Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Шавкат Мирзиёевнинг янги маслаҳатчиси ҳақида нималарни биламиз?

Шавкат Мирзиёевнинг янги маслаҳатчиси ҳақида нималарни биламиз?

Фото: Президент матбуот хизмати

Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг собиқ президенти Сума Чакрабарти Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёевнинг иқтисодий ривожланиш, самарали бошқарув ва халқаро ҳамкорлик масалалари бўйича маслаҳатчиси этиб тайинлангани ҳақида хабар берилганди.

Албатта, бу хабарни ўқиган ҳар бир инсонда Чакрабарти шахсига қизиқиш пайдо бўлиши табиий. Хўш, Сума Чакрабарти ким, у қандай хизматлари эвазига шундай вазифага лойиқ кўрилди? Қуйида шу саволларни очиқлашга ҳаракат қиламиз.

Сума Чакрабарти – 42 ёшида Буюк Британия тарихидаги энг ёш, ҳатто оқ танли бўлмаган биринчи вазир ўринбосари, Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг британиялик илк раҳбари бўла олган шахс. Уйдаги қизалоғи билан мулоқот қилиш учун бўш иш жадвалини сўрашни ҳам унутмаган ота...

Сума Чакрабарти 1959 йилда Ҳиндистоннинг Жалпайгури шаҳрида туғилган, болалиги эса пойтахт Калкутта шаҳрида ўтган. 1964 йилда Чакрабарти оиласи Буюк Британияга кўчиб ўтади. Ўрта таълимни Лондондаги мактабда олган Сума Оксфорд университетида (сиёсатшунослик, фалсафа ва иқтисодни ўрганиш) бакалавр, Сассекс университетида (ривожланиш иқтисодиёти ихтисослиги бўйича) магистр даражасига эга бўлди. Сума Чакрабартига кейинчалик Британия фуқаролиги берилди.

Чакрабарти 1984 йилдан Британия ҳукуматида ишлашни бошлаган. Шу йили у Макроиқтисодиёт ва Буюк Британия ёрдам лойиҳалари бўйича катта иқтисодий ёрдамчиси сифатида Буюк Британиянинг Хорижий ривожланиш бошқармасига (ODA) аъзо бўлди. Британия ҳукумати уни Халқаро валюта фонди ва Жаҳон банкига юборганида ҳам адашмаган эди.

1996 йилда у Қироллик ғазначилигига ўтди ва кейинроқ Бош вазир Тони Блэрни қўллаб-қувватлаш учун самарадорлик ва инновациялар бўйича янги марказий бўлинмани ташкил этишга масъул бўлган лавозимни эгаллади.

2001 йилда Чакрабарти Минтақавий ривожланиш дастурлари бўйича халқаро ривожланиш департаменти Бош директори бўлди. Унинг бошқаруви остида Африка, Осиё, Шарқий Европа, Кариб денгизи ва Лотин Америкаси мамлакатларида 1200 ходим фаолият юритган. Маълумки, 2009 йил 8 декабрда у «Ироқ тергови»да гувоҳлик бериб, 2003 йилда Ироққа бостириб киришга тайёргарликни муҳокама қилишда қатнашган.

2002 йилдан 2007 йилгача Халқаро тараққиёт вазирлиги доимий котиби, кейин 2012 йилгача Адлия вазирлигида ҳам худди шундай лавозимда иш олиб борган. Бу даврда вазирлик фаолияти учун янги моделни ишлаб чиқиши ва амалга ошириши унинг асосий ютуқларидан бири сифатида эътироф этилади. Бунинг натижасида бир миллиард фунт стерлингдан ортиқ маблағ тежаб қолинган.

Сума Чакрабарти.

2012 йили Чакрабарти Европа тараққиёт ва тикланиш банки президенти этиб сайланади.

«Мен ЕТТБда йирик ислоҳот жараёнини амалга оширдим, банкнинг иш олиб бораётган мамлакатлардаги фаолиятини яхшилаш ва акциядорларга банкдан кўпроқ фойда олишларини таъминлаш мақсадида ташкилотни модернизация қилдим, – деган эди Чакрабарти. –  Натижада ЕТТБ энди ташқи эҳиёжларга тезроқ жавоб бера олади ва унинг фаолияти лойиҳалар орқали инвестицияларни жалб қилиш билан чекланиб қолмайди. Maмлакатларда мавжуд муаммоларни тизимли асосда ҳал этишга, уларнинг иқтисодий барқарорлигини оширишга ва глобал ҳамда минтақавий иқтисодиётга интеграциялашувини чуқурлаштиришга, шунингдек, умумий глобал муаммоларга қарши курашишда ёрдам беришга қаратилган стратегия амалга оширилмоқда».

Қозоғистоннинг tengrinews.kz сайти ёзишича, 2013 йилда Сума Чакрабарти Олмаота шаҳрига келиб, Павлодар ва Шимолий Қозоғистон вилоятларидаги корхоналар активларини модернизация қилиш бўйича кредит шартномасини имзолади. Шартнома доирасида «Павлодарэнерго» АЖга (80 миллион доллар), «Севказэнерго» АЖга (40 миллион), «Павлодар РЭК» ва «Шимолий Қозоғистон РЭК» (9 миллион долардан) ЕТТБнинг кредит маблағлари ажратилди.

Чакрабарти Қироллик санъат жамияти аъзоси, Сассекс ва Шарқий Англия университетлари, шунингдек, Бухарест иқтисодий тақдиқотлар академияси фахрий фан доктори ҳамдир.

Уйланган, рафиқаси – Мари Сако япон миллатига мансуб бўлиб, Оксфорддаги Saïd Business мактабида менежмент бўйича дарс беради. Уларнинг битта қизи бор.

Таниқли мутахассис ЕТТБ президенти даврида бир неча бор Ўзбекистонга ташриф буюрган ва Шавкат Мирзиёев қабулида бўлган. Пандемия даврида эса видеоалоқа орқали музокара ўтказганди.

2018 йилнинг октябр ойида ЕТТБнинг Ўзбекистон бўйича мамлакат стратегияси қабул қилинди. Банк экспертлари кўмагида мамлакатимизнинг энергетика, банк ва молия соҳалари, капитал бозорини ривожлантириш ва мамлакатимизда рақобат муҳитини яхшилаш бўйича ислоҳотлар ишлаб чиқилмоқда ва амалга оширилмоқда.

Икки томонлама изчил ҳамкорликлар натижасида қўшма лойиҳалар портфели кенгаймоқда. Заём келишувлари имзоланиб, қиймати жами 600 миллион доллардан зиёд кредит маблағларини жалб этган ҳолда мамлакатимиз ҳудудларида энергетик ва коммунал инфратузилмани модернизация қилиш бўйича устувор инвестиция лойиҳалари тайёрланди. Хусусий сектор лойиҳаларига 100 миллион доллардан зиёд инвестиция киритилди. Албатта, бу ишларда Сума Чакрабартининг алоҳида хизматлари бор.

Ўзбекистон Республикаси ҳамда Европа тикланиш ва тараққиёт банки ўртасидаги стратегик шерикликни йўлга қўйиш ва кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтириш борасидаги улкан хизматлари учун президент Шавкат Мирзиёев шу йилнинг июлида Сума Чакрабартини «Дўстлик» ордени билан мукофотлаган эди.

«Ўзбекистон Республикаси президенти Мирзиёев мени иқтисодий ривожланиш, самарали бошқарув ва халқаро ҳамкорлик бўйича маслаҳатчиси этиб тайинлагани ҳақида эшитиб хурсанд бўлдим. Биз Ўзбекистонга ислоҳотлар дастурини амалга оширишда ёрдам беришдан мамнунмиз», – деб твит қолдирган Чакрабарти.

Усмонжон Йўлдошев

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг