Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

«Жараён ортида...» – вазир муҳим фактларни келтирди

«Жараён ортида...» – вазир муҳим фактларни келтирди

Фото: Xabar.uz

Ўзбекистон Республикасида сайлов жараёнларига рақамли технологияларни жорий қилишнинг асосий йўналишлари тўғрисида матбуот анжумани ўтказилди. Унда АКТ вазири Шуҳрат Содиқов бу борада қилинган ишларга тўхталди.

Қайд этилишича, Ўзбекистон Республикасида сайлов жараёнини янада такомиллаштиришнинг энг муҳим йўналишларидан бири – рақамли технологияларни кенг жорий этиш ҳисобланади.

Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ҳукуматининг тегишли қарорлари қабул қилинган ва уларда сайлов жараёнларига АйТи технологияларни кенг жорий этиш ва ушбу йўналишни рақамлаштириш юзасидан аниқ вазифалар белгиланган.

Фото: Xabar.uz

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Сайлов жараёнига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2018 йил 4 октябрдаги ПҚ–3961-сон; Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Сайловчиларининг ягона электрон рўйхатини шакллантириш ва юритиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2017 йил 15 августдаги 630-сон қарорлари асосида сайлов жараёнларини бошқариш ахборот тизими, сайловчиларнинг ягона электрон рўйхати ишлаб чиқилган ва аввалги сайловлар тажрибасидан келиб чиқиб, такомиллаштириш чоралари кўрилди.

Фото: Xabar.uz

2019 йилда республикамизда ўтказилган Парламент сайловларида сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатини шакллантириш бўйича олинган тажрибадан келиб чиқиб, жорий йилда ўтказиладиган Президент сайловига тайёргарлик кўриш жараёнларида қуйидагиларга алоҳида эътибор қаратилди.

Биринчи навбатда, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳри, шунингдек шаҳар ва туманлар миқёсида сайлаш ҳуқуқига эга бўлган фуқаролар ҳақидаги маълумотларни аниқлаштириш учун мутасадди вазирлик ва идоралар (жумладан Ички ишлар вазирлиги, Кадастр агентлиги, Ахборот технологиялари вазирлиги, маҳаллий ҳокимликлар ва бошқалар) вакилларидан иборат штаблар тузилди.

Иккинчи навбатда, ҳудудларда ташкил этилган штаблар томонидан 7,2 млн.дан ортиқ хонадон ва 23,8 млн. нафар фуқаронинг маълумотлари ўрганиб чиқилди.

Учинчи навбатда, кўчмас мулк объектлари тўғрисида давлат органлари томонидан тегишли ахборотлар рақамлаштирилиб, уларни реал вақт режимида янгилаш ишлари амалга оширилиши йўлга қўйилди.

Тўртинчи навбатда, сайлов участкаларининг жойлашуви ва уларнинг чегараларидан келиб чиқиб, интерактив харитани шакллантириш учун сайлов участкаларининг чегаралари белгилаб чиқилди.

Фото: Xabar.uz

Участка сайлов комиссиялари аъзоларини рақамли технологиялардан фойдаланиш кўникмаларига ўргатиш жараёнини ташкил қилиш мақсадида тегишли Концепция тасдиқланиб, 30 нафар республика тренерлари тайёрланди.

Улар томонидан ҳудудий миқёсида 797 нафар тренер шакллантирилиб, уларнинг ҳар бири 14-15 та сайлов участкаларига бириктирилиб, 3-босқичда жорий йилнинг август ва сентябрь ойларида жами 32 856 нафар сайлов комиссиялари аъзолари (оператор) ўқитилди.

Бундан ташқари, ўз-ўзини тайёрлаш учун тегишли ўқув материаллари – фойдаланувчи йўриқномалари, видеоролик, инфографика ва бошқалар тайёрланди.

Фото: Xabar.uz

Фойдаланувчиларга кўмак бериш, саволларга тезкор жавоб қайтариш ва юзага келган камчиликларни тезкорлик билан бартараф этиш бўйича 10 нафар малакали мутахассисдан иборат, кун-тун ишлайдиган қўнғироқларни қайта ишлаш маркази фаолияти йўлга қўйилди.

Республикада мавжуд 10 761 та сайлов участкаларининг барчаси телефон алоқаси билан тўлиқ таъминланган.

Шундан 96,7 фоизи ёки 10 416 таси оптик толали юқори тезликдаги интернет тармоғига уланган.

Фото: Xabar.uz

Қолган 3,3 фоизи ёки 345 таси мобиль ва радио алоқа тармоғи ҳамда сунъий йўлдош орқали юқори тезликдаги Интернет билан таъминланди.

Сайлов жараёнларининг шаффоф ва ошкора ўтказилишини таъминлаш мақсадида Марказий сайлов комиссияси томонидан тақдим этилган рўйхатга асосан 207 та сайлов участкаларига 414 та видеокузатув камералари ўрнатилди.

Мазкур видеокузатув камерларини Марказий сайлов комиссиясининг Матбуот марказида катта ҳажмдаги экранда, сайлов порталида ва Миллий телерадиокомпаниянинг «Ўзбекистон 24» телеканалида сайлов куни он-лайн намойиш қилиш юзасидан техник ишлар амалга оширилди.

Фото: Xabar.uz

Шунингдек, Сайловчиларга қулайлик яратиш мақсадида:

  • Колл-марказ ташкил этган ҳолда Марказий сайлов комиссияси учун «12 00»;
  • сайлов жараёнини техник қўллаб-қувватлаш учун «12 09» махсус қисқа рақамлари бириктирилди.

Сайлов жараёнларида ахборот ресурсларидан фойдаланишда қатор имкониятлар яратилди. Жумладан:

  • Президент сайлови портали ҳамда Марказий сайлов комиссияси расмий веб-сайтининг янги талқини ишлаб чиқилди ва ишга туширилди;
  • Президент сайлови порталида Кадастр агентлиги билан ҳамкорликда Округ ва сайлов участкалари ҳақида батафсил маълумот олиш имконини берувчи ҳамда қўшимча хизматларни кўзда тутадиган интерактив харита (геопортал) ишга туширилди;
  • участка сайлов комиссия аъзоларини масофавий ўқитиш ва тест тизими (телеграм бот), сайловга оид савол-жавоб, сайлов таъминоти ва сайлов участкасини аниқлаш бўйича махсус телеграм-бот ишга туширилди;
  • Сайлов қонунчилиги бўйича ўқув материаллари (контентлар)дан фойдаланиш бўйича мобил илова Тошкент шаҳридаги Инҳа университети томонидан ишлаб чиқилди.

Сайлов жараёнларини рақамлаштириш доирасида ишлаб чиқилган ахборот ресурслари, тизимлари, веб-сайтлар Ахборот технологиялари вазирлиги тизимидаги корхона ва ташкилотлар, олий ўқув юртлари мутахассислари томонидан яратилган ва техник қўллаб-қувватлаб борилади.

Фото: Xabar.uz

Бошқача қилиб айтганда, АйТи кадрларни тайёрлаш, АйТи компаниялар учун яратилган кенг имкониятлар ва шароитлар натижасида буларнинг барчаси маҳаллий ишлаб чиқарувчилар томонидан яратилган.

Шунингдек, Сайлов жараёнлари доирасида сайловолди ташвиқот материаллари ва сайлов бюллетенларини сайлов участкаларига етказиб бериш Марказий сайлов комиссияси талабномасига асосан вазирлигимиз тизимидаги Давлат фельдъегерлик хизмати томонидан амалга оширилмоқда, – деди АКТ вазири Шуҳрат Содиқов.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг