Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Сукунатсиз Андижон

Сукунатсиз Андижон

Фото: Фейсбук

Баъзан ўйланиб қоламан, энг гўзал жой, тенги йўқ шаҳар қаерда? Шошиб, борган шаҳарларимни эслайман, Самарқандми, Бухорои шарифми ёки Хивадир!? Ҳа, тенги йўқ шаҳарлар, асрларнинг дурдона шаҳри.

Лекин...

Ҳар сафар шаҳримдан четга чиқар эканман, узоқлашганим сари бир нарсадан кўнглим тўлмайди. Нимадир эсдан чиққанми дейман, йўқ ҳаммаси жойида. Сафарнинг илк кунлари рисоладагидек ўтади. Аммо 3 кундан сўнг тезроқ довон узра Андижонга етиб олишни истайман.

Мен бу шаҳарда туғилганман, ўсганман ва ўсяпман. Қайсидир манзараси ёки табиати такрорланмасдир, лекин бозорлари ҳеч қаерда йўқ. Болалигим, бозорчилигим ўтган Булоқбоши бозорлари, кийим-кечак учун борган янги бозор, китоблар учун борган китоб бозори — буларнинг барида ўзгача файз бор.

Ҳар сафар бозорга борар эканман янги танишлар, янги чеҳралар, янгича нарсалар оламан, муомала ўрганаман.

Болалигим ўтган бозорларда ким ўзарга маҳсулотини «реклама» қилаётган холалар, иссиқда газетадан «шапка» кийган бозорчи акалар, ўзим тенгги нон сотиб ўтирган болалар, якшанба бозорига бир кун олдин нарсаларини олиб-келиб, «пойлоқчилик» қиладиган йигитлар, кечаги салатнинг устига янгисини солиб, «свежий» деб сотган опалар, фақатгина кўкат сотган пули билан кун кўрадиган оталарни, оналарни кўрганман.

Якшанба кунгидақа шиддатли, шовқинли бозорни кўрмаганман. Шаҳардаги макро, редтаг, корзинка мен учун бозор эмас. Ўз номи билан супер-маркет. Бозорнинг тафти, иси, меҳри, одамлари бошқача. Қўлингга кирган нарсани ўзинг айтган нархга туширмагунингча савдолашаверасан. Бўлса бўлди, бўлмаса навбатдаги растага ўтиб кетаверасан.

Бозор...
Сон-саноқсиз расталар, жуда кўп савдогарлару, шунча харидорларга лиқ тўла бозор.

Алдоқчи бозор...
Бир ҳафта олдин узилиб, кеча олиб келиб, тушликда келган савдогарга эндигина олиб келдим деб, сўлиган қовун-тарвузни қўлтиқлатиб қўйган алдоқчи бозор.

Бой бозор
Фақат катта фарзандингга уст-бош қилгани етгулик пулинг бору, кичигингни иссиқда ҳам калач кийиб юрганини эслаганингда, тапичкаси учун ҳам пулингни еткиздириб қўядиган бой бозор.

Совчи бозор
Баъзан эски савдогар танишингни учратиб қолиб, ўғлингга келин истаётганингни эшитибоқ, ёш савдогар қизларнинг манзилини бергувчи совчи бозор.

Тўй бозор
Фақат суннат, бешик, никоҳ тўй учун борадиган тўй бозор. Бу пайтда йўқ нарсанинг ўзи йўқ бўлади. Истаганки нарсангга қўшимча ҳам оласан.

Бозор, бозор, бозор...

Кўрганларим, кечирганларим, йўқотганларим, топганларим, билганларим ва билмаганларимни ўргатган бозор.

Авазбек Файз

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг