Андижон туманлараро суди судьяси Олий суд раиси баёнотини шубҳа остига қўйди
«Андижанская правда» газетаси мухбири Шефие Иманқулова очиқ суд мажлисига қўйилмади. Йўқ, суд ёпиқ тарзда ўтмаётганди. Оддий фуқаролик иши: эр-хотин ўртасидаги мулкий низога оид. Шунга қарамай фуқаролик ишлари бўйича Андижон туманлараро суди судьяси Насибулло Қамбаров «мухбирни судга чақирмаганман!» (?) деган важ билан журналистни очиқ суд мажлисига қўймаган, вассалом.
Қонунда «Журналист судья чақирсагина очиқ суд мажлисларида иштирок этади» деган модда йўқ. Ёпиқ суд мажлиси бўлса —бошқа гап, унга ҳатто Олий суд раиси киритилмайди (буни олий маҳкама раҳбарининг ўзи таъкидлаганди). Бошқа ҳолатларда монелик деярли йўқ. Чунки, оммавий ахборот воситалари ходимларининг очиқ суд мажлисларида ҳозир бўлиши уларнинг хос ҳуқуқи ҳисобланади. Мана, «Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонун, унинг 5-моддасида журналист наинки судларнинг очиқ мажлисларида, ҳатто ҳарбий ҳаракатлар майдонларида, табиий офат юз берган ҳудудларда, оммавий тадбирларда ҳам ҳозир бўлиши кафолатлаб қўйилибди. Мазкур қонуннинг 8-моддасида кўра, журналист ўз фаолиятини амалга ошириш чоғида шахс дахлсизлиги кафолатидан фойдаланади.
Яна нима керак?
Шундоғам кўпдан бери журналистларнинг очиқ суд мажлисларида иштироки, унда иш қуролларидан (фото, камера) фойдаланиши каби масалалар баҳс-мунозара бўлиб келмоқда. Оммавий ахборот воситалари вакиллари билан бўлиб ўтган мулоқотларнинг бирида Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси шахсан айтгандики, суд жараёнида журналистларнинг иш қуролларидан фойдаланишини (суд мажлисига) раислик этувчи ҳал этади, бунга унинг ваколати бор, қонун изн беради, бироқ очиқ суд мажлисида ОАВ вакилларининг ҳозир бўлишида ҳеч қандай муаммо йўқ, деб.
Мана, муаммо йўқ эмас, бор экан. Бунга ФИБ Андижон туманлараро суди судьяси Н.Қамбаровнинг хатти-ҳаракати исбот. Бу билан судья журналист ҳуқуқини қўпол равишда бузгани баробарида Олий суд раҳбарининг юқоридаги баёнотини шубҳа остига қўймаяптими?
Судьянинг суд жараёнидаги бошқа хатти-ҳаракатлари, низо юзасидан қабул қилган ҳал қилув қарори хусусида ҳозирча тўхталмадик. Бу энди алоҳида мавзу.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter