Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Тошкент шаҳар ҳокими совуқдан беталофат чиқиш учун топшириқлар берди

Тошкент шаҳар ҳокими совуқдан беталофат чиқиш учун топшириқлар берди

Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев кескин совуқ об-ҳавонинг кириб келиши муносабати билан ҳар қандай талофатларни олдини олиш бўйича мутасаддиларга тегишли топшириқларни берди.

Унга кўра, 9 январдан 18 январгача шаҳар ва туман ҳокимликларида, бошқармалар ва уларнинг туман бўлимларида ҳар қандай мажлислар (жумладан Zoom шаклида), тадбирлар, масъулларни асосий фаолиятидан чалғитувчи бошқа йиғилишларни ўтказиш тақиқланди.

Шунингдек, шаҳар ҳокими томонидан мутасаддиларга бир қанча вазифалар юклатилди:

— қолипли нон ишлаб чиқарувчиларга газ ва электр  энергияси узлуксиз етказиб берилишини назоратга олиш;

— озиқ-овқат ишлаб чиқарувчи корхоналарнинг узлуксиз ишлашини таъминлаш;

— шаҳар жамоат транспортининг тизимли ишлаши чораларини кўриш;

— марказий ва ички йўлларни тезкорлик билан қор ва музламалардан тозалашни ташкил қилиш;

— бошқарув сервис компаниялари томонидан кўп қаватли уйлар йўлакларини қор ва музламалардан ўз вақтида тозалашни таъминлаш;

— электр тизимида аварияларни тезкор бартараф этиш;

— туғруқхоналар, шифохоналар, мурувват ва меҳрибонлик уйларининг иссиқлик таъминотини алоҳида назоратга олиш, улардаги мавжуд электр генераторларини ёқилғи билан таъминлаш, тўхтовсиз ишлаши учун шай ҳолатга келтириш;

— фавқулодда вазиятлар бошқармаси томонидан  2 кун муддатда жамоат жойларида ёнғин хавфсизлигини таъминлаш бўйича қайта кўрик-назорат тадбирларини ўтказилишини таъминлаш;

— аҳолини жамоат транспортидан фойдаланишига кенг имкониятлар яратиш ва имкон қадар шахсий транспорт воситасидан фойдаланмасликни тавсия этиш;

— навбатчилик, штаблар ва call-марказлар фаолиятидаги алоқа телефонларининг узлуксиз ишлашини назоратга олиш;

— 2 кун муддатда 103 тез тиббий ёрдам машиналарини тиббий анжом ва дори воситалари билан таъминланганлик даражасини кўздан кечириб, етишмовчиликларни тўлдириш;

— кўчада хизмат қилаётган йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ва ободонлаштириш ходимларини иссиқ чой ва егулик, ихчам термос идишлари билан таъминлаш ва ҳоказо.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг