Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Тарихда илк бор! ИНҲА битирувчилари 2 та дипломли бўлишди (фото)

Тарихда илк бор! ИНҲА битирувчилари 2 та дипломли бўлишди (фото)

Бугун Тошкент шаҳридаги ИНҲА университети ташкил этилганининг беш йиллиги ҳамда илк битирувчиларга диплом топшириш маросими катта тантана билан нишонланди. Маросимга Корея Республикасидаги ИНҲА университети президенти бошчилигидаги делегация ташриф буюрди.

Шунингдек, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шуҳрат Содиқов, Олий ва ўрта махсус таълим вазири биринчи ўринбосари Конгратбай Шарипов ҳамда тегишли вазирлик ва идоралар, республикамиздаги технологик компаниялар раҳбарлари, битирувчиларнинг ота-оналари иштирок этди.

«Бу йил 242 нафар талабадан 88 нафари ахборот ва коммуникация инжиниринги факультетини, 114 нафари эса информатика ва дастурий таъминот факультетини муваффақиятли тамомлади. Улар барча курсларни тугатишди ва Кореядаги ИНҲА университети ҳамда IUT томонидан қўйилган ҳар қандай талабга жавоб бера оладиган мутахассис бўлиб етишишди. Фурсатдан фойдаланиб, мен ИНҲА университетига ҳамда Ўзбекистон АКТни ривожлантириш вазирига Тошкент шаҳридаги ИНҲА университетини ривожлантиришга доимий равишда ҳисса қўшгани ва қўллаб-қувватлагани учун миннатдорлик билдираман», деди ИНҲА университети президенти Mёнг Ву Чо.

«Қадрли битирувчилар! Сизларга қараб айни дамда, қани эди ёшлик даврим қайтиб келса-ю сизлар каби шундай имкониятлардан фойдаланган ҳолда замонавий билимларни ўқиб-ўргансам, деган фикр ўтди хаёлимдан. Сизлар энг бахтли инсонсизлар, сабаби сиз эгаллаган мутахассислик бугун жамиятимизнинг ҳар бир соҳасида сув ва ҳаводек зарур, тараққиётни белгилаб берувчи кучга айланган. IUT – Ўзбекистон ва Корея ҳукуматлари, шунингдек, ИНҲА университети томонидан таълим соҳасида яратилган дунё миқёсидаги ҳамкорликка айланди», деди Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шуҳрат Содиқов.

«Мен ҳам ИНҲА университетининг механик инжиниринг мутахассислиги бўйича битирувчисиман. Азиз битирувчилар, қўлингиздаги ИНҲА университети дипломи билан эндиликда сиз икки университет битирувчиси бўлдингиз. Университетда ўрганган билимларингиз билан жамият ривожига ўз ҳиссангизни қўшишингиз кераклигини ва икки университет янада гуллаб-яшнашда давом этишини дуо қилишни унутманг. Биз сизларни қўллаб-қувватлашдан тўхтамаймиз», деди Корея Миллий Ассамблеясининг таълим қўмитаси раиси Ли Чан Йол.

Маросимда битирувчилар IUT тарихида биринчи маротаба иккита – ИНҲА университети (Корея Республикаси) ва Тошкент шаҳридаги ИНҲА университети дипломларига эга бўлишди. Дипломларни уларга ИНҲА университети президенти Mёнг Ву Чо ҳамда IUT ректори в.б. Музаффар Жалолов тантанали топширди.

Шунингдек, ўқиш давомида тенгдошларига ўрнак кўрсатган бир неча талабалар махсус диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг