Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Абдулазиз Комилов Саудия Арабистони ташқи ишлар вазири билан мулоқот қилди

Абдулазиз Комилов Саудия Арабистони ташқи ишлар вазири билан мулоқот қилди

Саудия Арабистони ташқи ишлар вазири шаҳзода Файсал бин Фархон Ол Сауд Ўзбекистон президентининг маслаҳатчиси Абдулазиз Комилов билан телефон орқали мулоқот қилди. Бу ҳақда Саудия ташқи сиёсат маҳкамаси хабар берди.

Қайд этилишича, мулоқот чоғида икки томонлама робиталарни барча соҳаларда мустаҳкамлаш йўллари муҳокама этилган. Шунингдек, минтақавий ва халқаро миқёсдаги сўнгги воқеалар ҳамда томонларни қизиқтирган бошқа масалалар юзасидан фикр алмашилган.

Аввал хабар берганимиздек, А.Комилов ташқи ишлар вазири лавозимида фаолият юритган кезлар, жорий йил февраль ойида Саудия Арабистони ташқи ишлар вазири шаҳзода Файсал бин Фархонга дипломатик муносабатлар ўрнатилганига 30 йил тўлиши муносабати билан мактуб йўллаган эди.

Мактубда икки давлат муносабатлари сўнгги йилларда ижобий суръат касб этиб, амалий мазмунга эга бўлаётгани, ҳамкорлик сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилгани қайд этилган. Ўзбекистон подшоҳлик билан барча соҳаларда ўзаро манфаатли конструктив ҳамкорликни давом эттиришга тайёрлиги билдирилган.

Эслатиб ўтамиз, 2021 йил 16 июль куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Тошкентдаги халқаро анжуман доирасида Саудия ташқи ишлар вазири Файсал бин Фархонни қабул қилган эди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг