Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Туркия таълим гранти учун ҳужжат қабул қилиш бошланди

Туркия таълим гранти учун ҳужжат қабул қилиш бошланди

Жорий йил 10 январдан Туркия ҳукуматининг таълим грантлари дастури (Türkiye Bursları) бўйича ҳужжат қабул қилиш жараёни бошланди. 20 февралга қадар ўзбекистонлик иқтидорли ёшлар ҳам нуфузли университетларнинг бакалавриат, магистратура ва докторантура босқичида бепул таҳсил учун ҳужжат топшириши мумкин.

Грант ғолиблари, шунингдек, тураржой,  ойлик стипендия, тиббий суғурта, бир марталик авиачипта билан таъминланади. Турк тилини ўрганиш истагида бўлган номзодлар эса бир йиллик курсда ўқийди.

Ташкилотчиларга кўра, аризалар фақат расмий сайт орқали қабул қилинади.

Грант дастурларида таҳсил бўйича ёш чеклови мавжуд. Бакалавриат учун – 21, магистратура учун – 30 ва докторантура учун эса 35 ёшдан ошмаган номзодлар ариза топшириши мумкин.

Ҳар бир йўналиш бўйича талабгорнинг илмий натижалари ва академик салоҳияти кўриб чиқилади. Бакалавриат учун камида 70 фоиз, магистратура ва докторантура учун камида 75 фоиз академик муваффақиятга эришган бўлиш талаб этилади.

Ҳужжатлар баҳор давомида кўриб чиқилади. Тегишли талабларга жавоб берган номзодлар июнь ва июль ойларида суҳбатга чақирилади.

Туркия ҳукумати ўтган асрнинг 60-йилларида бошлаб икки томонлама битимларга кўра, муайян давлатлар талабаларига грантлар ажрата бошлаган. 1992 йилдан эса кенг миқёсда грантлар тақдим этилмоқда. Ҳукумат грантлар дастури 2012 йилдан буён «Türkiye Bursları» деб аталади. Хориждаги турклар ва қардош халқлар бошқармаси (YTB) мазкур стипендиялар дастурини мувофиқлаштириш билан шуғулланади.

Туркия олий таълим кенгаши маълумотига кўра, мамлакатда 198 давлатдан 300 мингдан зиёд талаба таҳсил олмоқда. ЮНЕСКО Туркияни энг кўп хорижлик талаба таҳсил олаётган ўн давлат сафига киритган. 2022 йилда грант дастурлари учун 165 мингдан зиёд номзод ҳужжат топширган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг