Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

«Зиёрат туризми ҳафталиги»да юртимиздаги хаттотлик мактаблари салмоғи маълум қилинди

«Зиёрат туризми ҳафталиги»да юртимиздаги хаттотлик мактаблари салмоғи маълум қилинди

Туризм ва маданий мерос вазирлиги ва Самарқанд вилоят ҳокимлиги ташаббуси билан ташкил этилган «Халқаро зиёрат туризми ҳафталиги» доирасида «Марказий Осиё – ислом санъати ўчоғи» мавзусида халқаро Форум ўтказилмоқда.

Тарихдан маълумки, араб ёзуви ислом динининг маънавий-маърифий ҳамда маданий тараққиёти учун катта хизмат қилган. Дастлаб Қуръони карим тери, сопол, ёғоч ва қоғозларга кўчирилиб жамланди. Ўрта асрларда, ҳали китоб чоп этиш ихтиро этилмаган маҳалда ҳар қандай асар қўлда кўчирилиб, китоб ҳолига келтирилган.

Шу боис, китоб кўчириш ўша даврда энг эътиборли ҳунар ва санъат ҳисобланган. Бу ҳунар эгалари хаттот ёки котиб деб ном олиб, кўплаб алломаларимиз ҳам ўз асарларини шу касб эгаларига кўчиртирган. Натижада қоғоз ишлаб чиқариш, хат турлари, терига ишлов бериш, ёғоч ва буюмларга нақш солиш каби бир қанча исломий санъат турлари шаклланди. Араб ёзуви турли санъат намуналарига кўча бошлади.

Хаттотлик Шарқ мамлакатларида ўзига хос алоҳида йўналиш касб этган ва фан даражасига кўтарилган бебаҳо санъат туридир. Ўрта Осиё халқлари томонидан ислом динининг қабул қилиниши муносабати билан бу ўлкага «Қуръони карим» нозил қилинган араб ёзуви кириб келди. Бу санъат азалдан Шарқда ҳуснихат, хаттотлик, Ғарбда эса каллиграфия номи билан кенг шуҳрат қозонган.

Давлатимиз тарихида Бухоро, Хива, Қўқон, Самарқанд ва Тошкент хаттотлик мактаблари шаклланган. Хаттотлик санъатидан меъморчилик ва халқ амалий санъати жумладан, абру, кулолчилик, кандаҳорлик, майолика, наққошлик, ёғоч ўймакорлиги ва зардўзликда ҳам кенг фойдаланилган.

«Марказий Осиё – ислом санъати ўчоғи» форумида маҳаллий ва етакчи нуфузли хорижий ташкилотлар ва илмий муассасалар раҳбар ҳамда тадқиқотчилари, соҳа мутахассислари, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида фаолият олиб бораётган хаттотлар, кулоллар, наққошлар, қоғоз ишлаб чиқарувчилар, шунингдек, диний соҳа вакиллари ва таниқли исломшунос олимлар иштирок этмоқда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг