Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

«Танк билан пашшани отяпмиз. Қаранг нима бўляпти?» — иқтисодий таҳлилчи Абдулла Абдуқодиров (видео)

Жорий йилнинг 3-4 ноябрь кунлари Самарқанд шаҳрида Ўзбекистон иқтисодий форуми бўлиб ўтди. Ушбу форумда Жаҳон банки, Осиё Тараққиёт банки ва хориждан келган юзга яқин инвесторлар иштирок этди.

Хўш, ушбу тадбирдан кўзланган асосий мақсад нима эди? Форум давомида нималарга эришилди? Xabar.uz мухбири шу ва шунга ўхшаш саволларга жавоб олиш учун иқтисодий таҳлилчи Абдулла Абдуқодиров билан суҳбатлашди.

– Иқтисодий форумдан кўзланган асосий мақсад нима эди-ю, нималарга эришилди?

– Бундай иқтисодий форумда халқаро молия ташкилотларига Ўзбекистоннинг иқтисодий статуси ва иқтисодий барқарорлиги ҳақида гапирилади. Чунки халқаро молия жамғармалари учун энг муҳими – иқтисодиётимиз салоҳиятининг тушмаслиги, берилган қарзларни ўз вақтида қайтариш ва уларнинг ижросини бўйича керакли статистика маълумотларни олиш. Албатта, бу маълумотларни интернет орқали олса ҳам бўлади. Лекин ўзаро мулоқотда кенг оммага гапирилмайдиган гаплар айтилади. Шунинг учун ҳам халқаро молия институтларининг вакиллари Ўзбекистонга келиб, форум доирасида бизни вазирларимиз билан гаплашиб, умумий тушунчаларни тўғри эканлигини келишиб олишади. Яъни, соатларимиз бир-бирига тўғри юраётганини текшириб олишади. Нимага эришилганлигини вақт кўрсатади.

Мени ҳайратга қолдирган нарса – бундан бунча қарз олдик, бундан бунча қарз олдик деб мақтанганимиз бўлди. Бизни онгимиз ўзгарган. Биз қанча қарз олганимиз билан мақтаняпмиз, қарзни қайтарганимиздан эмас. Бу нотўғри дунёқараш.

– Иқтисодий форум олдинги йили ҳам ташкил этилган эди. Орадан бир йил ўтиб яна ташкил этилди. Нима учун кўп форумлар ва тадбирлар ташкил этяпмиз?

– Дунё бозорида иқтисодиётга инвесторларни жалб қилиш учун жуда катта рақобат бор. Ҳар битта мамлакат бу инвесторларни жалб қилишга ҳаракат қилади. Ҳар битта инвестор мамлакатда яратилган шароит, тикилган инвестицияларнинг қайтиб келиши ва олинган даромадни тақсимлаш бўйича ўзига саволлар беради. Шунинг учун бундай форумларни ўтказиш катта аҳамиятга эга. Самарқанддаги форумнинг асосий мақсади иқтисодиётимизнинг стабил ривожланишини кўрсатиш эди. Менимча, бунга эриша олмадик, лекин очиқ мулоқот бўлгани маъқул бўлди. Айниқса, Молия вазири Темур Ишметовнинг мавжуд молиявий муаммоларни очиқ-ойдин гапириб бергани жуда яхши бўлди. Чунки очиқлик барча учун муҳим.

Форум доирасида Ўзбекистон молия вазири Тимур Ишметов ўз нутқида шундай деди: «Ҳозир инфляцияни ушлаб туриш биз учун асосий масала бўлиши керак. Акс ҳолда инфратузилмани давлат бюджетидан молиялаштира олмай қоламиз. Барча харажатларимизни камайтиришимиз ва хусусий маблағларни кўпроқ жалб қилишимиз керак». Молия вазири тўғри масалаларни кўтардими?

– Молия вазиримиз иқтисодиётимиз ҳақида кўпроқ маълумотга эга. Мен бу масалада ўз фикримни айтишим мумкин. Биз инфляция жиловлаш эмас, иқтисодий ўсишни мўлжалга олишимиз керак. Бу иккита молиявий концепция орасида катта фарқ бор. Агар сизнинг қўлингизда 1000 сўм пул бўлса, лекин бозорга тушиб харажат қилишингизга 5000 сўм кетса, бозорда нарх-наво ўсиши натижасида сиз олишингиз керак бўлган нарса 5500 сўм бўлдими, 6000 сўм бўлдими сизга катта фарқи йўқ. Сизнинг вазифангиз 1000 сўмни, 6000 минг сўмга олиб чиқиш. Яъни, чўнтакдаги пулни кўпайтириш. Энг биринчи масала шу бўлиши керак, Шунинг учун кўпроқ халққа пул ишлаб топиш имкониятларини яратиб беришимиз лозим. Бу ҳақида ўйлаш йўқ-да, инфляцияни жиловлаш ҳақида ўйлаяпмиз. Бу нотўғри иқтисодий сиёсат. Буни орқасида асосан нима турибди? Биз ўзимизча, бизга кредит берган халқаро молия институтларини тинчлантирмоқчимиз. Буни натижасида биз асосий эътиборни чет элдан келадиган пулларга қаратяпмиз. Лекин ўзимиздаги ички потенциалдан бутунлай фойдаланмаяпмиз. Ички потенциални ривожлантириш учун уни рағбатлантириш зарур. Буни Молия вазирлиги ҳам, Марказий банк ҳам жуда яхши билади.

Молия вазири Темур Ишметовнинг гапирган гапларидан битта нарсани айтиб беришим мумкин. Давлат бюджети ўсиб боряпти, деб айтилди. Инфляция ўсишининг таркибий ҳолати бор. Чунки 2020 йилда пандемия, 2021 йилда Covid-19га қарши кураш бўлди. Мана ҳозир Россия-Украина ўртасида уруш бўлиб турибди. Бунақа ҳолатлар бутун дунё иқтисодиёти учун перманент ҳол ҳисобланади. Бундай вазиятда инфляция билан курашишнинг умуман иложи йўқ. Сабаби, инфляциянинг табиати ноинфляцион табиат. Бизни қилаётган иш асосан иқтисодиётда пул ҳажмини камайтиришга қаратилган. Яъни, номонетар сабабларга эга бўлган инфляцияни биз монетар йўллар билан камайтиришга ҳаракат қиляпмиз. Бу билан биз танк билан пашшани отяпмиз. Қаранг нима бўляпти? Иқтисод орқага кетаяпти, чунки айланмада бўлган молиявий маблағларнинг ҳажми камайиб бормоқда. Молиявий маблағлар иқтисодни қони ҳисобланади. Қони камайганидан кейин, иқтисодиётни ҳажми кичрайиб бораверади.

– Форум давомида Бош вазир ўринбосари – иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Жамшид Қўчқоров модераторнинг аниқ саволига «сизни бошқа (форумга) чақирмаймиз.... Мендан осонроқ савол сўрасангиз бўлмайдими? Қайси йили туғилганим, қайси университетни тугатганим ҳақида» дея вазиятдан ҳазил билан чиқиб кетишга уринганини кўриш мумкин. Ҳукумат мулозими мамлакат истиқболи учун муҳим аҳамиятга эга масалага юзаки жавоб бериши қанчалик тўғри?

– Менимча, бундай иқтисодий форумларда бугунги кунда иқтисодиётимизда аҳвол қандай эканлиги, муаммоларимиз қандайлиги, бу муаммоларни қандай ечиш кераклиги ҳақида гапириш керак эди. Бу саволга аниқ жавоб берилмаганлиги ачинарли ҳолат бўлди. Аниқ бир режани айтиш зарур эди. Қўчқоров ҳазилидан кейин «худо хоҳласа ялпи ички маҳсулотимиз 100 миллиард долларга етади», деди. Нимани ҳисобига эришилади? Бунга жавоб йўқ. Буларни гапириш керак эди.

Молия вазири Темур Ишметовнинг гапларидан яна битта хулоса қилсак бўлади. Инфраструктура тузилмаларида асосий капитал маблағлари орқада қолмоқда. Бу жуда ачинарли ҳол. Инфраструктура – бу газ, сув, электр энергия таъминоти, йўл қурилиши. Бизда, айниқса, энергетикада генерация қобилияти камайиб бормоқда. Уни компенсация қилиш йўллари ҳақида ҳеч ким гапиргани йўқ. Агар форум ўтказишдан олдин Ишметов, Қўчқоров ва Нурмуродов пиар компаниялари билан келишиб, режа тузиб олганида эди, бундай шармандагарчилик бўлмасди.

– Бу шармандагарчиликми?

– Мен учун шармандагарчилик. Чунки бизда катта имконият бор эди. Буни яратиш учун пул сарфлаб, бу имкониятдан фойдаланмадик.

Биласизми, хорижий инвестор бўрттирилган кутиб олишларни кўрса, уларни ғаши келиб, саволлари икки баробар кўпайиб кетади. Нимани ҳисобига давлат бунчалик катта маблағ сарфлаётганини кўриб, аҳолини турмуш даражасини билмоқчи бўлади. Мени айрим масъулларга мурожаат қилиб айтардимки, бундай катта харажатли тадбирларни йиғиштириш керак. Тўғри тушунинглар биз инвесторга тўғри сигнал беришимиз керак. Уларга очиқ гапиришимиз зарур.

– Давлат статистика қўмитаси 2022 йилнинг январ-сентябр ойларида Ўзбекистон ўзлаштирилаётган хорижий инвестициялар ҳажмида қайси давлатнинг улуши юқори эканлигини маълум қилди. Унга кўра, 21 фоиз билан Россия инвесторлари биринчи ўринда. Нега биз асосан Россия инвесторларини жалб қиламиз?

– Россия асосан нефть ва газга келади. Бу «ёғли» лойиҳалар. Бу ерда қўшилган қиймат жуда катта. Бир томонда Молия вазири «бизда асосий муаммо инфраструктурада, инфраструктурага пул тикайлик» деб турибди. Россия томонидан эса фақат «ёғли» лойиҳаларга пул тикилади. Россиядан келаётган лойиҳалар катта маблағ талаб қилади. Бу лойиҳаларнинг келажаги жуда мавҳум, лойиҳалар ўзини оқламайди.

Сардор Али суҳбатлашди

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг