Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Сирли ўтмиш: ўз хотини томонидан заҳарлаб ўлдирилган тарихчи

Сирли ўтмиш: ўз хотини томонидан заҳарлаб ўлдирилган тарихчи

Фото: Xabar.uz

«Уруш алдашдан иборатдир» ҳадисига биноан, хон ҳазратлари бир тўда аскарни пистирмага қўйди ва бошқа бир тўдани эҳтиётга ташлади. Номдор паҳлавонлардан бир қисмини душманга қарши олдинга юборди...»

Ушбу жанг лавҳаси ўрта асрлар тарихига оид «Шарафномайи шоҳий» асаридан бўлиб, унда Мовароуннаҳрнинг машҳур ҳукмдори Абдуллахон таърифланган.

Соҳибқирон Амир Темурдан кейин Мовароуннаҳрда марказлашган давлатга асос солган Абдуллахон II Шайбонийлар сулоласидан бўлиб, парчаланган мамлакат ва минтақани бирлаштиришга уринди. XVI асрнинг 80-йилларида Улуғтоғдан (ҳозирги Қарағанда вилоятининг ғарбида, Сариқсув дарёсининг шимолида жойлашган тоғлик) Ҳилдманд дарёсигача, Сибир хонлигидан Машҳадгача бўлган катта ҳудудни Бухорода туриб бошқарган.

1583 – 1598 йиллардаги 15 йиллик ҳарбий юришлари, марказлашган давлат тузиш сари интилишлари ўз замонасидаёқ Абдуллахонни буюк ҳукмдор деб аташларига сабаб бўлди. Хусусан, Ҳофиз Таниш Бухорийнинг юқоридаги асари – «Абдулланома»да жуда кўп ўхшатиш, истиоралар мавжуд: «Ҳар бири қоронғу кечада жон олувчи ўқ билан чумолининг кўзини ва илоннинг кўксини уриб тешадиган, яшин нишонли найзасининг шуъласи билан душманларнинг оташдонига олов ёқадиган бир тўда лашкар билан жанг бошладилар», «ноғоранинг кучли овозидан осмон ҳушсиз бўлиб қолди. Ва фалак чархи юлдузни пахта қилиб қулоғига тиқди», «душманнинг инидан учириб юбордилар... Шундай ўқ уздиларки, қўрқувдан қуёшнинг юзи сарғайиб (ўзининг) сувдаги аксига ўхшаб қолди».

Хуллас, асар ўрта асрларга хос ҳукмдорни улуғлаш, салтанатда рўй берган ҳар қандай воқеани олампаноҳ билан боғлашдан иборат. Табиийки, Абдуллахоннинг шахсий воқеанависи бўлиб ишлаган Ҳофиз Танишнинг бундай ёзишдан бошқа иложи ҳам йўқ эди. Қолаверса, унинг отаси Мир Муҳаммад ал-Бухорий давлатдаги энг кўзга кўринган бойвачча инсонлардан бўлган, Убайдуллахоннинг энг ишончли кишиларидан саналган.

Ҳофиз Таниш Абдуллахон саройида тарихнавислик билан шуғулланди. «Абдулланома» унинг асосий асари бўлган. Унда фақатгина ҳукмдор, унинг ота-боболари ҳаётига тўхталиб қолинмай, Марказий Осиёда яшаб келган турк-мўғул қабилалари, Чингизхон ва унинг авлоди ҳақида, шунингдек, Мовароуннаҳрда барпо этилган меъморий обидалар, ўзга давлатлар билан Абдуллахоннинг алоқалари тўғрисида сўз юритилади. Жумладан, 1583 йили Абдуллахон томонидан Москвага юборилган элчилар туяларга жуда кўп ўқ-дори, ов қушлари ва бошқа матолар олиб келганлиги ҳақида ҳам тўхталиб ўтилган.

Асарда ўша даврда бўлиб турган урушлардаги жанговар ҳолат ҳақида ажойиб маълумотлар бор. Ҳофиз Танишнинг ёзишига кўра, қўшинлар асосан маймана (ўнг фланг), майсара (сўл фланг), қалб ёки ғул (марказ)дан ташкил топган. Қўшиннинг олдида ясовул (аванпост ёки кичик жосус гуруҳи), қоровул (қўшиннинг олди ён томонларида борадиган махсус бўлинма) турган. Ўз навбатида флангларнинг ҳам маълум қанотлари (чаноҳ) ва авангардлари бўлган. Марказ (қалб) деб аталган, лекин асосан эҳтиёт вазифасини ўтаган қисм бутун қўшиннинг учдан бир қисмини ташкил этган ва унга хон ёки султонлардан, амирлардан бири бошчилик қилган. Марказ ҳам бир неча сафдан иборат бўлиб, олдинги сафда турувчилар байроқдор жангчилар (туғчи) деб аталган. Байроқ ёнида турувчи қисмга ҳам султонлардан бири бош қилиб тайинланарди.

Ҳофиз Таниш асарига кўра, уруш майдонини белгилашга ҳукмдор ва саркардалар алоҳида эътибор беришган. Бунинг учун албатта сув ва бошқа табиий қулайликлар бўлиши шарт эди. Жанг майдонини танлаш ва у ерда қўшинни жойлаштирув товачи деб аталган амирлар зиммасига юклатилган. Юриш қилганда ёки қалъани мудофаа этганда маълум бир ҳарбий ҳийлаларга асосланилган. Агар юриш оз куч билан бўлганда қўшин, биринчидан, жуда секин ва эҳтиёткорлик билан ҳаракат қилган. Тўхтаган манзилларда эса, кўчманчи халқларнинг одати бўйича, лагер атрофини аравалар билан ўраб, уларни бир-бири билан занжирлаб қўйганлар. Ташқарисидан эса катта ва чуқур хандақлар қазилган. Бундай шароитда кунига 7-8 км йўл босиларди. Қалъани мудофаа қилганда эса қўшин уч сафга тизиларди.

Биринчи саф қалъа девори ёнида туриб, хандақ ва бошқа мудофаа истеҳкомларини босиб ўтмоқчи бўлган душманни қарши олар эди. Иккинчи саф хандақ ёнида саф тузиб, душманни хандақдан ўтказмаслик вазифасини ўтарди. Ниҳоят, учинчи саф қалъадан чиқиб ва хандақдан ўтиб, бирор қулай жойда пистирмада турар ва қалъага ҳужум қилаётган душманни ён томондан ўққа тутарди.

Хуллас, «Абдулланома-Шарафномаи шоҳий» асарида Ҳофиз Таниш шундай воқеаларни қаламга олган. Афсуски, муаллиф ўз асарини тугаллашга улгурмаган ва хотима қисми ёзилмай қолган. Бунга сабаб, малеҳо Самарқандийнинг «Музаккир ул асҳоб» асарида ёзилишича, оилавий низолар натижасида Ҳофиз Таниш 1589 йили ўз хотини томонидан заҳарлаб ўлдирилган.

Умид Бекмуҳаммад,
тадқиқотчи

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг