Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Ая-Софияда одам суратлари бор: у ерда намоз ўқиш учун қандай чора қўллашмоқчи?

Ая-Софияда одам суратлари бор: у ерда намоз ўқиш учун қандай чора қўллашмоқчи?

Фото: «Hurriyet.com.tr»

Турк ҳукумати Истанбулдаги Авлиё София (Ая-София) обидасида намоз ўқиш учун муносиб шароит яратиш масаласини кўриб чиқяпти. Хусусан, намоз вақтида девордаги мозаика ва фрескалар кўринмаслиги учун махсус ёритиш техникасидан фойдаланиш кўзда тутилган, дея хабар берди «Hurriyet» газетаси.

10 июль куни мамлакат олий маъмурий суди — Туркия давлат кенгаши 1934 йилда Истанбулдаги Авлиё София ибодатхонасини музейга айлантириш тўғрисидаги қарорини бекор қилгани тўғрисида хабар бергандик. Шундан кейин Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон обидани масжидга айлантириш ҳақидаги фармонни имзолади.

Нашрнинг таъкидлашича, Туркия президенти маъмурияти мамлакат маданият ва туризм вазирлиги ҳамда дин ишлари бўйича бошқарма билан ҳамкорликда 24 июль куни Авлиё София мажмуасида биринчи намозни ўқиш учун тайёргарлик ишларини олиб бормоқда.

Таклиф этилаётган яна бир йўли — намоз пайтида мозаика ва фрескаларни парда билан тўсиб қўйиш. Шунингдек, сайёҳлар жойнамозларни босмаган ҳолда обидани зиёрат қилиши учун махсус йўлакчалар ташкил этиш режалаштирилмоқда.

Экспертларнинг таклифлари Туркия президенти маъмуриятига тақдим этилган, деб ёзади газета. Ушбу масала юзасидан сешанба куни қарор қабул қилиниши кутилмоқда.

«Twitter»даги Авлиё София музейи саҳифаси ёпилган. Туркия маданият ва туризм вазирлиги сайтида унинг номи «Авлиё София жоме масжиди» (Büyük Ayasofya Camii)га ўзгартирилган.

Авлиё София ибодатхонаси милодий VI асрда император Юстиниан буйруғига биноан барпо этилиб, 537 йил 27 декабрда очилган. Турклар Константинополни забт этгач, Византия империяси қулагач, 1453 йилда ибодатхона масжидга айлантирилган. Бироқ 1935 йилда замонавий турк давлати асосчиси Мустафо Камол Отатурк унга музей мақомини берган ва ЮНЕСКО бутунжаҳон мероси объектлари рўйхатига киритилганди.

Ая-Софияни масжидга айлантириш қарори баъзи давлатларнинг норозилигига сабаб бўлди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг