Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Қозоғистон ва Қирғизистон президентлари ҳам Шавкат Мирзиёевни табриклашди

Қозоғистон ва Қирғизистон президентлари ҳам Шавкат Мирзиёевни табриклашди

Фото: Президент матбуот хизмати

Аввалроқ Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев Тожикистон Республикаси президенти Эмомали Раҳмон ҳамда Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов билан телефон орқали мулоқот қилгани ҳақида хабар берилганди.

Шавкат Мирзиёев 24 июль куни Қозоғистон Республикаси президенти Қасим-Жомарт Тоқаев билан ҳам телефон орқали мулоқот қилди.

Қасим-Жомарт Токаев давлатимиз раҳбарини таваллуд куни билан самимий қутлар экан, унинг қардош мамлакатларимиз ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик ва шериклик муносабатларини мустаҳкамлашдаги улкан ҳиссасини алоҳида таъкидлади.

Суҳбатда Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги амалий ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинди, шунингдек, халқаро ва минтақавий масалалар юзасидан фикр алмашилди.

Давлат раҳбарлари икки томонлама товар айирбошлашни янада ошириш, саноат кооперациясини кучайтириш, транзит салоҳияти ва ҳудудлараро ҳамкорликдаги кенг имкониятлардан самарали фойдаланиш муҳимлигини таъкидладилар.

Шу муносабат билан ўтган ҳафта икки мамлакат ҳукумат делегациялари иштирокида «Бейнеу-Акжигит-Ўзбекистон чегараси» автомобиль йўлининг очилгани мамнуният билан қайд этилди.

Бундан ташқари, Ўзбекистонда Қозоғистон йили доирасида биргаликдаги маданий-гуманитар тадбирларни муваффақиятли ўтказишга алоҳида эътибор қаратилди.

Шунингдек, бугун Қирғизистон президенти Сооронбай Жээнбеков Қирғизистон халқи ва шахсан ўз номидан давлатимиз раҳбарини туғилган куни билан самимий қутлаб, мустаҳкам соғлик, фаровонлик ва муваффақият тилади.

Давлат раҳбарлари Ўзбекистон-Қирғизистон стратегик шериклик муносабатлари изчил мустаҳкамланиб бораётганини мамнуният билан қайд этдилар.

Турли даражалардаги алоқалар фаоллашгани, товар айирбошлаш ортаётгани, гуманитар алмашинувлар жадаллашгани алоҳида таъкидланди.

Мамлакатларимиз ва халқларимиз ўртасидаги дўстлик ва яхши қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлаш мақсадида биргаликдаги саъй-ҳаракатларни, жумладан, ҳукуматлараро комиссиялар доирасида давом эттиришга келишиб олинди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг