Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

“Вазият биз кутганимиздан тезроқ ёмонлашмоқда” – ЕИ элчиси инсоният келажагига дахлдор масалани кўтарди

“Вазият биз кутганимиздан тезроқ ёмонлашмоқда” – ЕИ элчиси инсоният келажагига дахлдор масалани кўтарди

Элчи Шарлотта Адриан.

Фото: ЕИ делегацияси

Иқлим ўзгариши инсоният учун ҳаёт-мамот масаласига айланди. Бу ўзгаришлар, афсуски, Ўзбекистонни ҳам четлаб ўтмайди, дейди Европа Иттифоқининг мамлакатимиздаги элчиси Шарлотта Адриан.

Дипломат  “Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти” миллий тадқиқот университетида қилган маърузасида экология, табиатни муҳофаза қилиш ва башарият истиқболига доир долзарб масалаларни кўтарди.

“Иқлим ўзгариши ва атроф-муҳитнинг бузилиши ҳар бир инсон учун экзистенциал таҳдиддир. Вазият биз бир неча йил олдин кутганимиздан анча тез ёмонлашмоқда. Иқлим ўзгарганлигини тасдиқловчи глобал ва маҳаллий даражада кўплаб аниқ таъсирларнинг гувоҳи бўлмоқдамиз”, – деди Адриан хоним.

Дипломатнинг қайд этишича, бу ўзгаришлар, афсуски, Ўзбекистонни ҳам четлаб ўтмайди.

“Мутахассисларнинг фикрича, мамлакатингизда чўлланиш кучайиб, қурғоқчилик ва биохилма-хилликнинг қисқариши кузатилмоқда. Албатта, сув ресурсларини нотўғри бошқарилишининг бевосита натижаси туфайли юзага келган Орол денгизи фожиаси мавжуд, лекин бу вазият иқлим ўзгариши билан ҳам оғирлашмоқда. Мен ирригация масалаларини ўрганаётган сиз каби тадқиқотчилар ушбу мавзуни жуда ҳам яхши биласиз деган фикрдаман. Бинобарин, биз ўтган йили Тошкентда илгарилари эҳтимол ҳеч ҳам бўлмаган қум бўронларини кузатдик”, – деди элчи.

Қайд этилишича, глобал муаммога айланган иқлим ўзгариши глобал жавоб чораларини талаб қилади. Иқлим ўзгариши бўйича экспертларнинг ҳукуматлараро гуруҳи (МГЭИК) тайёрлаган сўнгги илмий маърузада баён этилганидек, ҳозирги вақтда на глобал олий марралар, на уларни амалга ошириш ҳаракатлари жаҳонда ҳароратни  1,5°Сга ўсишига йўл қўймаслик бўйича мақсадларга эришиш учун етарли эмас. Иқтисодиётнинг барча секторларида ҳавога чиқарилаётган заҳарли газлар миқдорини зудлик билан қисқартириш зарур.

ЕИ бутун жаҳонда атроф-муҳит, иқлимни муҳофаза этиш ва энергия тежамкорлиги соҳаларида ташаббусларни илгари суради ва изчил сиёсатни амалга оширади. Ҳамкор мамлакатлар, шу жумладан, Ўзбекистон учун ЕИ янги молиявий кўмагининг 30 фоизи иқлим мақсадларига эришишга йўналтирилиши ҳам буни тасдиқлайди.

Масалан, ЕИ Оролбўйи минтақаси учун БМТнинг Инсон хавфсизлиги бўйича Кўп томонлама шериклик траст жамғармасига 5 миллион евродан зиёд маблағ ажратган. Бу – табиий офатнинг салбий оқибатларини юмшатиш ишига содиқлик ифодаси деб баҳоланган.

ЕИ Ўзбекистон ҳукуматининг саҳрога айланаётган ҳудудни тиклаш бўйича хатти-ҳаракатларига кўмак сифатида жорий йил охиригача Орол денгизи тубига 27 минг туп ниҳол экиш мажбуриятини ҳам зиммасига олади.

ЕИ, шунингдек, иқлим ўзгаришининг бевосита таъсирига дуч келган маҳаллий ҳамжамиятларни қўллаб-қувватлаш ёки кўпроқ экологик қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини ривожлантириш бўйича лойиҳаларни ҳам молиялаштирмоқда.

Юртимизда ЕИ, БМТ Европа иқтисодий комиссияси ва Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти шафелигида сув ресурсларини интеграциялашган бошқариш ташаббуси ҳам амалга оширилмоқда. Аввалроқ Мувофиқлаштирувчи кенгашнинг биринчи учрашувида иштирок этган элчи  Шарлотта Адриан минтақада сув манбаларидан оқилона фойдаланиш ва бошқариш шартларига ҳам тўхталганди.

Эслатиб ўтамиз, эртага, 6 ноябрь куни Мисрнинг Шарм аш-Шайх шаҳрида БМТнинг иқлим ўзгаришлари бўйича нуфузли анжумани бошланади. Икки ҳафта давомида атроф-муҳит, табиатни муҳофаза этишга доир долзарб масалалар муҳокама этилади.

Анъанага кўра, ушбу анжуман арафасида ЕИ иқлим ўзгариши масалаларида дунё бўйлаб инсонларнинг билими ва хабардорлигини оширишга қаратилган “Иқлим дипломатияси” тадбирларини ташкил қилади. 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг