Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Сингапур президенти Ҳалима Яқуб: «Мени халқнинг турмуш даражасини кўтаришдан бошқа нарса қизиқтирмайди»

Сингапур президенти Ҳалима Яқуб: «Мени халқнинг турмуш даражасини кўтаришдан бошқа нарса қизиқтирмайди»

17 январь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Сингапурга давлат ташрифи доирасида Сингапур Бош вазири Ли Сянь Лун ҳамда ушбу мамлакат Президенти Ҳалима Яқуб билан музокаралар бўлиб ўтди.

Сингапур – Осиё-Тинч океани минтақасининг иқтисодий маркази. Кўп йиллардан буён ушбу мамлакат электроника, кимё саноати, биотехнологиялар, банк соҳаси, логистика ва транспорт машинасозлиги каби муҳим тармоқлардаги муваффақиятларига таяниб, жаҳондаги энг йирик ва ривожланган иқтисодиётлардан бири бўлиб келмоқда. Бунда албатта етакчи мутахассисларнинг ўрни катта. Айнан Ли Куан Ю номидаги Давлат сиёсати мактаби дунёдаги энг юқори нуфузга эга бўлган давлат бошқаруви мактабларидан бири бўлиб, Осиё прагматизми ва Ғарб таълимининг энг илғор йўналишларини ўзида уйғунлаштирган.

Ушбу музокаралар орқали Ўзбекистоннинг давлат хизматчилари ушбу мактабда ўқиши ва малака ошириши келишиб олинди. Умид қиламизки, айнан шу давлат сиёсати мактабида ўқиб келган бизнинг давлат хизматчиларимиз ҳам Ли Куан Ю каби коррупцияга қарши қаттиқ курашга бел боғлайди.

Давлат сиёсати мактабига бежиз Ли Куан Ю номи берилмаган. Сингапур давлатининг собиқ бош вазири Ли Куан Ю порахўрлик билан қандай курашган?

У шундай ёзади: «Агар коррупцияни йўқ қилмоқчи бўлсангиз дастлаб ўзингизнинг энг яқин уч нафар дўстингизни фош қилинг. Сиз нимага шундай қилаётганингизни аниқ биласиз, улар ҳам худди шундай — нимага фош қилинганини аниқ билишади».

Сингапур давлати 1965 йилда мустақилликка эришгач қисқа муддатда энг ривожланган мамлакатлар қаторидан жой олишига шубҳа қилганлар кўп бўлган. Аммо Сингапурнинг собиқ бош вазири Ли Куан Ю ўзининг китобида давлатнинг ривожланишига оид жуда кўп қимматли фикрларини ўртоқлашган. Вазирлик лавозимига келганида, дастлаб иш бошлаганида шундай ёзади: «Менда иккита йўл бор эди: биринчиси юртни талаш, қариндош-уруғларимни атрофимга йиғиш, уларга мансаб бериш, уларни Forbes (дунёнинг энг бой одамлари рўйхати эълон қилинадиган журнал) рўйхатига киритиш, бунинг эвазига халқни ҳеч нарсасиз қолдириш. Иккинчи йўл: ўз халқимга хизмат қилиш ва мамлакатни жаҳондаги 10 та энг ривожланган мамлакатлар сафига қўшиш. Мен иккинчи йўлни танладим».

Ли Куан Ю ўзи ўйлаганидек, Сингапурни энг ривожланган давлатлар сафига қўша олди.

Айни пайтда Сингапур аҳолиси 6 млн киши. Паспорти жаҳондаги энг кучли паспортлардан. Йиллик даромад аҳоли жон бошига 85000 доллардан тушади, кирими 2 тириллион доллардан ошди.

Бундан беш йил олдин сайланган президент Ҳалима Яқуб хоним мақсадида оғишмай шу бошқарув талабларини қўллаб-қувватламоқда.

Ҳалима хоним ким ўзи?

Президент Ҳалиманинг бобоси ҳинд — оддий қоровул бўлган. У Ҳалиманинг ёшлик пайтида бедарак йўқолган. Беш фарзанд тарбияси онасининг қўлида қолади. Улар бир хонали уйда яшашган. Ҳалима, болалигини эсга олар экан, 10 ёшидан бошлаб онасига нон топишда кўмаклашгани ҳақида эслайди:

«Сингапурда вояга етганман, Аллоҳга шукр! Менинг оилам камбағал бўлишига қарамай, яхши таълим олишга ҳаракат қилдим. Натижада бу менинг сиёсий карьерам учун илк қадам бўлди ва камбағалларга ёрдам беришга имкон яратди».

Ҳалима Яқуб Сингапур Миллий университетини юриспруденция мутахассислиги бўйича ўқишни тамомлади. Сўнгра магистр даражасини олди. 2016 йилда эса ушбу университет унга «Фахрий ҳуқуқ доктори» унвонини берди. Сиёсатга киришдан олдин Ҳалима Касаба уюшмалари миллий конгрессида иштирок эта бошлади. У 2001 йилда сиёсий фаолиятини бошлаб, парламентга сайланган ва биринчи маротаба малайлик аёл сифатида депутат бўлган. 2011 йил ўтказилган сайловлардан сўнг, у ижтимоий ривожланиш, ёшлар ва спорт вазири, кейинчалик эса ижтимоий сиёсат ва оила вазири лавозимларига тайинланди.

2013-2017 йиллари парламент спикери бўлиб ишлади ва ушбу лавозимдаги биринчи аёлга айланди. 2017 йилда Ҳалима Яқуб президентлик лавозими учун бу курсини тарк этди. У «Яхшилик қилинг, бирга ишланг» шиори остида ўз компаниясини олдинга бошлади. Унинг ғалабаси сайловдан олдин эълон қилинди, чунки сайлов комиссияси ушбу лавозим учун бошқа номзодларга рухсат бермаган.

Ҳалима Яқуб сайловдаги ғалабасидан кейинги нутқида шундай дейди: «Мен сингапурликларнинг президенти сифатида ишонтираманки, ирқи, тили, динидан қатъи назар, ҳар бирингизга хизмат қиламан».

Атрофидаги ҳукумат мансабдорларига эса шундай дейди: «Аллоҳдан қўрқаман. Ким мен билан Сингапур халқининг манфаати учун шерик бўлиб ишламоқчи бўлса, мен унинг Аллоҳ йўлидаги синглисиман. Ташвишим — Сингапур халқининг турмуш даражасини кўтариш. Мени бошқа нарса қизиқтирмайди».

Ҳалима Яқубнинг беш фарзанди бор. Яманлик кишига турмушга чиққан. Университетни битиргандан сўнг оддий бир хонада истиқомат қилишади. Ҳалима Яқуб ва Муҳаммад Абдулла битта университетда ўқишган.  Ҳалима Яқуб ҳуқуқшунос, Муҳаммад Абдулла эса физик бўлган.  Университетда танишишган ва университетни тугатиб, икки йил ўтгач турмуш қуришган. Улар уй сотиб олишга пули бўлмаганидан ижарада яшашган ва ниҳоят 75 минг долларга 5 хоналик квартира сотиб олишган. 

30 йил давомида улар шу квартирасида яшашди ва оддий одамлардек ҳаёт кечиришди. Ҳалима хоним ҳар кун ўзининг аёл ёрдамчилари билан пойтахтдаги масжидда аёллар учун ажратилган бўлимда бомдод намозини ўқийди. Муҳаммад Абдулла аёлига ҳам руҳий, ҳам уй ишларида, ҳам фарзанд тарбиясида ёрдам  беради. У турмуш ўртоғи Муҳаммад Абдуллани ўзининг мақсадлари катализатори сифатида кўради.

У амалга оширган ишлардан сўнг ишсизлик атиги 1 фоизнигина ташкил қилади. Ўн мингга яқин катта корхоналар очилди. Одамлар иш билан таъминлангандан сўнг Сингапурда бузғунчилик йўқолди.

Сингапурдаги ишлаб чиқариш корхоналарига солинган барча солиқлар бекор қилинди.

Маълумот ўрнида қайд этиш керакки, Сингапур аҳолиси энг катта қисмини этник гуруҳ Хитой (74 %)лар, кейин Малайзия (13%) ва ҳиндулар (9%) ни ташкил этади. Мусулмонлар мамлакат аҳолисининг 14 фоизини ташкил қилади. 

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг