Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Херсондаги мағлубият Путинга кутилмаган нохушлик олиб келди

Херсондаги мағлубият Путинга кутилмаган нохушлик олиб келди

Фото: Кремль матбуот хизмати

Россия президенти Владимир Путин учун Украина урушида ғалаба қозонишни талаб этаётган электоратни хотиржам қилиш тобора қийинлашиб бормоқда. Бу ҳақда АҚШдаги Урушни ўрганиш институти (ISW) ҳисоботида сўз боради.

Украинадаги «миллатчи» ҳукуматни ағдариш ва улкан ҳудудни эгаллашдек баландпарвоз мақсадларни эълон қилган армиянинг кетма-кет мағлубият ва йўқотишлари ортидан сайловчиларнинг ҳафсаласи пир бўлаётгани айтилмоқда. Хусусан, рус армиясининг Херсонни тарк этиши онгу тафаккури уруш ғояси билан суғорилган россияликларнинг президент Путинга ишончини сусайтирган. Миллатчилик кайфиятидаги аҳоли гуруҳи Россия раҳбариятининг сўнгги қарорларини заифлик ўлароқ қабул қилган.

ISW ҳисоботига кўра, Херсон бой берилиши ортидан «Путиннинг ошпази» деган лақаб билан танилган тадбиркор, «Вагнер» хусусий аскарлар ёллаш ширкати асосчиси Евгений Пригожинга алоқадор ахборот каналларида Кремлнинг қарорларига қарши руҳдаги материаллар эълон қилинган. Бу эса олий бошқарувда бўлиниш юзага келаётганидан далолат бериши мумкин.

Россия армияси Украинага бостириб кирган илк кунларда Херсонни эгаллаган, бир ой муқаддам эса референдум йўли билан ҳудудни аннексия қилган эди.

9 ноябрь куни Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу Украинадаги қўшинлар қўшма гуруҳи қўмондони Сергей Суровикиннинг ҳисоботидан сўнг Херсондан қўшинни олиб чиқиш ҳақида буйруқ берди.

Буюк Британия разведкаси ҳам Херсоннинг бой берилиши Россиянинг обрў-эътиборига кучли зарба берди деб ҳисоблайди. Чунки бу жорий йил февралдан буён давом этаётган уруш давомида рус армияси эгаллаган ягона вилоят маркази эди.

«Қўшиннинг чекиниши Россия армияси Днепрнинг ғарбий соҳилида жиддий қийинчиликларга дуч келаётганининг расман тан олинишидир», дейилади Британия мудофаа вазирлигининг кунлик ҳисоботида.

Инглиз ҳарбийларига кўра, Россия аскарларининг Херсондан чиқиши жорий йил 22 октябрдан бошланган бўлиши мумкин. Айни чоқда, кўп сонли рус аскарлари эвакуация қилинган тинч аҳоли билан бирга, фуқаро кийимида шаҳарни тарк этгани айтилмоқда.

Сўнгги вақтларда айрим таҳлилчилар Украинадаги муваффақиятсиз ҳарбий юриш ортидан Россияда ҳокимият алмашуви рўй бериши ҳақида ёзмоқда. Баъзи экспертлар эса Путин аллақачон мутлақ ҳокимиятни бой бера бошлаганини иддао қилмоқда. Куни кеча Россия собиқ бош вазири, мухолифатдаги сиёсатчи Михаил Касьянов В.Путинга хавфсизлик гарови эвазига ҳокимиятдан кетиш таклифи берилиши мумкинлиги ҳақидаги тахминни илгари сурди.

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг