Мобильное приложение Xabar.uz для Android устройств. Скачать ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Скачать ×

Sanjar Mashriqiy

Xudodan so‘rab, bekor yotma! (arman xalq maqoli)

«Корейсча муҳаббат»: Бирлашган Корея федерацияси ташкил топадими?

«Корейсча муҳаббат»: Бирлашган Корея федерацияси ташкил топадими?

Фото: « Wall Street Journal»

Сув-олов, денгиз-чўл, осмон-ер, яхшилик-ёмонлик доим солиштириб келинган. Аммо бир миллатнинг икки хил яшаши доим кузатиладиган, таққосланадиган нарса эмас. Уларнинг тақдирида шундай битиклар бор: битта миллат – иккита мамлакат…

Шимолий Корея (расмий номи — Корея Халқ Демократик Республикаси) — социализм қуришга асосланган, ягона сулолага бўйсунувчи, кучли ҳарбийлашган давлат. Корея яриморолининг шимолида жойлашган. Қуруқликда шимолда Хитой ва Россия билан Амноккан ҳамда Туманган дарёлари, жанубда Жанубий Корея билан чегарадош. Пхеньян — мамлакат пойтахти ва энг йирик шаҳри.

Жанубий Корея (расмий номи — Корея Республикаси) — Корея яриморолининг жанубида жойлашган мамлакат, қуруқликдаги ягона қўшниси — Шимолий Корея.

Тарих

Ягона давлат сифатида шаклланиб келган Корея 1910–1945 йилларда Япония империяси назорати остида бўлди. «Кунчиқар юрт»ни Иккинчи жаҳон урушида мағлуб этган халоскорлар «шарофати» билан Корея «Иккинчи Германия»га айланди: мамлакат иккига бўлиниб кетди — Совет Иттифоқи раҳнамолигидаги шимол ҳамда АҚШ етовидаги жануб.

«Совуқ уруш»дан бошлаб, 38-параллел (ҳозирги Кореянинг қуролсиз зонаси) бўйлаб икки мамлакат чегараси тортилди. Шимолликлар Жанубга бостириб кириши билан «Корея уруши» (1950–1953-йиллар) бошланди. Уруш ортидан икки янги мамлакат ўзаро ўзаро муносабатлари янада салбийлашиб, тараққиёти эса фарқланиб бораверди.

Фото: «Wikipedia»

Фақат XXI аср иккинчи декадаси охирларига келиб Шимол-Жануб муносабатлари бирмунча илиқлашди. Бирлашиш жараёни 2000 йил 15 июнда Шимолий-Жанубий Корея қўшма декларацияси билан бошланган. Шимолий Корея спортчилари Жанубий Кореядаги Пхёнчхан-2018 Қишки олимпиадасида иштирок этишгани ҳам бунинг яққол мисоли эди.

2019 йилда Жанубий Корея президенти Мун Чжэ Ин 2045 йилга қадар Корея яриморолидаги иккига бўлинган давлатларни бирлаштириш таклифини илгари сурди. 2018 йил апрель ойида Корея яриморолининг тинчлиги, фаровонлиги ва бирлашиши учун Панмунжом декларацияси Қўшма Штатлар собиқ президенти Доналд Трампнинг қўшма баёноти билан тасдиқланди.

Трамп ва Шимолий Корея раиси Ким Чен Ин 2018 йил июнь ойида бўлиб ўтган Сингапур саммитида учрашишди. Панмунжом декларациясида икки мамлакат келажакда Кореяни тинч йўл билан бирлаштиришга ҳаракат қилишлари таъкидланганди. Бироқ... воқеалар ривожи ўзгармоқда, қолаверса, икки мамлакатни бирлаштириб тарихда қолишни орзу қилган президент Трампнинг ўзи «тарихга айланди»…

Фото: PBS

Томонлар ва ниятлар қандай?

«Корея уруши» 1950 йил 25 июнда СССР ҳомийлигидаги Шимолий Корея Жанубий Кореяга бостириб кириши билан бошланиб, норасмий равишда 1953 йил 27 июлда сулҳ тузиш билан якунланган. Уруш, катта эҳтимол билан, собиқ Иттифоқ диктатори Сталиннинг ташаббуси билан бўлган. Сталин 1953 йилнинг 5 мартида вафот этди. Орадан тўрт ярим ой ўтиб, уруш ҳам тугади...

«Корея уруши»дан собиқ Иттифоқнинг асл мақсади АҚШни Жанубий Кореядан ҳайдаб чиқариб, социализм қуриш бўлган. Режа ўхшамади...

Шимолий Корея конституциясининг 1-моддасига биноан, КХДР «мустақил социалистик давлат» ҳисобланади. Аслида эса Кимлар сулоласи атрофида кучли ҳокимиятнинг юзага келиши тоталитар диктатура, нодемократик ва халққа азоб берувчи ҳокимиятнинг шаклланиши, деб қаралади. КХДР конституциясининг 3-моддасига биноан, Жуче Шимолий Кореянинг расмий мафкурасидир.

Жуче — («ўзига ишониш» — тарж.) «инсон ўз тақдирининг хўжайини», корейс халқи «инқилоб ва қурилиш хўжайинлари» ролини бажариши кераклиги ва ўзига ишонган ва кучли бўлиш орқали миллат ҳақиқий социализмга эришиши мумкинлиги ҳақидаги мафкуравий назария.

Мун Чжэ Ин Шимолий Корея билан тобора кескинлашиб бораётган даврда расмий тинчлик декларациясини таклиф қилиши Жануб иқтисодиёти учун анчайин хатарли. Пхеньян ядро инспекторлари Сеул билан ҳамкорлик қилса, Жанубий Корея иқтисодий ва сиёсий имтиёзларни таклиф қилади.

Икки Корея бирлашиши йўлидаги тўсиқлар

Сиёсий:

Шимолий Корея халқи учун Ким сулоласи анъаналарини ҳимоя қилиш асосий сиёсий қадрият эканлиги, демократик Жанубий Корея шимолнинг сталинист тоталитаризми остида қолишидан хавфсираши асосий сиёсий тўсиқ бўлса, деярли 70 йилдан бери бир-бирига қарама-қарши қўйиб келинганлиги бирлашувни тўхтатиб қўйиши мумкин бўлган фараздир. Бу шовинистик кайфият билан боғлиқ.

Капиталнинг алмашинувида ички назоратни юмшатиш диктатор Ким Чен Иннинг ҳозирги мавқеини йўқотишига сабаб бўлади. Мутахассисларнинг фикрича, шимолликларнинг 25 миллион қашшоқ субъекти 50 миллионлик жанублик биродарлари билан иқтисодий тенгликни талаб қилишни бошлайди.

Иқтисодий:

Ҳатто сиёсий тузоқларни ортда қолдирганда ҳам, иқтисодий муаммоларни ҳал қилиш осон кечмайди. Масалан: Шимолий Корея ЯИМни дунёдаги 11-йирик иқтисодиёт ҳисобланган Жанубий Кореяники билан таққослаш жуда қийин. Шимолий Корея Жануб билан иттифоққа келганда ҳам, дарров ривожланиб кетишига кафолат йўқ. Бу 90-йилларда бирлашган Германия мисолида ҳам яққол намоён бўлади.        

Жанубий Корея тақдим этаётган бирлаштириш режаси бир неча ўн йиллар давомида босқичма-босқич амалга оширилади. Бунда иқтисодий рағбатлантириш Шимолий Корея турмуш даражасини тўлиқ ассимиляция қилиш мумкин бўлган амалий даражага олиб чиқади. Жанубий кореяликлар бирлашишдаги бир неча ўн йиллик иқтисодий тушкунликка ҳам тайёр туриши керак. Мутахассисларга кўра, бу шимол тўлиқ модернизация қилингунигача давом этади. Бироқ, шундан сўнг, ривожланиш суръатлари кучли ўнликда бўлади, албатта.

Ижтимоий:

Жанубий Корея мактаб ўқувчилари етакчи университетлардан бирига кириш учун кунига 16 соатлаб ўқийдиган дунёдаги энг тезкор ва рақобатбардош муҳитлардан биридир. Гарчи коммунизм ғоялари ишчиларни ҳимоя қилса ҳам, Шимолий Кореяликлар бундай ишчанликка эга эмаслар. Жануб шимолга қараганда анча рақобатбардош.

Жанубий Корея ижтимоий жиҳатдан стрессли, косметик жарроҳлик ва ўспиринларнинг ўз жонига қасд қилиш бўйича энг юқори кўрсаткичга эга давлатлар сафига киради. Ёшларининг турмуш қуришни истамасликлари, бир жинслилик, оммавий маданият, депрессия сабабли Жанубий Кореяда миллат тақдири жар ёқасига яқинлашиб бормоқда. Шимолий Корея қонунлари бунга йўл қўймайди. Шу жиҳатдан шимолликларнинг ҳаётга «корейсча муҳаббати» кучлироқ.

Шимолий кореяликларга жанубий тенгдошлари билан рақобатлашиши учун улкан ҳаракатлар дастури зарур бўлади. Бу норозилик ва ижтимоий нотинчликни келтириб чиқариши мумкин. Шимолий кореяликлар, айниқса, қурол-яроғ билан осонликча «тиллашиб» кетиши жанубдагилар учун у даражада ёқимли ҳодиса бўлмайди. Нацистик ғояли шимоллик кадрлар Бирлашган Корея ҳарбий соҳасида асосий бўғинларини эгалласалар, бу жанубий кореяликлар учун ҳалокатли бўлиши мумкин. 

Геосиёсий:

Шарқий Осиё хавфсизлик архитектураси жуда мувозанатли бўлиб, Жанубий Кореяни Япония ва АҚШ, Шимолий Кореяни Хитой ва Россия қўллаб-қувватламоқда (ҳатто бу қўллаб-қувватлаш муносиб ва сусайган бўлса ҳам). АҚШ Японияда 40 минг, Жанубий Кореяда 28,5 минг нафар ҳарбий хизматчиларни ушлаб туришига асосий сабаб — КХДР таҳдиди. Хитой Шимолий Кореяни қўллаб-қувватлашидан асосий мақсади АҚШнинг ҳарбий харажатлари ошириб бориши билан боғланган. Сир эмаски, Узоқ Шарқда ҳарбий куч ушлаб туриш катта маблағ талаб қилади. Бирлашиш, наинки Шимол ва Жануб ўртасида расмий тинчлик шартномаси ҳам Вашингтоннинг геосиёсий обрўсига катта путур етказади.

Хавфли ядровий амбициялари, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг санкциялари ва ҳукумат томонидан инсон ҳуқуқларининг такроран бузилиши Шимолий Кореянинг Жануб билан бирлашишига бўлган ишончни тобора камайтираётгани ҳам сир эмас. Жанубий Корея Шимол сабаб жаҳон санкцияларига дучор бўлмаслиги, бирлашиш иккала давлатнинг ҳам геосиёсий позицияларига таъсир қилмаслиги лозим.

Доналд Трамп ва Ким Чен Ин ўртасидаги 2019 йилги саммит, Жанубий Кореяда 2020 йил апрелда бўлиб ўтган парламент сайловлари, дунё ҳамжамиятининг миллат ва унинг қўшнилари ўртасидаги муносабатларни мўътадиллаштиришга қаратилган саъй-ҳаракатлари ниманидир ўзгартиради, деб ишонилди. Бирлашиш жараёнида қатнашиши кутилаётган Трамп эса АҚШ президентлигидан кетди. Янги президент Байденнинг эса Шимолий Кореяни «кўргани кўзи, отгани ўқи йўқ». Геосиёсий тўсиқлар КАТТА!

(Давоми бор)

Комментарии 0

Зарегистрируйтесь, чтобы оставлять комментарии

Вход

Заходите через социальные сети