Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Бирлашган ўзар – Туркий давлатлар ҳамкорлиги аллақачон заруратга айланган

Бирлашган ўзар – Туркий давлатлар ҳамкорлиги аллақачон заруратга айланган

Жуда бир қизиқ замонда яшаяпмиз – ён-атрофдаги «каттакон» давлатларнинг бирортаси тинч эмас. Унисида намойиш, бунисида намойиш, наригисида эса тамоман уруш. Ҳар бири шунчаликки, жаҳон тарихида алоҳида бобларга арзигулик воқеалар.

Мана шуларнинг фонида яқинда бўлиб ўтган Туркий давлатлар ташкилоти кенгаши янада каттароқ аҳамият касб этади. Кенгашнинг расмий пресс-релизида қайд этилгандек: «Кўҳна Самарқанд шаҳридаги саммит туркий дунё цивилизациясининг замонавий тарихида янги юксалиш босқичини бошлаб берди».

Бу шунчаки чиройли сўзлар эмас, туркий давлатлар учун хозир бирлашиш ҳар қачонгидан ҳам муҳимроқ. Давр талабидир бу.

Қайтарилажак нуфуз
Бир вақтлар тараққиёт ўзанини белгилаб берган туркий давлатлар сўнгги асрларда нуфузини анча йўқотди. Марказий Осиё мустамлакачилик занжирига ўралди, Усмонлилар таназзулга юз тутди. Оқибатда туркийлар тақдирини белгилайдиган сиёсий жараёнлар туркий халқларсиз ўтди, қарорлар қабул қилинди.

Бугун мана шу адолатсизликни тўғирлаш учун тарихий имконият юзага келган ва Самарқанд саммити дарҳақиқат туркий дунё цивилизациясининг замонавий тарихида янги юксалиш босқичини бошлаб беради. Зеро бунинг учун етарли имкониятлар ҳам бор.

Стратегик ҳамкорлик
Туркий давлатларнинг ўзаро ҳамкорлиги барча учун бирдек фойдали бўлади. Минтақа табиий қазилма бойликларига бой бўлиб, уларни ўзлаштиришда истиқболли лойиҳалар талайгина. Масалан, Ўзбекистон, Қозоғистон ва Туркманистон табиий газини Транс-Онадўли табиий газ қувури орқали Европага экспорт қилиш имкониятига алоҳида тўхталса бўлади.

Ушбу қувур йўли қардош Озарбайжон ва Туркия билан ҳамкорликда катта аҳамиятга касб этади ва сўнгги сиёсий жараёнлар натижасида қайта тақсимланаётган газ бозорида туркий давлатлар ўрнини кескин оширган бўларди.

Транспорт
Туркий давлатлар жойлашган ҳудудлар географик жиҳатдан мағриб ва машриқ, шимол ва жанубни боғлаб туради. Бу борада Ўзбекистоннинг Термиз – Мозори-Шариф – Кобул – Пешовар темирйўл линияси қурилиши лойиҳасини амалга ошириш бўйича саъй-ҳаракатлари алоҳида аҳамиятга молик.

Туркий давлатларнинг иттифоқи мустаҳкамланиб, ҳамкорлиги ривожланиб боргани сари ташкилот ичидаги савдо айланмасида ҳам, ён-атрофдаги давлатлар билан олди-берди ҳам кучаяди.

Ташкилот келажаги
Умуман олганда, Самарқанд саммитида яна кўплаб масалалар — инновация, экология, туризм, маданий-гуманитар ва бошқа соҳаларда ҳамкорлик кўриб чиқилди. Кишини қувонтирадигани, бу борада ҳамкорлик аллақачон бошлаб юборилган ва ўз мевасини бериб келмоқда.

Эндиги масала эса туркий давлатларнинг иттифоқи янги босқичга қачон чиқади, чиқиши эса муқаррар кўринмоқда ва у қандай кўринишда бўлади, мана шу саволларга жавоб топиш бўлиб қолди. Чунки сайёрамизда кузатилаётган сиёсий беқарорликлар ҳам Туркий давлатлар ташкилотининг нуфузини ошириш истак ва хоҳишдан ҳам кўра заруратга айланаётганини кўрсатиб қўймоқда.

Бундай вақтда эса фақат бирлашган ўзиши мумкин...

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг