Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Туркияда Ўзбекистон ва Тожикистон фуқароси терактда гумонланиб қўлга олинди

Туркияда Ўзбекистон ва Тожикистон фуқароси терактда гумонланиб қўлга олинди

Туркия ҳуқуқ-тартибот идоралари Истанбулда содир этилиши режалаштирилган қонли терактнинг олдини олгани айтилмоқда.  

Sabah нашри хабарига кўра, Истанбул шаҳри полицияси қўпорувчилик ҳаракатини амалга оширишда гумонланаётган Ўзбекистон ва Тожикистон фуқароларини қўлга олган.

Маълум бўлишича, гумондорлар 2022 йилнинг 31 декабрь куни, янги йил киришига бир неча соат қолганда ушланган. Икки шахс полиция таъқибидан машинада қочишга уринган. Полициячилар машина балонига ўқ отиб уларни тўхтатишга муваффақ бўлган.

«Абу Маймуна» лақабли Ўзбекистон фуқароси портловчи моддалари бўйича мутахассис экани, ижтимоий тармоқларда террорчилик ғоясини тарғиб этгани хабар қилинган. Sabah нашри уни депортация қилиш чоралари кўрилаётганини билдирган.

Туркия ҳуқуқ идораларига кўра, Ўзбекистон фуқароси А.М. ва Тожикистон ватандоши К.З.И. Афғонистондаги ИШИД террорчи ташкилотидан кўрсатма олган ҳолда Истанбул шаҳрида 2017 йилдаги каби қонли теракт содир этишни режалаштирган.

Эслатиб ўтамиз, ўзбекистонлик Абдулқодир Машарипов 2017 йилнинг 1 январида Истанбулдаги «Reina» тунги клубига бостириб кириб, автоматдан ўт очган ва 39 кишини ўлдирган, яна ўнлаб одамни жароҳатлаган эди. Ушбу ҳужум учун жавобгарликни ИШИД террорчи ташкилоти ўз зиммасига олган.

2020 йил сентябрь ойида Туркия суди 32 ёшли А.Машариповга 40 та умрбод қамоқ жазоси тайинлаган.

Аввал хабар берганимиздек, 2022 йил 13 ноябрь куни Истанбулнинг Истиқлол кўчасида қўпорувчилик ҳаракати уюштирилди. Гавжум кўчада амалга оширилган портлаш оқибатида 6 киши вафот этди, 81 киши яраланди.

Тергов идораси портлаш PYD – Демократик иттифоқ партияси (Курдистон ишчи партияси террор ташкилотининг Суриядаги шуъбаси) томонидан уюштирилганини айтган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг