Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Тозаланмаган ариқ, буталмаган дарахт ва ўйдим-чуқур кўчалар. Президент Чирчиқда яна нималарни кўрди?

Тозаланмаган ариқ, буталмаган дарахт ва ўйдим-чуқур кўчалар. Президент Чирчиқда яна нималарни кўрди?

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев кеча Нурафшон шаҳрида бўлди. Қоқ туш вақтида Тошкент вилояти ҳокимлиги биносида Халқ депутатлари кенгаши ўтказилаётганди. Мен эса ҳокимлик рўпарасидаги йўналишли таксида ўтиргандим, машина тўлишини кутаётгандим, зерикмаётгандим, олдинги ўриндиқдаги аёл телефонда шунақа суҳбат қилардики, эшитмай илож йўқ.

— Ҳа, опа, Тўйтепадаман. Ҳа, президент келган. Йўқ, биз томонга бормайди, борганларида ҳамма жойни оқлаб, асфалтлаб, ариқларни тозалаб қўйишган бўларди. Бормайди...

«Аҳа, кеча Чирчиқдагилар ҳам шунақа ўйлаганди. Кейин нима бўлди?» — ҳаёлимдан ўтди менинг.

Билишмаганда, президент йўл юзидан қайтиб кетмайди, ичкарига юради. Бўлмаса ИИБ бошлиғи шунча гап эшитгунча, бир кун олдин ўзи тозалаб кетган бўлмасмиди ўша ариқларни.

Нимага бир кун олдин? Нега ИИБ бошлиғи? Нима, икки кун, икки ҳафта ёки икки ой олдин тозалаб қўйишса бўлмасмиди?

Бу саволларнинг жавоби шундай — афтидан бизда тозалик ва янги асфалт фақат президент ташрифи учун бўлади, шекилли. Акс-ҳолда Ўзбекистонда бундай жойлар камми, дўстим!



Умуман, келинг ҳаммаси ҳақида бир бошдан гаплашсак. Тозалик ва ИИБ бошлиғига ҳали яна қайтамиз...

Президент икки кун олдин Тошкент вилоятига ташриф доирасида Чирчиқ шаҳрида бўлди. Режага кўра Шавкат Мирзиёевга янгиланган марказий иситиш қозонхонасини кўрсатишлари керак эди. Бино ён-атрофлари кўп қаватли тураржойлардан иборат. Одатда президент бундай жойга келганда халқ билан мулоқот қилмасдан кетмайди. Ҳокимлар ҳам буни билади — қозонхона рўпарасидаги «дом»лар атрофи топ-тоза, супуриб-сидириб қўйилган. Йўлаклар таъмирланган, қатор ораларига «соқчи» қўйилган, одамларга уйдан чиқмай ўтириш тайинланган, ҳаммаси жойида. Аввалдан тайёрланган фаоллар ҳам президент билан кўришишга шай бўлиб турибди.

Аммо қаердан билишсинки, давлат раҳбари бунақа жойларга қараб ҳам қўймайди. Салгина нарироқда, кўп эмас юз-икки юз қадамдан кейин ҳаёт қанақа эканини у жуда яхши билади.

Президент қозонхонани кўриб чиққандан сўнг худди ўша томонга юрди. Мана у тозаланмаган ариқнинг устидан ҳатлаб ўтяпти. Ариқ қаровсизликдан тўлиб, битиб қолган. Нарироқда эса буталмаган дарахтлар, давлат раҳбари ўтиб олиши учун кимдир шохларни кўтариб турибди. Оёқ остига эса қараб бўлмайди, целлофан пакету музқаймоқ ўрамлари рангба-ранг бўлиб ётибди.

Шавкат Мирзиёев кўпқаватли уй олдида тўхтади. Ҳокимлик, маҳаллий ИИБ ва бошқа тегишли ташкилотлар вакиллари президент бу ергача келишига аниқ ишонмаган, чунки аҳоли кўчада эди. Шунчаки, уларга президент келган томонга ўтмаслик буюрилган шекилли. Ҳар-хил гап-сўздан қўрқишган.

Президент эса ўзи халқнинг олдига келди.

Ишонинг, ўша вазиятда давлат раҳбарининг аҳоли билан мулоқотидан ҳам кўра атрофдаги каттаю кичик мутасаддиларнинг юз ифодасини кузатиш қизиқроқ эди. Ҳайрат, қўрқув, умидсизлик — таассуфки, уятдан бошқа ҳамма эмоцияларни кўрдик. Афсус. Ҳеч бўлмаса президент кортежи тўхтаган жойдан эллик метр бу ёғини асфалт қилишмаганидан уялишса бўларди...

Президент эса одамлар билан ҳаёт, муаммолар ва режалар ҳақида гаплашди. Чирчиқда амалга ошириладиган ижтимоий-иқтисодий лойиҳалар ҳақида маълумот берди. Умуман, булар ҳақида расмий ахборотда етарлича ўқигансиз. Мен сизга бошқа томондан кўрганларимни ёзсам.

Шавкат Мирзиёевнинг битта одати бор — қўл остидаги вазирлар, ҳокимлар ва бошқаларга қанча қаттиққўл бўлса, оддий одамлар билан учрашганда шунчалик самимий ва мулойим гаплашади. Айниқса, иқтидорли, билимли ва ҳунари бор ёшларни кўрса яйраб кетади. Чирчиқдаги учрашув ҳам бошқаларидан фарқ қилмади. Президент шошилмасдан, иложи борича кўпроқ одамлар билан гаплашишга ва кўпроқ жойни кўришга ҳаракат қилди. Тун қоронғусида Чирчиқнинг ўнқир-чўнқир кўчаларида юрган президент тасвирини интернетда етарлича кўргандирсиз.

Ишонаман, бу юришнинг фойдаси бўлади. Яна бир йилдан кейин борсангиз шаҳар анча ўзгарганини кўрасиз, насиб.

Энди бошқа масалага ўтсак, яна ИИБ бошлиғи мавзусига қайтамиз. Ўша аҳлат сочилиб ётган маҳалла ИИБга қарашли ҳудуд экан. Сектор раҳбари ўз ишини бажармаган, кўриниб турибди. Аммо бир саволга жавоб қидирайлик — одамларнинг ўзи нима қилган? Ўша ерда яшаётганлар жиллақурса бир ойда бир марта келадиган меҳмондан уялиб ён-атрофни тозаласа бўлмасмиди? Бунинг учун қанча пул керак? Кўпми?

Бироз қунт ва меҳнат кифоя, атроф тоза бўлади. Эрталаб ишга яхши кайфиятда кетиб, яхши кайфиятда қайтиш мумкин. Тозалик бор жойдан барака кетмайди.

Қолаверса, ўша чиқиндини атрофга ташлаган ҳам ўша одамларнинг ўзи! Агар менинг уйим олдини бошқалар келиб супуриб берса, уялган бўлардим.

Ишонаман, сиз ҳам уялардингиз. Шунингдек яна бир нарсага ҳам ишонаманки, агар биз ўзимиз учун яшашни ўрганмас эканмиз, аҳвол ҳали бери ўзгармайди.

Мен кўчаларимиз президент келиб кўриши учун эмас, одамлар учун асфалт қилинишини жуда истайман.

Сизчи?

Зафар ҚОСИМОВ

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг