Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Тошкент кўчаларида пуллик «парковка»лар билан ким шуғулланиши аниқ бўлди

Тошкент кўчаларида пуллик «парковка»лар билан ким шуғулланиши аниқ бўлди

Тошкент шаҳар ҳокими 2022 йил 29 декабрда пойтахтнинг 10 та марказий кўчасида автоматлаштирилган йўл бўйи пуллик автотураргоҳлар ташкил этиш тўғрисидаги қарорини имзолаган.

Мазкур қарорга кўра, пойтахт кўчаларида пуллик автотураргоҳларни ташкил қилиш давлат-хусусий шериклик шартномаси асосида Kasy Park компаниясига топширилган. Ҳужжатга мувофиқ давлат-хусусий шериклик ўтган йилнинг августидаёқ имзоланган ва 22 август куни тегишли тартибда давлат рўйхатидан ўтказилган. 

Шартномага кўра, хусусий шерик паркомат ва электромобилларни зарядловчи қурилмаларини истисно қилган ҳолда мазкур ҳудудларда бирор,жумладан, капитал, енгил турдаги бино-иншоотларини қуриш ва бошқа турдаги ёрдамчи қурилмаларини ўрнатмаслик шартларига риоя қилади.  

Автоматлаштирилган тўхташ жойлари Kasy Park компаниясига 10 йилга – давлат-хусусий шериклик шартномасининг амал қилиш муддатига қадар ижарага берилади.

Мазкур битим қиймати 891 млн сўмни ташкил этади. 

Orginfo маълумтларига кўра, «Kasy Park» МЧЖ OLDFOLK компанияси (40 фоиз) ва Фазилов Миродил Нигматджан ўғли (60 фоиз) муассислигида 2018 йил 7 мартда рўйхатга олинган бўлиб, асосий фаолият тури – ёғоч, қурилиш материаллари ва санитария-техник воситаларнинг улгуржи савдоси ҳисобланади.

Компаниянинг асосий эгаси бўлган Миродил Фазилов, жумладан, Oazis Lux Investments’да (50 фоиз), Royal Central Development’да (100 фоиз), SD Big-Garden’да (25 фоиз), Benchmark Distribution’да (100 фоиз), Paper World’да (100 фоиз), Premium Paper’да (50 фоиз) улушларга эгалик қилади.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг ноябрь ойида Тошкент шаҳрининг 10 та кўчасида, хусусан, «Фидокор», «Амир Темур», «Нукус», «Братислава», «Миробод», «Глинка», «Авлиёота», «Шевченко», «Саид Барака», «Моштабиб» ва «Якуб Колас» кўчаларида жами 2251 та пуллик тўхташ жойлари ташкил этилиши ҳақида хабар берилган эди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг