Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Талабалар учун SQB стипендияси жорий этилди — «Ўзсаноатқурилишбанк»

Талабалар учун SQB стипендияси жорий этилди — «Ўзсаноатқурилишбанк»

Ўзсаноатқурилишбанк томонидан республикамиз олий ўқув юртлари, хорижий давлатлар олий таълим муассасаларининг Ўзбекистондаги филиаллари ҳамда чел элдаги таълим муассасаларида таҳсил олаётган ўзбекистонлик фуқаролар учун SQB стипендияси жорий қилинди. Стипендия миқдори республика ҳудудида ўрнатилган меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 2 баробаригача этиб белгиланади.

SQB стипендияси молия, иқтисод, ахборот технологиялари, математика, ҳуқуқ ва банкнинг бизнес жараёнлари билан боғлиқ бошқа зарур мутахассисликлари бўйича бакалавр йўналишининг 3-4-босқич ва магистратура бўлимида таҳсил олаётган иқтидорли, ташаббускор, замонавий фикрлайдиган, юқори билим ва малакага эга, хорижий тилларни мукаммал эгаллаган ҳамда ўқишни муваффақиятли давом эттираётган (тамомлаётган) талабаларни танлов ва саралаб олиш асосида тўланади.

Бунда талаба-ёшларнинг ўқув жараёнида юқори рейтинг кўрсаткичларга эга бўлиши, давлат ва хорижий тиллар (камида битта)ни мукаммал билишига алоҳида эътибор қаратилади. Шунингдек, талабгорлар SQB стипендияси бўйича банк тизимида тузилган Экспертлар гуруҳи томонидан суҳбат ва тест синовларидан ўтказилади.

Банк фаолиятига оид фанлар, ахборот технологиялари, математика йўналиши бўйича халқаро ёки республика олимпиадаси совриндорларига эса танлов якунида устуворлик берилади.

– Мазкур лойиҳа банк тизимида ишлаб чиқилган янги HR стратегияси асосида амалга оширилмоқда, – дейди Ўзсаноатқурилишбанк Ходимларни бошқариш департаменти директори А.Нодиров. – Бунда банкни трансформация қилиш жараёнида кадрлар сиёсатини самарали юритиш, хусусан, ходимлар захирасини ўқишда, илмий изланишда ҳамда ижтимоий ҳаётда фаол бўлган иқтидорли, ёш кадрлар билан тўлдириш ва шу билан бир қаторда олий ўқув юртлари талабаларига банк ва ахборот технологиялари йўналишларида профессионал фаолият бошлашлари учун қулай имконият яратиш мақсади кўзда тутилган.

SQB стипендияси танловида иштирок этиш ва номзодлардан ҳужжатлар қабул қилиш тўғрисида батафсил яқин кунларда эълон қилинади.

Банк Ахборот хизмати

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг