Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Улар қалб билан «эшитади»лар, қўллари билан «гапиради»лар

Улар қалб билан «эшитади»лар, қўллари билан «гапиради»лар

Кар ва эшитиш қобилияти паст бўлган болаларга 4-сонли Қорақалпоғистон Республика мактаб-интернатида қалб билан «эшитиш»ни қандай ўргатишади? Буни суҳбат давомида билиб оласиз.

Интернатда 225 нафар ўқувчи таҳсил олади. Энг кичкиналари олти ёшда, улар  тайёрловда ўқийдилар. Катталари ўн саккизда, кичкиналар учун ака ва опалардек – ҳимоясига олишади, ғамхўрлик қилишади.

Уларнинг дунёси ёрқин рангларга тўла, улар қалблари билан «ҳис қилиш» ва энг муҳим сўзларни «гапириш»ни биладилар. Имо-ишора тилида ҳис-туйғуларини ва таассуротларини етказишади, рақсга тушишади, қўшиқ айтишади, футбол ўйнашади ва расм чизишади.  

Болаларга атрофдаги ҳамма нарсани «эшитишни» ва ўрганишни 62 нафар ўқитувчи ўргатади, уларга 68 нафар тарбиячилар ёрдам беришади. 2005 йилда Нукус шаҳрида мактаб-интернат тарбияланувчилари учун тўрт қаватли бино қурилди – ёрқин кенг синф хоналари, тарбияланувчилар дарсдан кейин дам оладиган  шинам ётоқхоналар, спорт зали, катта ошхона, душ, ижод қилиш учун барча шароитлар яратилган хоналар доимо болаларга мунтазир.

– Тиббий-псиxологик педагогик комиссиядан ўтган болаларни бизга юборишади. Шундай бўлади-ки, тайёрлов синфига олти ёшдан ошган болалар ҳам қабул қилинади, – дейди мактаб-интернат директори Раъно Қаландарова. – Бу ерда улар имо-ишора тилини, дактил алифбосини, алифбони бошидан ўрганишади. Имо-ишора тилини ўрганиш қийиндек туюлиши мумкин, аммо «гапириш»ни бошлашингиз билан унинг қанчалик бой ва кўп қиррали, маъно ва ҳиссиётларга тўла эканлигини тушунасиз.

Мутахассислар ўқитишни оддий сўзлардан бошлайдилар, барчаси касалликнинг мураккаблигига, эшитиш даражасига боғлиқ. Туғилганидан кар болаларда нутқ паст бўлади, лекин баъзида боланинг эшитиш қобилияти йўқ бўлса-да, яхши гапира олади. Туғилганидан эшитиш қобилияти заиф, эшитиш мосламасини тақиб юрувчи бола, деярли гапирмаслиги мумкин, бунда барча мезонларни ҳисобга олиш ва дарсларга якка тартибда ёндашиш муҳимдир. Бизнинг сурдопедагогларимиз болалар билан ишлашда зарур бўлган барча махсус билим ва маҳоратларга эга.

Маълумот учун: Бугунги кунда Ўзбекистонда 86 та ихтисослаштирилган ва 22 та, шу жумладан, таянч-ҳаракат аппарати ва нутқида нуқсони бўлган болалар учун 4 та, кўр ва кўриш қобилияти заифлар учун 14 та, карлар ва эшитиш қобилияти заифлар учун 18 та, ақли заифлар учун 50 та санаторий-курорт таълим муассасаси фаолият кўрсатмоқда. Мазкур муассасаларда 28 минг нафардан ортиқ ногиронлиги бўлган болалар таълим ва тарбия олади. 8,6 мингдан ортиқ бола уй таълимга ўтказилди. Ўзбекистон Халқ таълими вазирлиги маълумотларига кўра, бундай ўқувчиларга 11 мингдан ортиқ турли ўқув қуроллари берилган.

Қўллар «гапирганда»

Отабек ва Назарбек Жумамуратовлар туғма гапирмайди ва эшитмайди, уларнинг ота-оналари ҳам худди шундай. Эгизакларнинг онаси ва отаси бир вақтлар мактаб-интернатда ўқиган, 2022 йилда уларнинг кичик ўғиллари тайёрлов синфига боришган. Катта ўғли шу ерда, олтинчи синфда ўқийди.

– Йигитларнинг имо-ишора тилида мулоқот қилиш қобилияти кам, улар жуда очиқ ва меҳрибон, табассум қилишади, янги нарсаларни ўрганишни яхши кўрадилар, – дейди бошланғич синф ўқитувчиси Рая Шарибоева. – Бола қанчалик эрта билим олса, таълим жараёни шунчалик енгил ва осон бўлади.

Мактаб-интернатда болаларга таълим қорақалпоқ тилида олиб борилади,  шунингдек улар, ўзбек ва рус  тилларини ўрганади.

Бир неча йил олдин педагоглар ёрдамида дарслик китоблар ўзбек тилидан қорақалпоқ тилига таржима қилинган, шунингдек, санъаткорлар томонидан болаларга дарс ўтилган видео қўлланманинг икки қисми нашр этилган.

– Мақсет Утемуратов, Бегис Темирбоев, Алан Алланазаров каби таниқли инсонлар лойиҳада иштирок этишга розилик беришди. Улар тарбияланувчиларимиз билан бир тилда «сўзлашганида» улар жуда хурсанд бўлишди, – дейди суҳбатдошимиз Раъно Қаландарова. – Бу нафақат қўлланма, балки қўллаб-қувватлаш ва мулоқотга муҳтож бўлган болаларга алоҳида эътибордир. Масалан, Алан ёш дўстлари билан тез-тез учрашиб туради, байрамларда ҳам уларни унутмайди. Тадбирларни ўтказишда ёрдам бераётганлар орасида Бердақ номидаги КДУ ва Ажиниёз номидаги НДПИ талабалари ҳам бор.

Мактаб-интернатда педагогика институтининг дефектология кафедраси  филиали мавжуд бўлиб, бўлажак мутахассислар шу ерда амалиёт ўтайди.

Болалар умрининг кўп қисмини мактаб-интернатда ўтказадилар, бу ерда улар интернатни тарк этганда фойдали бўладиган барча нарсани ўрганадилар. Педагоглар, уларнинг ўқувчилари товуш қандай ва қаерда пайдо бўлишини тушуниб, уни қандай талаффуз қилишни билишлари учун тактиль-операцион сезгирликни ривожлантиришга қатъий эътибор беришади. Мустақил равишда қарор қабул қилиш ва ўзларига хизмат қилиш имкониятига эга бўлишларига ҳам эътибор қаратишади, бу уларнинг интеллектуал қобилиятлари қандай ривожланиши, характерининг, иродасининг шаклланиши билан бевосита боғлиқдир.

Ўзини ва ўқитувчини «эшитиш», хато қилишдан қўрқмаслик, савол бериш ёки унга жавоб бериш – ҳаммаси энг оддий мактабдаги каби, фақат бунда ҳар бир ўқувчига алоҳида ёндашилади.

Жорий йилдан бошлаб ўрта таълим муассасалари ва «Ишга марҳамат» мономарказларида ўзбек имо-ишора тили ва Брайль алифбосини ўргатиш курслари ташкил этилди. Ушбу курсларда кўриш, эшитиш ва нутқида нуқсони бўлган шахслар, шунингдек, бундай болаларнинг ота-оналари бепул таҳсил оладилар.

Ўтган йилнинг октябрь ойида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев «Ўзбек имо-ишора тили ва Брайль алифбосини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорни имзолаган эди.

2024-2025 ўқув йилидан кар ва эшитиш қобилияти заиф бўлган болалар учун ихтисослаштирилган таълим муассасаларига фақат дарслар ўтиладиган имо-ишора тилини биладиган педагог кадрлар ўқитувчиликка қабул қилинади.

2023-2024 ўқув йилида олий таълим муассасаларида «Сурдопедагогика» ва «Тифлопедагогика» йўналишлари бўйича «бюджет» ўринлари сони 25 фоизга оширилади.

Жорий йилнинг сентябрь ойидан бошлаб республикада «Энг яхши имо-ишора тили таржимони» кўрик-танлови ўтказилади. Ғолибларга пул мукофотлари берилади.

Болалар билан ишлашда сурдопедагогларга 2021 йил май ойида «Замин» жамғармаси  томонидан совға қилинган махсус жиҳозлар қўл келмоқда. Бу замонавий ФМ-тизимлар ва нутқ тренажёрлари бўлиб, улар ўқув жараёнини сезиларли даражада яхшилашга ёрдам беради. Ушбу тизим туфайли ўқитувчилар ўқувчилар билан алоқада бўлишлари, улар билан индивидуал шуғулланишлари мумкин. Шунингдек, барча ўқувчилар эшитиш аппаратлари билан таъминланган, – сўзида давом этади Раъно Қаландарова. –Сурдопедагоглар ва дефектологлар, улар ноодатий мутахассисликни танлаган бўлсалар-да, ҳеч қачон афсусланишмайди.

– Ўқувчи фанингиздан яхши баҳолар ола бошлаганини кўрсангиз, қувончингиз уникидан кам бўлмайди, – деб жилмаяди физика ўқитувчиси Ниетбай Давлетов. – Ҳамкасбларим орасида тасодифий одамлар йўқ, мактаб-интернатга ишга келганларнинг барчаси бу ерда осон бўлмаслигини тушунишган, лекин улар онгли равишда бу қарорга келишган.

Мактабдан кейин болаларнинг ҳам қиладиган ишлари бор. Уларнинг кўпчилиги бу ерда қўшиқ айтишни ва рақсга тушишни яхши кўрадилар, ёш санъаткорлар учун саҳнадаги ҳар бир чиқиш – бу ўзини енгиш, ҳис-туйғуларини ифода этиш имконияти. Улар мураббийнинг қўлларини «эшитади» ва шу билан мусиқани ҳис қилишади, ритмда ҳаракатланишади, халқ ва замонавий рақсларни ижро этишади. Меҳнат дарсларида қоғоз ва ип ёрдамида ҳунармандчилик маҳсулотларини тайёрлашади, сават ва безак гиламлари тўқишади. Хуллас устозлари ўғил болаларни хўжалик ишлари бўйича ҳунарманд бўлишга, қизларни тикувчиликга, тўқишга ва пазандачиликка ўргатишади. Мактаб-интернат фақат ёзги таътил пайтида бўш қолади, лекин ҳатто бу кунларда ҳам ҳамма болалар уйга қайтишга шошилмайди. Ривожланишда давом этиш, спорт билан шуғулланиш, севимли тўгаракларига қатнашиш учун қоладиган  болалар ҳам бор.

 

Улар жамиятда ёлғиз эмас

Раъно Қаландарова ўн йилдан бери мактаб-интернатни бошқариб келади. Йиллар давомида интернатни ўнлаб ўғил-қизлар тарк этган. Уларнинг деярли барчаси, оиласи аъзоларидек бўлиб қолган устозларини, дўстларини йўқлаб тез-тез меҳмонга келишади.

– Ёшларни доимо назорат қилишга, бандлигини таъминлашга кўмаклашишга ҳаракат қиламиз. Улар касб-ҳунар коллежларида таҳсил олиб дизайнер, кассир, сантехник, дастурчи каби мутахассисликларни эгаллашмоқда. Жисмоний тарбия ва бошқа фан ўқитувчиси бўлаётган олий маълумотли йигит-қизлар, ҳатто ҳамкасбларимиз орасида мактаб-интернат битирувчилари ҳам бор.

Бугун ногиронлиги бўлган ёшларнинг инклюзив таълим олиши, спорт билан шуғулланиши, ижод қилиши, турли жараёнларга жалб этилиши учун барча имкониятлар яратилган. Биз, устозлар учун асосийси, улар «очиқ саёҳат»га чиққанда, жамиятда ёлғиз қолмасликлари, ўзларини топишлари ва тўлиқ, мароқли ҳаёт кечиришлари керак.

Бу йил мактаб-интернат ўзининг ярим асрлик юбилейини нишонлайди.

Маълумот учун: Худди шу 1973 йили Бутунжаҳон карлар федерацияси соддалаштирилган имо-ишора тили луғатини чиқарди. Икки йилдан сўнг Халқаро имо-ишора тили қабул қилинади ва тасдиқланди.

2017 йил 19 декабрда БМТ Бош Ассамблеяси ўз резолюцияси билан 23 сентябрь – Халқаро имо-ишора тиллари кунини эълон қилди.

Бутунжаҳон карлар федерацияси маълумотларига кўра, бугунги кунда 300 га яқин имо-ишора тили, шунингдек, халқаро имо-ишора тили мавжуд.

 

                                                                                         Алёна Аминова

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг