Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Ўзбекистон – Покистоннинг Марказий Осиёдаги энг йирик ҳамкори

Ўзбекистон – Покистоннинг Марказий Осиёдаги энг йирик ҳамкори

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Покистон Ислом Республикаси Бош вазири ўртасидаги онлайн-саммит ўзининг тарихий аҳамияти билан ғоятда муҳим воқеа ҳисобланади.

Давлатимиз раҳбарининг Марказий Осиёдаги барча мамлакатлар билан яхши қўшничилик, ўзаро манфаатли ва амалий ҳамкорлик руҳидаги очиқ ва дўстона алоқаларни ривожлантириш борасидаги қатъий сиёсий иродаси бизга ёндош кенг минтақалар билан ҳам ўзаро ҳамкорлик муҳитига катта ижобий таъсир кўрсатмоқда.

Хусусан, Покистон Ўзбекистоннинг Жанубий Осиёдаги йирик савдо-иқтисодий ва маданий ҳамкори ҳисобланади. 2019 йил Пекинда, июнь ойида Бешкекда икки давлат етакчилари ўртасида  бўлиб ўтган очиқ ва сермаҳсул мулоқотлар чоғида, ҳамкорликнинг барча устувор йўналишлари батафсил муҳокама қилинган эди.

Қолаверса, жорий йилнинг июль ойида Тошкентда Марказий ва Жанубий Осиё минтақавий боғлиқлиги бўйича халқаро конференциянинг ўтказилиши, бу стратегик ва геосиёсий жиҳатдан муҳим икки минтақа ўртасидаги алоқаларни янада мустаҳкамлашга, ҳамкорлик механизмларни муҳокама қилиб олишга хизмат қилади.

Дунёнинг йирик ва қудратли давлатларидан бири бўлган ушбу мамлакат юртимизнинг вақт синовларидан ўтган муҳим ва анъанавий ҳамкоридир. Охирги йилларда, пандемия шароитига қарамай, чуқур тарихий илдизларга асосланган Покистон билан алоқаларимиз жадал ривожланиб бормоқда.

Хусусан, сўнгги тўрт йилда ўзаро савдо ҳажми уч ярим баробарга ўсиб, 2020 йилда 123 миллион долларга етгани (экспорт улуши салкам 100 миллион доллар бўлди), қўшма корхоналар сони эса салкам 150га етгани фикримизнинг яққол исботидир.

Ваҳоланки, расмий Исломободнинг Марказий Осиё барча давлатлари билан ўзаро савдо айланмаси умумий ҳажми қарийб 200 миллион доллардан ошмаганини инобатга олсак, унинг минтақамиздаги энг йирик ва асосий ҳамкори айнан Ўзбекистон экани яққол аён бўлади.

220 миллиондан ортиқ аҳолига эга замонавий Покистон ҳукумати бугунги кунда саноатни янада ривожлантириш, ишбилармонликка катта эътибор бериш, кам таъминланган оилалар ва ёшларга кўмак ажратишга, ўз сиёсатининг асосий қирралари сифатида қарамоқда.

Бош вазир Имрон Хон ҳукумати мураккаб пандемия шароитида ижтимоий ҳимоя тизимини кучайтиришга, мураккаб вазиятга тушиб қолган аҳоли қатламларига қўлдан келган барча кўмак ва ёрдамни кўрсатишга салмоқли молиявий ресурсларни ажратиб келмоқда.

14 апрель ҳолатига кўра, мамлакатда 730 мингдан ортиқ киши коронавирус хасталиги билан касалланган бўлиб, 1 апрелдан оммавий эмлаш ишлари бошлаб юборилган. Ҳозиргача 1,1 миллион киши эмланди. Тиббиёт ходимлари ва пенсия ёшидаги шахсларга вакциналар бепул амалга оширилмоқда.

Бундан ташқари, 2019 йил апрелда «Янги Покистон» («Ная Покистон») дастури ҳаётга татбиқ этила бошлади. Давлат-хусусий шериклиги асосида кам таъминланган, муҳтож ва уйсиз оилаларни уй-жой билан таъминлашга қаратилган ушбу дастурда қатнашган қурилиш компаниялари мулк солиғининг 90 фоизидан озод қилинса, банклар томонидан имтиёзли кредитлар ажратилади. Ҳукумат дастур доирасида қурилиш секторига 180 миллион доллар миқдорида субсидиялар ажратди.

Ўзаро ҳамкорликни кенгайтиришда ҳудудлараро алоқалар истиқболли йўналиш ҳисобланади. Жорий йил февраль ойида Панжоб вилояти губернаторининг етакчи компаниялар билан Наманган вилоятига сафари ва имзоланган қатор манфаатли ҳужжатлар бу йўналишда катта салоҳият борлигини кўрсатмоқда.

Яна бир эътиборли жиҳат, бу сайёҳлик соҳасидаги ҳамкорликдир. Покистон аҳолиси юртимиздаги муқаддас қадамжоларимизга «табаррук зиёрати»ни амалга оширишни жуда истайди.

Мисол учун, Покистонда Нақшбандия тариқати кенг тарқалган бўлиб, унинг вакиллари бугунги кунда 10 миллиондан зиёдни ташкил этмоқда. Тариқатнинг йирик вакилларидан бири Ҳосиб ур-Раҳмон 2020 йил сентябрда Ўзбекистоннинг Покистондаги «туризми элчиси» этиб тайинланган.

Зиёрат ихлосмандлари Бухородаги етти пир алломалари қадамжоларини, Самарқанддаги Имом Бухорий ва Мотуридий, Сурхондарёдаги Имом Термизий қадамжоларини зиёрат қилишни маъқул кўрадилар. Уларга Ўзбекистонда зиёратларини амалга ошириш учун барча шарт-шароитлар яратиб берилган.

Бундан ташқари, йирик транспорт-логистика лойиҳаларини биргаликда амалга ошириш, савдо ва сармоя, саноат кооперацияси, энергетика, қишлоқ хўжалиги, транзит, илм-фан ва таълим йўналишлари ҳам катта истиқболларга эга.

Ҳеч шубҳасиз, бугун ўтказилган онлайн-саммит ушбу имкониятларни тўлиқ рўёбга чиқаришга хизмат қилади.

Дилафрўз Худойбердиева,
Марказий Осиё халқаро институти етакчи мутахассиси

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг