Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Умумий маданий ришталар — туркий давлатлар ҳамкорлигининг пойдевори

Умумий маданий ришталар — туркий давлатлар ҳамкорлигининг пойдевори

Туркий давлатлар ҳамкорлик алоқалари замирида тарихий ришталар, тил, дин, маданият, анъаналар ва қадриятлар яқинлиги муҳим ўрин тутади. Шу сабабдан ҳам Туркий давлатлар ташкилоти дастлаб маданий-гуманитар соҳада ҳамкорликни янада ривожлантиришни асосий вазифалардан бири сифатида белгилаган эди.

Туркий давлатлар ўзининг санъати, маданияти, адабиёти ҳамда соҳага беқиёс ҳисса қўшган буюк шахслари билан дунёга машҳурдир. Шу нуқтаи назардан Туркий давлатлар ташкилотининг ҳар бир саммитида маданий ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилади. Бугунги кунгача ҳам ташкилот доирасида салмоқли ишлар амалга оширилиб келмоқда.

Хусусан, туркий халқлар ўртасидаги маданий-гуманитар алоқаларни ривожлантириш,  умумий моддий ва маданий меросни асраб-авайлашни ўз олдига мақсад қилган — Турк маданияти халқаро ташкилоти (ТУРКСОЙ) фаолият кўрсатиб келмоқда.

Шунингдек, Турк дунёсини тадқиқ этиш, тил ва адабиётини кенг ўрганиш, илмий ва таълим фаолиятини чуқурлаштириш бўйича халқаро илмий марказ яъни Халқаро турк академияси ташкил этилган. Мазкур академия 40 га яқин илмий-тадқиқот институтлари, тарих ва маданият марказлари билан яқин алоқалар ўрнатган бўлиб, юздан ортиқ туркшунос олимлар лойиҳаларда мунтазам иштирок этиб келмоқда. Академия қошида 5 та илмий муассаса — Тарих ва этнология маркази, Тил, адабиёт ва атамашунослик маркази, Санъат ва маданият маркази, Ижтимоий-иқтисодий тадқиқотлар марази, Халқаро тадқиқотлар маркази фаолият кўрсатмоқда.

Бундан ташқари, Турк маданияти ва мероси жамғармаси ҳам ташкил этилган бўлиб, туркий халқлар маданияти ва санъатини ривожига хизмат қилади.

Туркий давлатлар ташкилоти томонидан адабиёт ва санъат соҳасига улкан ҳисса қўшган ёзувчи, шоир ва санъат соҳаси ижодкорларини номларини улуғлаб келинмоқда. Хусусан, қирғиз адиби Чингиз Айтматов йили (2018), қозоқ шоири Абай Кунанбаевнинг 175 йиллиги, шунингдек, бошқа турк дунёсининг фахри бўлган санъат дарғаларининг юбилей йиллари нишонланди.

Туркий халқлар ўзининг қадимий ва бой обидалари билан дунё эътиборини ўзига жалб этади. Туркий давлатлар ташкилоти томонидан анъана сифатида аъзо давлатлар шаҳарлари Туркий дунё маданий пойтахти, деб эълон қилиб келинади.

Ҳозирги вақтда Туркий давлатлар ташкилоти доирасидаги Туркий университетлар Иттифоқи фаолият олиб бормоқда ҳамда Ёшлар фестиваллари, Туркий ёшлар лагери ва Туркий давлатларнинг ёш дипломатлари учун курслар мунтазам равишда ўтказиб келинмоқда. 2018 йилда Боку шаҳрида Туркий кенгашнинг биринчи талабалар ўйинлари (Туркия Универсиадаси) бўлиб ўтди. Бутунжаҳон кўчманчилар ўйинларининг мунтазам ўтказилиши ҳам туркий тилли халқлар ўртасидаги маданий-тарихий алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.

Маданий соҳада ҳамкорликнинг яна бир муҳим жиҳатларидан бири шундаки, унинг туризмни ривожлантиришдаги ҳиссаси жуда катта. Хусусан, сўнгги йилларда айниқса аъзо давлатлар туризмни ривожлантириш бўйича жиддий аҳамият қаратишмоқда. Мазкур йўналишни мамлакат иқтисодий ўсишда асосий таянч ва йўналишларга айлантиришга ҳаракат қилишмоқда. Шу ўринда таъкидлаш лозимки, Туркий давлатлар ташкилоти қардош халқлар ўртасидаги туризмни ривожлантириш айниқса катта аҳамият қаратади. Ушбу соҳада «Замонавий ипак йўли» махсус қўшма лойиҳаси ишга туширилган бўлиб, у аъзо мамлакатларнинг маданий ва тарихий шаҳарларига 14 кунлик саёҳатни ўз ичига олади. Ташкилот ёшларга саёҳат қилиш, тенгдошлари билан учрашиш ва турли соҳаларда замонавий ва истиқболли лойиҳаларни биргаликда амалга ошириш учун янги имкониятлар яратди.

Ўзбекистон туркий халқлар тарихида асосий маданий марказларидан бири сифатида муҳим ўрин эгаллайди. Шу сабабдан мамлакатимизнинг мазкур ташкилотга аъзо бўлиши унинг нуфузини янада оширди. Мамлакатимиз Туркий давлатлар ташкилоти доирасида маданий ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган ташаббуслар илгари суриб келмоқда. Хусусан, ташаббуслар доирасида Алишер Навоий номидаги мукофотни таъсис этиш таклифи муҳим аҳамиятга эгадир. 2020–2021 йилларда Хива шаҳри Туркий дунё маданий пойтахти дея эълон қилинди.

Бобиржон Иззатуллаев,
Адлия вазирлиги ҳузуридаги
Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти  бош мутахассиси

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг