Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Сўнгги Хоразмшоҳ. Миср султонига айланган собиқ қулнинг ҳаёти

Сўнгги Хоразмшоҳ. Миср султонига айланган собиқ қулнинг ҳаёти

Ҳаётнинг баланд-паст йўллари инсонни тақдирнинг эҳтимолий бурилиш нуқталарига тайёрлайди. Қаҳрамонимизнинг ҳам ҳаёт йўли турли ўнқир-чўнқирликларга тўла. У бир мамлакатнинг шаҳзодаси эди. Лекин тақдир шаҳзоданинг оёқ-қўлига кишан уриб, қулликка маҳкум этди. Аммо, қулликка маҳкум этилган шаҳзода кун келиб буюк моҳир саркарда ва Миср султони бўлиши ҳеч кимнинг ҳаёлига келмаганди. 

Қуйида Хоразмшоҳларнинг сўнгги вакили, мурғак кўзлари билан мўғуллар томонидан она ватаннинг вайрон қилинишини кўрган, «Мўғуллар ғолиби» номи билан тарих зарварақларидан жой олган Сайфиддин Қутуз ҳақида ҳикоя қиламиз.

Мўғулларнинг Ислом оламига босқини

XI асрнинг охири, XII асрнинг бошларида ер юзида янги куч пайдо бўла бошлади. Бу куч қора булут мисоли аста-секин ер юзини қоплаб келарди. Ижтимоий-иқтисодий ва маданий жиҳатдан қолоқ ҳисобланган мўғул-татар қабилалари кучли давлат барпо қилиш учун бирлашиб, дунё ҳукмронлиги учун кураш бошлади. Бу кучнинг бошида Чингизхон (асл исми Темучин) исмли саркарда бўлиб, мўғуллар забт этган ерлар Япон ва Сариқ денгизларидан Иртиш дарёсигача, Сибир ерларидан Хитойгача бўлган катта ҳудудни ўз ичига олган эди. Мўғулларнинг ваҳшийларча қилган ишлари ақлга сиғмас даражада эди. Улар халқни оммавий тарзда қиличдан ўтказиб, аёллар ва болаларни қул қиларди. Ҳатто, бешикдаги чақалоқ ҳам улардан омон қолмаган. Ислом тарихчиси Муаффиқ Абуллатиф ўзининг «Хабарут-татар» номли китобида мўғулларни қуйидагича таърифлаган: «Уларнинг мақсади мансаб ёки бойликка эришиш эмас. Аксинча, одамларни қирғин қилиб, дунёни вайрон қилиш бўлган».

Сайфиддин Қутуз дунёга келган даврда дунё янги ўзгаришлар остонасида эди. У XIII асрнинг биринчи ярмида Хоразмшоҳлар ҳудудида туғилган. Лекин баъзи манбаларда, ҳозирги Туркия ҳудудида дунёга келгани ҳам айтилади. Мисрлик тарихчи Абул Аббос Аҳмад ал-Макризийнинг ёзишича, Сайфуддин Қутузнинг асл исми Маҳмуд Ибн Мадуд бўлган. Қутуз исмини уни асир олган мўғуллар берган.

Шаҳзоданинг қулга айланиши

Сайфиддин Қутузнинг онаси Жалолидди Мангубердининг опаси бўлган. Ёш Сайфиддин мурғак кўзлари билан мўғуллар қандай қилиб Хоразмшоҳлар давлатини талон-тарож қилинганини кўрди. Бундан ташқари, у ўз яқинларини чўктиришга мажбур бўлган тоғасининг оҳу-фарёдига гувоҳ бўлди. Сувга ғарқ бўлаётган яқинларининг фарёдини кўрган Қутуз, вақти келиб мўғуллардан қасос олишга қасам ичади. Бу вақтда ёш шаҳзода неча ёшда бўлганлиги ҳақида аниқ маълумот йўқ.

Жалолиддин Ҳиндистон томонга чекинаётганида қўққисдан мўғуллар ҳужумига учрайди. Шунда мўғуллар кўп инсонларни ўлдириб, бир қисмини асир олади. Булар орасида Жалолиддиннинг ёш жияни Маҳмуд ибн Мамдуд ҳам бор эди. Мўғуллар унга Кутуз – «қопоғон ит», деган ном беришди.

Қул қилинган Сайфиддин Қутузни мўғуллар Дамашқдаги қул бозорига олиб боришди. Ўша вақтда Мисрда ҳокимиятда бўлган Аюбийлар қулларни сотиб олиб, уларни тарбиялаб қўшин тузишган. Маълумотларга кўра, ўша вақтда султоннинг ноиби ҳам маъмлук (қул) бўлган. Дамашқдаги қул бозоридан Сайфиддин Қутузни Ибн Займ сотиб олади. У киши маъмлуклардан бўлиб, Займ ёш Сайфиддинга ислом ва ҳарб илмидан сабоқ бера бошлайди. Орадан вақт ўтиб Қутуз Қоҳира шаҳрига кўчиб ўтади. У Миср ҳукмдори Ал-Муизза Иззуддин Ойбекнинг хизматига киради. Вақт ўтиши билан Сайфуддин Қутуз Иззуддин Ойбекнинг энг ишончли саркардаларидан бирига айланди.

Миср ҳокимиятининг Қутуз қўлига ўтиши

1254 йилда бахрийлар амири Оқтой бошқа амирлар билан тил бириктириб, султон Ойбекка қарши бош кўтаради. Аммо, бошқа тарихий маълумотларга кўра, амир Оқтойнинг маъмлуклар орасида нуфузи ошиб кетган. Сабаби, 1253 йилда Мисрда йирик қўзғолонлар бўлиб, бу қўзғолонларни амир Оқтой бостирган. Оқтойни обрўси ошиб кетишидан қўрққан султон Ойбек уни ўлимга маҳкум этади. Оқтойга яқин бўлган Рукниддин Бейбарс (Миср султони), Қалаун ва бошқа мамлуклар ҳам ўзларини шундай тақдир кутаётганидан қўрқиб, Сурияга қочиб кетишади.

1257 йилда Иззуддин Ойбек фитначилар қурбони бўлди. Сайфуддин Қутуз ўзининг ҳарбий кучидан фойдаланиб, Ойбекнинг 15 ёшли ўғли Ал-Мансур Нуруддинни тахтга ўтказади. Шу орқали Қутуз ҳокимиятни том маънода қўлга киритди. Қутуз Рукниддин Байбарс ва бошқа мамлук амирларига мактуб ёзиб, улардан Мисрга қайтиб келишини сўрайди. Шундай сўнг Байбарс Мисрга қайтиб келди. Қутуз Байбарсни Ливия чўлидаги воҳаларнинг амири этиб тайинлайди.

Мўғуллар Ўрта аср дунёсидаги насронийлари учун ҳам, мусулмонларга ҳам енгилмасдек туюлар эди. Сабаби, ҳали ҳеч бир куч уларни тўхтата олмаганди. Шом шаҳарларидан Қоҳирага қочиб келган мусулмонлар мўғулларнинг ваҳшийликлари ҳақида гапириб, барчани даҳшатга солишар эди. Бу вақтда Мисрнинг ёш султони Ал-Мансур Нуруддиннинг парвойи фалак бўлиб, ўз тенгқурлари билан ўйин ўйнашдан бўшамасди. Бундан ташқари, ёш султон онасининг гапидан ташқарига чиқмас эди. Бир куни Сайфуддин Қутуз тенгдошлари билан эшак устига чиқиб ўйнаётган ёш султонни кўриб, оғир хўрсиниб шундай дейди:

«Мисрнинг султони шуми? Чиндан ҳам шаҳарларни шундай масъулиятсиз ўспирин бошқариши кулфатдан бошқа нарса эмас. Давлатни мен бошқараётган эканман, унинг тақдири учун хавотир олмасам ҳам бўлади. Мен султоннинг ноибиман. Шу фурсатдан бошлаб султоннинг ўйин қароқлиги мени чалғитмайди. Унга таълим ва танбеҳ беравериб чарчадим»,

Бағдоднинг қулаши

Бир куни Сайфуддин Қутузнинг ҳузурига чопар келиб, унга юборилган иккита мактуб тақдим этади. Қутуз бирма-бир мактубларни ўқишга киришади. Биринчи хатни ўқиб тугатмай унинг юзи ўзгариб, кўзларидан ёш оқа бошлайди. Шунда вазир кириб, қайғуга ботиб тургани султондан «амирим сизни нима ташвишга солди?” деб сўрайди. Қутуз эса унга «билимлар ўчоғи бўлган Бағдод мўғуллар ҳукмдори Ҳулокунинг пойига қулабди», дея жавоб беради. Бу вақтда тарих солномалари 1258 йилни кўрсатаётган эди.

1258 йил 20 февраль куни Ҳулоку бошчилигидаги мўғул қўшини Бағдодни ишғол қилиб, мусулмонлар халифаси Мутасимни ваҳшиёна қатл қилишди. Тарихий маълумотларга кўра, мўғуллар шаҳарда 40 куни қатлиом уюштириб, бир миллионга яқин мусулмоннинг қонини тўкишган ва довруғи дунёга ёйилган «Мактабатул Бағдод» номли кутубхонага ўт қўйишган. Мўғуллар Шом диёрларини қўлга киритгач, ўзларининг минглаган қўшинлари билан Араб ярим оролига қараб юриш бошладилар.

Қутуз мўғуллар кун келиб Мисрга ҳам бостириб келишларини биларди. Доктор Али Саллабий ўзининг «Ал-мағлут байнал вал инқисор» номли китобида мўғулларни Мисрга боришга туртки бўлган қуйидаги фактларни келтирган:

Биринчи – мўғуллар кенгайтириш сиёсати билан бир мамлакатни босиб олса, албатта, кейингисига ўтар эдилар. Демак, уларни Фаластиндан кейинги босиб олмоқчи бўлган ери Миср бўлган.

Иккинчи – Ислом дунёсида Мисрдан бошқа мўғулларнинг ҳужумини бартараф қила оладиган мусулмон давлати қолмаганди. Ислом давлатлари, қалъалари, шаҳарлари деярли қулаб, фақат Миср қолган эди.

Учинчи – Миср муҳим стратегик жой бўлган. Чунки у эски цивилизациянинг марказида жойлашган бўлиб, жаҳоннинг асосий савдо йўли эди.

Тўртинчи – Миср Шимолий Африкага олиб ўтувчи дарвоза ҳисобланган. У вақтда мағриб катта ўлка эди. Миср қуласа, Мағриб ҳам ҳужумларга дош беролмай, парчаланиши турган гап эди.

Бешинчи – Мисрда давлат бошқаруви яхши бўлиб, кўп муваффақиятларга эришган исломий ҳаракатлар, динда собит туриш ҳамда мўғуллар босқинидан қочиб келган олимлар бор эди. Улар бирлашиб мўғуллар босиб олган шаҳарларни қайтариб олишларидан хавфсирашган.

Мўғулларга қарши маҳораба

Бундай нозик вазиятда Сайфиддин Қутуз ҳокимиятни тўлиқ қўлга олишга киришди. У 1259 йилда ов қилиш учун пойтахтни тарк этган 15 ёшли султон Ал-Мансур Нуруддинни тахтдан ағдариб, ўзини султон деб эълон қилди. Лекин бу ишдан айрим амирлар норози бўлишди. Қутуз эса уларга қараб «Бу ишни ҳокимиятни эгаллаш учун қилмадим. Мен бу ишни мўғулларга қарши курашиш учун амалга оширдим. Бу иш эса фақат кучли ҳукмдорнинг қўл остида амалга ошириш мумкин. Агар биз юриш қилиб мўғулларни енгсак, ундан сизлар истаган одамингизни султон қилиб олишингизга рози бўламан», дейди. Шундан сўнг амирлар Сайфиддин Қутузни султон деб тан оладилар. Бир вақтлар Мисрга қул бўлиб келган Хоразмшоҳлар авлоди Қутуз энди бутун Мисрнинг султонига айланди. Энди унинг олдида бир вазифа турарди. У ҳам бўлса, уни қул қилиб сотиб юборган мўғуллар билан жанг қилиш эди.

Сайфиддин Қутуз вақтни бой бермай мўғуллар устига юриш қилиш учун ҳозирлик кўра бошлади. Шу пайт мўғуллар хони Ҳулокудан унга хат келди. Мактубда шундай ёзилган эди:

«Сизлар, сизлардан илгари бизларга қарши чиққан мамлакатларнинг бошига не кунлар тушгани ҳақида фикрланглар. Биз қандай қилиб улкан салтанатни барпо этганимиз ва ер юзини тартибсизликлардан қай тарзда тозалашимиз ҳақида биласизлар. Биз улкан ҳудудларни босиб олдик ва кўплаб инсонларни ўлдирдик. Сизлар бизнинг даҳшатимиздан қочиб қутула олмайсизлар... Бизнинг отларимиз тезкор, бизнинг камонларимиз учқур, бизнинг қиличларимиз яшин уриши кабидир. Бизнинг юракларимиз қўрқмас, бизнинг аскарларимиз қум каби кўп. Қалъалар бизни тўхтата олмайди, қўл билан бизларни енгишнинг иложи йўқ. Худоингизга қилган илтижоларингиз сизларни қутқара олмайди. Бизни кўз ёшларингиз ва оҳу нолаларингиз ҳам тўхтата олмайди. Фақатгина биздан ҳимоя сўраганлар ва бизга тобе бўлганларгина омон қоладилар. Уруш олови шаҳрингизни кул этмасидан жавобингизни тезлаштиринг».

Қутуз жавобни узоқ куттирмади. У мўғул элчиларининг бошларини танасидан жудо қилдириб, Қоҳира ва Баб Зувейла шаҳарлари дарвозаларига осиб қўйдирди. Қутуз душманга биринчи бўлиб зарба бериш учун ўз қўшини билан Мисрдан Фаластин диёрларига қараб йўлга отланди. Қутуз қўшинининг сони қанча бўлганлиги аниқ эмас. Р.Ирвиннинг фикрига кўра, Қутуз қўшини 100 минг аскар атрофида бўлган. Бироқ, Қутуз аскарларининг асосий қисмини тажрибасиз жангчилар ва туркман кавалерияси ташкил этарди. Юришга тайёргарлик амир Рукниддин Бейбарс ўзининг тарафдорлари билан Қутузнинг сафига келиб қўшилди. Шунингдек, Миср султони қўшини сафига, мўғуллар таъқибидан Сурияга сўнг Мисрга қочиб келган шахразур-курдлар ва айюбийлар султони Ал-Мансур ҳам келиб қўшилган. 

   

Сайфиддин Қутуз Бейбарсга ўз қўшини билан ҳозирги Ғазо ҳудудига юриш қилишни буюради. Сабаби, бу ерда мўғуллар эгаллаб олган кичик қалъа бор эди. Миср султони Қутуз Қуддус қироллиги билан битим тузишга муваффақ бўлади. Сабаби, султон ўз қўшинини насронийлар назорати остидаги Акра (Қуддусдаги қалъа) орқали муаммосиз олиб ўтишни режа қилган. Бундан ташқари, ўша вақтда насронийлар ҳам мусулмонлар ҳам мўғулларни умумий душман, деб билишган. Қутуз қўшини Акра шаҳрида уч кун дам олиб, захираларни тўлдиради.

Маълумотларга кўра, Ҳулокуга қарши кураш учун мамлуклар султони Сайфиддин Қутуз ва Беркахон иттифоқ тузган. Чунки Қутуз ва Беркахон Хоразмшоҳлар авлодидан ҳисобланган. Яъни иккиси ҳам султон Жалолиддиннинг жияни бўлган. Келишувга кўра, Беркахон шимолдан, Қутуз эса жанубдан Ҳулокуга зарба бериши керак эди. Ҳулоку Беркахон келаётгани эшитиб, Сурияда кичик бўлинма қолдириб, Эрон томонга чекинади. Айрим маълумотларга кўра, бу вақтда мўғулларнинг тўртинчи буюк хоқони Мунке вафот этади. Ҳулоку ҳокимият ворислиги масалаларини ҳал қилиш учун Сурияда катта қўшин қолдириб, ортига қайтиб кетган.

1260 йилнинг сентябрь ойида мўғуллар Иордан дарёсидан кечиб ўтишди. Бу ерда уларни Сайфиддин Қутуз кутиб турган эди. Икки қўшин Айн-Жалут кенглигида тўқнашди. Мамлуклар (мисрликлар) жанг бўлаётган ҳудудни яхши билишар эди. Қутуз бу устунликдан фойдаланишга қарор қилади ва қўшиннинг катта қисмини тоққа яширади. У мўғулларни тоғ ҳудудига олиб бориб, пистирмадан ҳужум қилишни режалаштиради. Мўғулларни пистирма томон Бейбарс бошчилигидаги оз сонли қўшин олиб бориши зарур эди.

Жангдан олдин Сайфуддин Қутуз устози Изиддин Абдусаломга агар бу жангда мағлуб бўлса, Байтуллоҳ (Каъба) хатарда қолишини, пайғамбар Муҳаммад алайҳиссаломнинг қабрларига катта хавф пайдо бўлишини айтиб кўзларига ёш олади. Шунда Изиддин Абдусалом султон Сайфуддин Қутузга учта ишни бажаришни айтади.  Биринчиси – барча жангчилар рўзадор бўлиши, Иккинчиси – барча аскарлар тақвода бўлиши. Учинчиси – жангга кираётганда баланд овозда такбир айтиш.

Эрта тонгда ҳар икки томондан ноғоралар чалиниб, уруш бошланди. Сайфуддин Қутуз аскарларини руҳлантириб «Бугун ўзимизни, фарзандларимизни, ерларимизни ҳимоя қилиш учун эмас, Ислом учун жанг қиламиз. Эй мусулмон жангчилари ютқазсангиз Ислом қўлдан кетади. Эй қудратли жангчилар агар ютқазсангиз ортингизда ётган пайғамбаримиз ҳимоясиз қолади. Исломни топшириб қўйсак, эртага расулуллоҳга нима деб жавоб берамиз? Эй Ислом аскарлари Исломни ҳимоя қилинг», дейди. Бу сўзларни эшитгач Қутуз қўшини шундай такбир айтадики, бутун Айн-Жалут водийи ларзага келди.

Рукниддин Бейбарс ўйланган режани амалга ошиши учун мўғул қўшинини ҳужумга ўтишга ва ўзини таъқиб қилишларига қўйиб бериши керак эди. Мўғуллар мисрликлар ўйлаб қўйган режа асосида ҳаракат қилди. Жанг майдонида минглаб инсонлар жон талвасасида бақирар, қон дарё мисоли оқаётган эди.  Мўғул қўшини навбатдаги шиддатли ҳужум уюштирган вақтда Бейбарс ва унинг одамлари вазиятдан моҳирона фойдаланиб чекина бошлади. Шу  пайтда мўғулларнинг ҳужуми Қутуз қўшинининг чап қанотини тарқатиб юборди. Шунда Сайфиддин Қутуз дубулғасини ечиб «Эй Ислом, Ё Аллоҳ, қулинг Қутузга мўғулларни мағлуб этишга ёрдам бер» деб жангга кирди. Бундан руҳланган мусулмонлар мўғулларга бор кучлари билан ҳужумга ўтишди. Бир неча соат ўтиши билан Қутуз қўшини душманнинг асосий кучини яксон қилди. Мўғуллар ортга чекина бошлади. Лекин бу ҳали тўлиқ ғалаба дегани эмасди. Қутуз душманни Байт-Шеангача тақиб қилиб келганида, душман аввалгидан ҳам кучлироқ ҳужум қилади. Мўғулларнинг ҳарбий тактикаси шундай эди. Яъни, ўзларини чекинаётгандай кўрсатиб, пистирмада турган қўшимча куч билан душманга қайта ҳужум қилишган. Бироқ бу тактика ушбу жангда самара бермади. Қутуз қўшини мўғулларни иккинчи бор мағлуб этди.

Бу жанг мўғулларнинг Ислом оламига бостириб киришни бошлаганидан бери биринчи катта мағлубияти бўлди ва қайсидир маънода мўғулларнинг ғалабали юришларига якун ясади.

Сайфуддин Қутузнинг бюсти

Фитна қурбони бўлган султон

Душманни ер тишлатган Қутуз отдан тушиб ерни ўпиб, ғалаба шукронасига икки ракат намоз ўқиди. Музаффар Сайфиддин Қутуз Айн-Жалутдаги ғалабасидан сўнг, Мисрга дарҳол қайтмади. У мўғулларни тақиб қилиб, Шом диёрларидан бутунлай қувиб чиқаради. Узоқ йиллардан бери мусулмонлар қалбини эгаллаб келган қўрқув маҳв этилгач, уни бир оддий афсона эканлиги аён бўлди. Берйбарс мўғулларни тақиб этиб, Сурия ҳудудидаги Ҳалаб қалъасини эгаллашни истади. Аммо, бунга султон Сайфиддин Қутуз изн бермади. Натижада Бейбарс ва Қутуз ўртасидаги муносабатга дарз кетди.

Сайфиддин Қутузнинг буюклиги Айн-Жалутдаги мўғулларни мағлуб этганида эмас, балки Ислом умматини мағлубият ботқоғидан олиб чиқиб,  ғалаба сари етаклаганида эди. Афсуски, мусулмонлар ичидаги ўзаро низо туфайли Қутуз Мисрга етиб бора олмади.

Султон Мисрга қайтаётганида Ғазо яқинида қароргоҳ қурди. Амир Бейбарс бир гуруҳ амирлар билан ўзаро фитна тузди. 1260 йил 25 октябрь куни Бейбарс Сайфиддин Қутузга яқинлашиб, ундан мўғуллар асир олган туркий (қипчоқ) қизни совға қилишни сўрайди. Усултондан розилик олиб, султоннинг қўлини ўпади. Бу фитначилар учун ишора эди. Шунда амирлар Қутузни ўраб олиб, ўз султонларининг кўксига ханжар қадаб ўлдиришади. Мисрлик сарой йилномачиси Абд ал-Зоҳирнинг сўзларига кўра, Рукниддин Байбарс ҳалокатли зарбани берган бўлса-да, бу ишни мамлук Анас ас-Силаҳдар қилган бўлиши ҳам мумкин. Сайфиддин Қутузнинг ўлимидан сўнг Бейбарс Мисрнинг янги султон, деб эълон қилинди.

Сардор Али 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг