Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Туркия Украина ҳудудида ўтказилаётган референдумларни ноқонуний деб баҳолади

Туркия Украина ҳудудида ўтказилаётган референдумларни ноқонуний деб баҳолади

Туркия ташқи ишлар вазирлиги тан олинмаган Донецк ва Луганск халқ республикалари ҳамда Украинанинг Херсон ва Запорожец вилоятларини Россия Федерациясига қўшиш мақсадида ўтказилаётган референдумларга муносабат билдирди.

«Биз Украинанинг Россия назоратида бўлган айрим ҳудудларида бир томонлама референдумлар ташкил қилишга уринишлардан хавотирдамиз. Бундай ноқонуний хатти-ҳаракатлар халқаро ҳамжамият томонидан тан олинмайди. Аксинча, улар дипломатик музокараларни жонлантириш йўлидаги ҳаракатларга тўсқинлик қилади ва беқарорликни янада кучайтиради», – дейилади баёнотда.

Таъкидланишича, расмий Анқара 2014 йилда Қрим ноқонуний равишда Россияга қўшиб олинганида баён этилганидек, Украинанинг ҳудудий яхлитлиги, мустақиллиги ва суверенитетини қўллаб-қувватлашда собитдир. 

«Биз давом этаётган урушни тегишли мақсадлар асосида, тинч музокаралар йўли билан тўхтатиш борасида барча керакли кўмакни кўрсатишга шай эканимизни яна бир карра тасдиқлаймиз», – дейилади Туркия ТИВ баёнотида.

Аввал хабар берганимиздек, бир неча кун аввал тан олинмаган Донецк ва Луганск халқ республикалари ҳамда Украинанинг Херсон ва Запорожец вилоятларини Россия Федерациясига қўшиш мақсадида референдумлар ўтказилиши режаси эълон қилинди. Референдумлар 23-27 сентябрь кунларига белгиланиши кутилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, жорий йил 21 февраль куни Россия президенти Владимир Путин халқаро ҳуқуқ меъёрларига мувофиқ Украинага тегишли бўлган Донецк ва Луганск ҳудудларини алоҳида республика сифатида тан олиш ҳақидаги фармонга имзо чеккан эди. Ўшанда ҳам Анқара Москванинг бу қарорини номақбул деб атаган ва Украинанинг сиёсий бирлиги ва ҳудудий яхлитлигини сақлашга содиқлик изҳор этган эди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг