Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Хитой ва Россия Туркий давлатлар ташкилотига «қандай кўз билан қарайди»?

Хитой ва Россия Туркий давлатлар ташкилотига «қандай кўз билан қарайди»?

Жорий йил  10-11 ноябрь кунлари бўлиб ўтадиган Туркий давлатлар ташкилоти саммити тадбирлари доирасида ОАВ вакиллари учун тегишли вазирлик ва идоралар вакиллари иштирокида брифинглар ҳамда экспертлар гуруҳи билан суҳбатлар ташкил қилинди.

Мазкур маънода Xabar.uz мухбири ҳам сиёсий фанлар номзоди, доцент Баҳром Хўжановни суҳбатга тортиб, у билан Туркий давлатлар ташкилоти ҳамда унинг минтақа давлатлари билан келгусидаги муносабатлари қандай бўлиши ҳақида сўраб олди.

Сиёсий таҳлилчи Баҳром Хўжановга кўра, ҳар қандай халқаро ташкилот тўлақонли бўлиши учун бир соҳанигина эмас, балки бир неча соҳаларни қамраб олиши керак бўлади. Бу жиҳатдан Туркий давлатлар ташкилоти (ТДТ) ҳам тарихий-маданий соҳалардаги ҳамкорлик босқичидан ўтиб, айни вақтда нафақат маданият, балки аъзо давлатларнинг иқтисодий-сиёсий муносабатларини, қолаверса, хавфсизлик соҳасини ҳам қамраб олаётгани кўзга ташланяпти.

Халқаро аҳамиятдаги ташкилотнинг бундай муаммолар билан шуғулланиши эса давр талаби ҳисобланади.

«Самарқанд саммити олдидан кўпчилик маҳаллий ҳамда хорижий таҳлилчилар тадбир аҳамияти ҳақида гапира туриб, унинг янги бир босқични бошлаб берганлиги ҳақида фикрларини билдиришмоқда. Бу фикрларга қўшилиш мумкин. Аммо геосиёсат, халқаро муносабатлардаги кучлар мувозанати нуқтаи назаридан, ҳар қандай халқаро муносабатдаги ўзгараётган жараён, давлатлараро муносабатларнинг ривожи – қайсидир давлатларнинг манфаатлари ва уларнинг геосиёсий рақобатига ҳам сабаб бўлиши турган гап.

Биз масалага шу жиҳатдан қарайдиган бўлсак, Ўзбекистоннинг ТДТга аъзо бўлиб кириши ташкилотнинг нуфузини янада орттирди. Биз буни бевосита Ўзбекистоннинг яқин қўшничилик сиёсати ҳамда мазкур тамойилнинг тадрижий бир ривожланиши сифатида кўрсак бўлади.

Иккинчи томондан эса ташкилотга аъзо бўлмаган ва аъзо давлатларга бевосита чегарадош бўлган минтақадаги етакчи куч марказлари, масалан, Хитой ва Россиянинг ҳам, албатта ташкилот фаолиятига нисбатан ўз қарашлари бўлади.

Аксариятимизда «Туркий давлатларнинг ривожланиш ва истиқболли йўналишлар бўйича ҳамкорлигига Россия ва Хитойнинг муносабати қандай» деган мазмунда савол пайдо бўлиши табиий.

Бугунги кунда бўлаётган воқеалар фонида, статус-кво нуқтаи назаридан гапирадиган бўлсак, Россия ўзининг ички сиёсий ҳолати, ёки славян дунёсидаги муаммолари билан овора деб айтишимиз мумкин. Россия ўзининг анъанавий тарзда алоқа ўрнатиб келаётган ҳамкорлари билан дўстона муносабатни давом эттиришдан манфаатдор. Бу жиҳатдан Россия ўзи билан ҳамкорлик қилиб келган, дейлик, Марказий Осиё давлатларининг ташкилот доирасидаги алоқалари ривожланишига монелик қилиши қийин бўлади. Ёки бошқача айтганда, Россия ҳозирги кунда бундан манфаатдор ҳам эмас.

Хитой масаласига тўхталадиган бўлсак...

Кўпчилик айтганидек, Хитой ва Россия Марказий Осиё минтақаси, жумладан, туркий дунёдаги бундай жипслашувни ўзларининг хавфсизликлари учун таҳдид ёки анъанавий борлиқ узра назоратни ўтказиб келган макондан ажралиш деб қараши, геосиёсатнинг табиати нуқтаи назаридан, тўғри. Лекин ҳозирги пайтда Хитой ҳар қандай муаммолар бўлмасин, уларнинг ечимида Ўзбекистон сингари иқтисодий масалани биринчи ўринга қўйиб келмоқда. Хитойнинг Афғонистон масаласидаги позициясини бунга мисол қилиб келтириш мумкин. Туркий давлатлар ташкилотининг ядросини Марказий Осиё давлатлари ташкил қилади, деб қарсак ва Хитойнинг иқтисодий алоқаларни кучайтиришга эътибор қаратаётганини инобатга олсак, айнан минтақада бевосита Хитойнинг бир нечта лойиҳалари бор. Масалан,  «Бир макон – бир йўл» лойиҳаси учта йўналишда бўлса, уларнинг иккитаси Буюк ипак йўли чизиғи бўйлаб ўтади. Иқтисодий масалани устувор кўраётган Хитой учун эса савдо йўлаги муҳим. Шунингдек, Марказий Осиё минтақасида катта иқтисодий лойиҳалардан «Термиз – Мозори-Шариф – Кобул – Пешовар» транспорт йўлаги ҳамда яқин келажакда худди шундай умидли лойиҳалардан бири – Кавказ билан бевосита боғлиқ ҳолатда юзага келиши мумкин. Бу жануб томонга Кобул йўлаги бўлса, Кавказ томонга Нахичеван йўлаги деганидир. Нахичеван йўлаги истиқболли лойиҳалардан бири бўлиб, Хитой учун ҳар икки лойиҳа манфаатли ҳисобланади. Демоқчиманки, туркий давлатларнинг бирлашаётгани, жипслашаётгани Хитой учун унчалик муҳим масала эмас, балки иқтисодий масалалар муҳим бўлади», – дейди Баҳром Хўжанов.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг