Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Халқчил бўлмаган қонунни қабул қиляпмиз – депутат

Халқчил бўлмаган қонунни қабул қиляпмиз – депутат

Қонунчилик палатасида депутатлар давлат молиявий тизими ҳамда беғараз ёрдам доирасида келаётган тиббий асбоб-ускуналардан фойдаланиш тартибини такомиллаштириш муносабати билан «Ўзбекистон Республикасининг Бюджет кодексига ўзгартишлар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси кўриб чиқилди.

Маърузачи депутатнинг қайдича, қонун лойиҳаси билан Бюджет кодексининг 64-моддасига жузъий ўзгартиришлар киритилган.

Мазкур қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда концептуал жиҳатдан маъқулланган эди.

Ўтган мажлисда мазкур лойиҳа билан сифатли тиббий хизмат кўрсатиш имкониятини ошириш ҳамда тиббий асбоб ускуналардан самарали фойдаланиш мақсадида бепул тиббий ёрдам ҳуқуқига эга бўлмаган шахсларга мазкур тиббий асбоб-ускуналардан фойдаланиш имконияти яратилаётгани таъкидланган, бироқ айрим депутатлар, жумладан, депутат Илҳом Абдуллаев ушбу ҳужжат лойиҳасига нисбатан ўз эътирозларини билдирган эди.

Кутилганидек, бу бугунги йиғилишда ҳам Абдуллаев мазкур қонунга мутлақо қарши эканини билдирди.

– Бу халқчил бўлмаган қонун. Чунки амалдаги Бюджет кодексига кўра, беғараз ёрдам доирасида келган товарлардан тижорат мақсадларида фойдаланиш тақиқланади. Биз бўлсак, бу ерда айни шу тартибни жамиятнинг энг сезгир ва таъсирчан соҳаси – тиббиётга нисбатан бузмоқчи бўляпмиз. Инсонлар, агар шу қонунни қабул қилсак, эртага бизни тушунмайдилар.

Ҳа, Президент тиббиётчилар билан учрашувда тиббий ускуналарни сақлаш чораларини излаш ҳақида таклиф ишлаб чиқишни топширган эди. Лекин бизга тақдим қилинаётган қонун лойиҳаси масалага ечим эмас. Биз беғараз ёрдам сифатида келтирилган ускуналар ҳақида маълумотларни сўрадик, аммо Қўмита бизга қўлимда турган рўйхат ва маълумотлардан бошқа қоғозни тақдим қилмади. Қайсики, кунига 15 минг сўмга баҳоланган ва шу маблағни тўлолмаса, ўлим хавф соладиган сунъий нафас бериш аппарати ҳақидаги ҳужжат.

Бепул ва беғараз келган ускуналар хизматини қандай қилиб пулли қилиш ва тижорий фойдаланиш ҳақида ўйлаяпсизлар, тушунмайман, – дейди Абдуллаев.

Ўз навбатида депутат Дониёр Ғаниев ҳам ўз эътирозларини билдириб ўтди.

–  Сунъий нафас олиш аппарати жонлантириш бўлимларида турадиган ускуна. Соғлиқни сақлаш вазирлиги мутахассиси жонлантириш бўлимларидаги ускуналарнинг бепул эканини тасдиқлаяпти. Аммо шу билан бирга бу аппаратнинг жойларда пуллик хизмат кўрсатишини назарда тутувчи ҳужжатни тақдим қилаяпти.

Қолаверса, 9 ой ичида Ўзбекистонга 23та давлатдан 146 млн долларлик (турли кўринишларда, -таҳр.) инсонпарварлик ёрдамлари келган. Мазкур ёрдам пакетларининг деярли 99 фоизи соғлиқни сақлашга йўналтирилган. Агар биз юқоридаги қонунни қабул қиладиган бўлсак, эртага донор давлатлар билан алоқаларимизга путур етиб қолмайдими? Бу норма сабаб улар бизга жўнатадиган ускуналарига чекловлар киритмайди, деб ким кафолат беради? – дейди Ғаниев.

Сўз олган навбатдаги депутатлар – Мақсуда Ворисова, Ўктам Исломов ва Эркин Зохидов каби депутатлар қонун лойиҳасини маъқуллашларини билдирди.

Якунда иккинчи ўқишда қабул қилиш учун овозга қўйилган ҳужжат лойиҳаси 80 та овоз билан (жумладан, қаршилар – 22 та, бетарафлар – 20 та, овоз бермаганлар – 7 та) депутатлар томонидан қабул қилинди. 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг