Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Янги Навоийлар чиқиши аёлларимизнинг зиёли бўлишига боғлиқ

Янги Навоийлар чиқиши аёлларимизнинг зиёли бўлишига боғлиқ

Ҳеч қачон унутмаслигимиз керак бўлган бир ҳақиқат бор: даҳо Навоийни ҳам, Берунийни ҳам, Хоразмийни ҳам она, яъни аёл туққан ва тарбия берган. Ана шундай ўз даврининг ҳақиқий даҳоларининг пайдо бўлишида оналарнинг, аёлларнинг ўрни беқиёс. Бугунги ёшларимиз ичидан ҳам шундай етук мутахассислар, олимлар етишиб чиқиши учун уларни доно, ўқимишли аёлларимиз тарбиялаши керак. Бунинг учун уларнинг таълим олиши жуда муҳим саналади. Бу борада халқимизнинг азалий қадриятларида ҳам аёлларнинг илм олишига эътиборни эслаб ўтишимиз жоиз.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ҳам аёллар ҳақидаги нутқида бу масалага тўхталиб, «Янги авлодни дунёга келтираётган, фарзандлар тарбияси билан шуғулланаётган аёлларга азал-азалдан халқимиз алоҳида эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиб келган», деб таъкидлаган эди.

​Албатта, хотин-қизларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, уларни ҳар тарафлама қўллаб-қувватлаш ҳамда интеллектуал ва ижодий салоҳиятини мустаҳкамлаш давлатимиз олдида турган асосий вазифалардан биридир ва бу борада кўплб ишлар амалга оширилмоқда.

​Лекин, юридик фанлар номзоди, Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ бўлим бошлиғи Камила Алимованинг фикрига кўра, жамиятимизда у ёки бу соҳада аёлларнинг ҳуқуқлари яширин тарзда бўлса ҳам чекланаётганини кўришимиз мумкин. Айниқса, хомиладор ва ёш боласи бор аёлларнинг меҳнат ҳуқуқларини амалга оширишда тўсқинлиқ қилиш ва баъзи ҳолларда қўпол равишда бузилиши амалиётда кўп учрайди. Унинг асосий сабаби, бу тоифадаги хотин-қизларга меҳнат соҳасида қонунчилик билан иш берувчилар хисобидан жуда кўп имтиёз ва қулайликларни яратилганидадир.

​Жумладан, амалдаги Меҳнат қонунчилигига асосан айнан ҳомиладор аёлларни ва уч ёшга тўлмаган болалари бор аёлларга уларнинг ҳомиладорлиги ёки ёш боласи борлигини важ қилиб ишга қабул қилмасликка йўл қўйилмайди, улар билан олти ойгача муддатга меҳнат шартномаси тузилиб, ишга қабул қилинганда дастлабки синов белгиланмайди, йиллик асосий таътил ҳомиладорлик ва туғиш таътили олдидан ёки ундан кейин уларнинг хоҳиши бўйича олти ой ўтмасдан олдин берилади ва бошқа кўплаб имтиёзлар кўзда тутилган.

Шунингдек, қонунчиликда нафақат ҳомиладор аёллар, балки уларнинг турмуш ўртоқларига ҳам айрим имтиёзлар берилган. Жумладан, ишлаётган эркакларга йиллик таътил уларнинг хоҳишларига биноан хотинларининг ҳомиладорлик ва туғиш таътили даврида берилади.

Айтиш керакки, давлатимиз раҳбарининг жорий йил 7 мартдаги «Оила ва хотин-қизларни тизимли қўллаб-қувватлашга доир ишларни янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармон билан 2022 йил 1 сентябрдан бошлаб хусусий корхоналар ва ташкилотларда охирги 6 ой давомида узлуксиз иш стажига эга бўлган аёлларга ҳар ой учун минимал истеъмол харажатлари миқдоридан келиб чиққан ҳолда давлат бюджети маблағлари ҳисобидан бюджетдан ташқари ташкилотларда ишловчи аёлларнинг хомиладорлик ва туғиш таътиллари давлат бюджети хисобидан тўланиши белгиланди.

«Конституциямизда ҳомиладорлиги ёки ёш боласи борлиги сабабли аёлларни ишга қабул қилишни рад этиш, ишдан бўшатиш ва уларнинг иш ҳақини камайтириш тақиқланишининг белгиланиши аёлларнинг меҳнат соҳасидаги ҳуқуқлари камситилишини бартараф этиш, меҳнат соҳасида гендер тенглигига эришиш, хотин-қизларнинг жамият ҳаётидаги фаоллигини оширишга хизмат қилади», деб ёзади Алимова ўзининг фейсбуқдаги саҳифасида.

Хотин-қизларимизни ўқитиш жуда ҳам муҳим. Уларни иш билан таъминлаш масаласи ҳам жуда муҳим саналади. Фарзандларингиз келажакда Навоийдек, ёки Ибн Синодек бўлиши учун унга биринчи тарбияни, ақл-идрокни айнан оналар, аёллар беришини унутманг ва бунинг учун бирламчи пойдевор сифатида қизларингизни, имкон бўлса опа-сингил, аёлингизни ҳам ўқитинг.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг