Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Тасодифми? 1 трлн.га ер сотиб олган ҳоким янги МЧЖга асос солгани айтилмоқда

Тасодифми? 1 трлн.га ер сотиб олган ҳоким янги МЧЖга асос солгани айтилмоқда

Рихсиев Раҳимжон Миркадирович 2022 йилнинг 13 сентябрь куни 100 фоизлик улуш билан «Animals Service» МЧЖга асос солади. Фаолият тури «аралаш қишлоқ хўжалиги» сифатида белгиланади. Устав фонди эса камтаргина 1 млн сўм, деб ёзмоқда Davletovuz канали.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Пискент тумани ҳокими Раҳимжон Рихсиев аукционда қатнашиб, 1 трлн. сўмга ер сотиб олгани маълум бўлганди.

Аниқроғи, 2022 йил 6 сентябрь куни соат 9:00да e-auksion порталида Оҳангарон тумани Марказий қурғон маҳалласи ҳудудидаги салкам 398 гектар ерни 30 йилга ижарага олиш учун ариза беради. 9:30 да эса мулкни қўлга киритади. Аукцион портали маълумотларида келтирилишича, бу жой қишлоқ хўжалиги учун мўлжалланмаган,  чорвачилик мақсадида ишлатилиши лозим. Дарвоқе, мулкнинг бошланғич баҳоси қарийб 72 млн сўм бўлган.

Ҳоким ўз баёнотида «платформага нисбатан менда бироз ишончсизлик пайдо бўлгани учун синаб кўриш мақсадида аукционда қатнашиб, ер сотиб олдим», дея изоҳлаганди.

Шунингдек, у ўз баёнотида «мен олдин тадбиркор бўлган бўлсам-да, ҳозир тадбиркорлик билан шуғулланмайман. Қолаверса, чорвачилик мен учун бегона соҳа», деганди. 

Раҳимжон Рихсиев 2020 йилнинг 15 сентябрь куни Пискент тумани ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тайинланган. У бунгача Тошкент вилояти ҳокимининг ёрдамчиси вазифасида фаолият кўрсатган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг