Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Субсидиялар бўйича ягона очиқ портал яратиш таклиф қилинди

Субсидиялар бўйича ягона очиқ портал яратиш таклиф қилинди

Фото: Президент матбуот хизмати

«Сўнгги йилларда иқтисодиёт тармоқларига туртки бериш учун илгари тарихимизда бўлмаган имтиёзларни жорий этишга мажбур бўлдик. Бугун улардан натижа, сабоқ, тажриба қандай бўлди, деган саволга жавоб топиш керак. Бюджетдан ажратилган ҳар бир сўмнинг ҳисоб-китобини жойига қўйиш, имтиёзларнинг самарадорлигини ошириш зарур», — деди Шавкат Мирзиёев бугунги йиғилишда.

Шундан келиб чиқиб, Бош вазир ўринбосари ва молия вазирига барча имтиёз ва субсидияларнинг натижадорлиги кўрсаткичларини белгилаб, улардан самарали фойдаланиш бўйича қатъий назорат тизимини жорий этиш топширилди.

Ҳисоб палатасида мониторинг бўлими ташкил этиб, имтиёзлар самарадорлигини доимий таҳлил қилиб бориш вазифаси қўйилди.

Солиқ ва божхона имтиёзларини хатловдан ўтказиб, самарасизларини бекор қилиш, хорижий ва маҳаллий инвесторлар учун берилган имтиёзларни бир хиллаштириш зарурлиги таъкидланди.

Ҳудудлар кесимида олганда, солиқ имтиёзларининг 31 фоизи Тошкент шаҳрига тўғри келмоқда. Қорақалпоғистон Республикаси, Жиззах, Хоразм ва Сурхондарё вилоятларининг улуши 2 фоиздан ошмайди. Лекин Сурхондарёнинг Олтинсой туманида ҳам, Тошкент шаҳрининг Миробод туманида ҳам тадбиркорлар учун белгиланган талаблар, солиқлар, имтиёзлар, субсидия, компенсация ва преференциялар бир хил.

Шу боис давлатимиз раҳбари солиқ имтиёзларини ҳудудларнинг ривожланиш даражасидан келиб чиқиб белгилаш бўйича кўрсатма берди.

«Энди жойларга бориб, манзилли қарорлар қабул қилиб, имтиёзлардан тўғри фойдаланиб, чекка-чекка туманларни ҳам ривожланиш йўлига олиб чиқиш керак», — деди Президент.

Аҳоли ва тадбиркорларнинг бу борада хабардорлигини ошириб, имтиёзлардан фойдаланиш қамровини кенгайтириш зарурлиги қайд этилди. Субсидиялар бўйича ягона очиқ портал яратиб, барча имтиёзларни босқичма-босқич шу орқали бериш таклифи билдирилди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг