Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Ушбу ҳафтада ҳарорат айрим жойларда 41 даражагача етиши кутилмоқда

Ушбу ҳафтада ҳарорат айрим жойларда 41 даражагача етиши кутилмоқда

Фото: «Xabar.uz»

«Ўзгидромет» жорий ҳафтада кутилаётган об-ҳаво маълумотини эълон қилди. 

Бугун Ўзбекистон ҳудудида Эрон томондан иссиқ ҳаво киришига сабаб бўлган юқори барик ўркач (баландликдаги юқори босимли қатлам) таъсири сақланиб туради.

Бутун республика бўйича об-ҳаво очиқ бўлади. Кундузги ҳарорат 36-39 даражани ташкил қилади, шимолий ҳудудлар ва чўл зонасида айрим жойларда 40-41 даражагача етади.

Баландликдаги юқори босимли қатлам ҳафтанинг охиригача мамлакатмиздаги об-ҳаво шароитларига таъсир қилади. Об-ҳаво асосан кам булутли бўлади. Республиканинг шимоли ва чўл зоналарида 27-28 май кунлари шамолнинг тезлиги секундига 17-22 метргача кучайиши мумкин.

Ҳарорат 34-39 даража атрофида бўлади. Республиканинг шимоли, чўл зонаси ва жанубида ҳарорат бундан ҳам иссиқ, 40-41 даражагача етади, бу бутун ҳудудимиз бўйича май ойининг сўнгги кунлари учун хос ўртача кўп йиллик қийматлардан 5-7 даражага юқори, ва энг иссиқ йилларда шу кунларда кузатилган ҳароратлардан бир оз пастдир.

Тошкентда май ойида ҳароратнинг мутлақ максимуми 39,9 даражани, республиканинг жанубий вилоятлари ва чўл зонасида айрим жойларда 43-44 даражани ташкил қилган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг