзиёев Самарқанд вилояти бўйича йиғилиш ўтказди

Фото: Президент матбуот хизмати.

Президент Шавкат Мирзиёев 11 июль куни ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг ҳудудлардаги натижадорлиги таҳлили бўйича йиғилиш ўтказди.

Мамлакатимизда ислоҳотлар кириб бормаган соҳанинг ўзи йўқ. Хусусан, охирги 3 йилда барча ҳудудлар, соҳа ва тармоқларни ривожлантиришга доир 400 дан ортиқ фармон ва қарорлар қабул қилинди.

Президент ҳар доим «ўзгаришларни одамлар ўз ҳаётида сезсин», дея талаб қўяди. Шунга мувофиқ, ислоҳотларнинг аҳоли ҳаётига таъсири ўрганиб борилмоқда.

Шундай комплекс ўрганишлардан бири яқинда Самарқанд вилояти мисолида ўтказилди. Сўровда қатнашганларнинг кўпчилиги ҳоким ёрдамчиларининг фаоллигини, таълим, соғлиқни сақлаш, интернет, жамоат транспорти соҳаларидаги силжишларни юқори баҳолаган.

Шу билан бирга, жойлардаги муаммоларни, ўзгариш сезилмаётган соҳаларни ҳам очиқ айтган. Жумладан, жойларда ер ва сувдан самарали фойдаланиш, электр, газ ва ичимлик суви етказиб бериш, ер ажратиш каби масалаларда камчиликлар мавжуд. Масалан, Самарқанддаги Халқ қабулхоналарига аҳоли ва корхоналарни электр энергияси, суюлтирилган газ ва кўмир билан таъминлаш билан боғлиқ 15 мингдан зиёд мурожаатлар келиб тушган.

Фото: Президент матбуот хизмати.

Йиғилишда туман ва шаҳарларда ислоҳотларнинг самарадорлиги, аҳоли ва тадбиркорлар кўтарган долзарб масалалар атрофлича таҳлил қилиниб, таклифлар билдирилди.

Хусусан, маъмурий ислоҳотларни давом эттириб, давлат ходимлари сонини оптималлаштириш, маҳаллий бюджетларни тўғри йўналтириш зарурлиги айтилди. Қишлоқ хўжалигида ерга узоқ муддатли кафолат бериш, давлат аралашувини камайтириш, молия хизматларини яхшилаш талаб этилмоқда. Энергия ресурслари таъминоти, кадастр, йўл, коммунал хизматлар тизимлари ҳам такомиллаштирилмоқда.

Президентимиз барча ислоҳотларни пастдаги бўғинларга боғлаб, уларни авваламбор аҳоли фаровонлигини оширишга қаратиш лозимлигини алоҳида таъкидлади.

Самарқанд вилоятидаги ҳолат бошқа ҳудудларда ҳам борлиги қайд этилиб, ҳукуматга муаммоларни жойига чиққан ҳолда ўрганиб бориш ва вақтида чора кўриш бўйича кўрсатмалар берилди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг