Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

ТДТ иқтисодиёт вазирлари йиғилишида ўндан ортиқ масала муҳокама қилинди

ТДТ иқтисодиёт вазирлари йиғилишида ўндан ортиқ масала муҳокама қилинди

Бугун, 9 ноябр куни Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган Туркий давлатлар ташкилоти иқтисодиёт вазирлари йиғилишида ўнга яқин масала муҳокама қилиниб, улар бўйича келгусида тегишлича битимларга эришишга келишиб олинди.

Бош вазир ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Жамшид Хўжаев ҳамда Туркий давлатлар ташкилоти (ТДТ) Бош котиби Бағдод Амреев иштирокида ОАВ вакиллари учун ўтказилган брифингда йиғилиш кун тартибида бўлган масалалар ҳақида маълумот берилди.

Жумладан, вазирлар йиғилишида:

• «Турк инвестиция фондини ташкил этиш тўғрисидаги битим» ва «Савдони осонлаштириш бўйича стратегик ҳужжат»;

• ТДТга аъзо давлатлар ўртасида «Хизматлар ва инвестициялар бўйича эркин савдо шартномаси»;

• ТДТ доирасида «Рақамли иқтисодиёт соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги битим»;

• «Туркий савдо уйлари»;

• «TURANSEZ» махсус иқтисодий зонаси;

• «Туркий давлатларнинг савдо ҳамкорлиги илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш концепцияси» ва «ТДТга аъзо давлатларнинг ихтисослаштирилган ташкилотлари негизида муҳандислик-технология марказларини яратиш концепцияси»;

• 2022-2026 йилларга мўлжалланган ТДТ стратегиясида белгиланган мақсадларга мувофиқ, савдо-иқтисодий соҳадаги ҳамкорликни ривожлантириш бўйича аниқ чора-тадбирларни ўз ичига олган «фаолиятлар рўйхати»;

• ТДТга аъзо давлатларнинг инвестицияларни илгари суриш агентликлари ўртасида келгусида ҳамкорлик қилиш ва потенциал ТДТ инвестиция лойиҳалари каталогини тайёрлаш бўйича ўзаро англашув меморандуми (ёки қарор) каби масалалар кўрилган.

Қайд этилишича, тадбир якунида иштирокчилар ўзаро муносабатларни янада мустаҳкамлаш, қўшма лойиҳа ва ташаббусларни амалга оширишни қўллаб-қувватлаш бўйича кенг қамровли амалий чора-тадбирлар кўришга ўзаро содиқлик билдиришган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг