Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Шавкат Мирзиёев ва Дэн Сяопин. Уларни нима боғлаб туради?

Шавкат Мирзиёев ва Дэн Сяопин. Уларни нима боғлаб туради?

Коллаж: «Xabar.uz»

Мамлакатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев Самарқанд вилоятининг Пастдарғом туманида ўтказган видеоселектор йиғилишида «Хитой мўъжизаси»нинг муаллифи бўлган Дэн Сяопинни кўпроқ ўқишни тавсия қилди.

Бугунги кунда таҳлилчилар Хитойнинг сўнгги 40 йилда қўлга киритган ютуқлари замирида иқтисодиётдаги самарали ислоҳотлар туришини тан олмоқда. Ислоҳотлар бошланган йилларда Хитойда хусусий корхоналар деярли йўқ эди. Бугунги кунда корхоналарнинг 75 фоизи хусусийдир. Мамлакатда нафақат хусусий мулкчиликка, балки иқтисодиётнинг бошқа соҳаларига ҳам муносабат тубдан ўзгарди. Авваллари ишлаб чиқариш ва истеъмол марказлашган бўлса, энди улар фирма ва оилалар қўлига ўтди. Олиб борилган туб ислоҳотлар натижасида маъмурий буйруқбозлик ўрнини иқтисодий ташаббускорлик, бозорга мослашув, рақобатбардошлик эгаллади.

Таҳлилчиларнинг фикрича, «индивидуал ташаббусларнинг эркинлиги иқтисодий тараққиёт омили эканлигини» Хитойдаги ислоҳотлар исботлаб берди. Ҳукумат нафақат саноатда, балки аграр соҳада ҳам кенг қамровли ислоҳотлар ўтказишга қарор қилди. Хитой жаҳондаги ҳайдаладиган ерларнинг 7 фоизига эга бўлишига қарамай, сайёрамиз аҳолисининг тўртдан бир қисмини боқиши керак. Бир вақтлар халқаро ҳамжамият олдида «Хитойни ким боқади?» деган савол пайдо бўлган эди. Ўшанда Хитой раҳбарлари ва қишлоқ хўжалиги бўйича мутахассислар «Хитойликлар ўзини ўзи боқа олади» деб жавоб қайтаришгани кўпчиликнинг ёдида бўлса керак. Қишлоқларда ислоҳотлар бошланган 1978 йилдан бошлаб Хитойда аграр соҳа ривожлана бошлади. Бунинг самараси ўлароқ, бугунги кунда Хитой ғалла, пахта, ёғ-мой, сабзавот-мева, гўшт, тухум етиштиришда жаҳонда етакчилик қилади.

Шуни таъкидлаш керакки, Хитой кичик бизнеси майда устахоналардан бошланган. Йиллар ўтиб кичик бизнес «Хитой мўъжизаси»ни яратди. Бугунги кунда Хитой матбуотининг ёзишича, «мамлакатда осмонўпар бинолар ёмғирдан кейинги қўзиқориндек кўпайиб бормоқда». Экспортга чиқарилаётган рақобатбардош маҳсулотларнинг асосий қисми айнан кичик корхоналар ҳиссасига тўғри келади. Жаҳондаги электроника маҳсулотларининг катта қисми Хитой корхоналарида йиғилганини ҳам тан олиш керак. Жаҳон аҳолиси Хитой маҳсулотлари сифатидан қониқмаса-да, барибир уларни сотиб олмоқда. Шуни эслатиб ўтиш керакки, мамлакатда арзон, шу билан бирга сифатли маҳсулотлар ишлаб чиқариш қўллаб-қувватланаяпти. Бунинг натижасида жаҳоннинг ҳар бир мамлакатида Хитой маҳсулотларини учратиш мумкин. Кўпчилик итальян пойабзали, инглиз костюм-шими, Швейцария соатидан фойдаланишидан фахрланиши мумкин. Бироқ фахрланишга (тўғрироғи, мақтанишга) шошилиш керак эмас.

Диққат билан қарайдиган бўлсак, дунёнинг ҳар бир минтақасида истиқомат қилувчи оилаларнинг дастурхонидаги маҳсулотлардан тортиб турмушда ишлатилаётган буюм ва жиҳозларнинг ҳаммасида «Made in China» тамғасини кўриш мумкин. Хитойда жаҳондаги машҳур автомобил брендларига ўхшаш автомобиллар ишлаб чиқарилаётганига ҳам тан бериш керак. Тўғри, ҳозирча хитой автомашиналарининг сифати японлар ёки немисларники даражасига етмаган, бироқ хитойлик мутахассислар қўл қовуштириб ўтиргани йўқ. Бу мамлакат тадбиркорлари жаҳонда янги пайдо бўлган ҳар қандай маҳсулотни ишлаб чиқаришни ўзлаштириб олишни мақсад қилишган.

Экспертлар Хитойдаги иқтисодий тараққиётга баҳо берар экан, бунга мамлакат аҳолисининг миллий менталитети асосий омил бўлаётганини таъкидлашмоқда. Чунки меҳнатни иқтисодий фаровонлик омили  ва миллий қадрият деб билган хитойликлар ўзларининг тадбиркорлиги ва меҳнатсеварлиги билан фахрланишади.

1960-йиллардаги «катта сакраш» ва «маданий инқилоб» туфайли 1976 йилнинг охирида Хитой чуқур иқтисодий ва ижтимоий-сиёсий инқироз ёқасига келиб қолди. Хитой матбуоти ёзганидек, 1966 — 1976-йиллар мамлакатни ортга улоқтириб ташлаган «йўқотилган ўн йиллик» даври бўлди. Мамлакат иқтисоди бутунлай таназзулга учраган, юз минглаб аҳоли қашшоқликда кун кечирарди. 1978 йилда импорт маҳсулотларини харид қилиш учун ҳам валюта етишмас эди. Технология бўйича Хитой ривожланган давлатлардан бир неча ўн йил ортда қолиб кетган эди. Аҳолисининг 70 фоизи қишлоқларда истиқомат қиларди. Уларнинг даромади яшаб қолишгагина етарди. Қўшимча маблағ топиш қатьиян ман қилинган эди.

Мамлакатнинг «буюк илҳомчиси» Мао Цзэдун (1976 йил сентябрда) вафот этганидан сўнг Хуа Гофэн давлат раҳбари бўлади. У Мао Цзэдун сиёсатини давом эттиришини айтади. Шу билан бирга раҳбарият ичида пинҳона кураш бошланади. Охири Дэн Сяопин бошчилигидаги прагматиклар ғалаба қозонади. 1977 йилнинг июнида Дэн Сяопин раҳбарлик лавозимларига сайланади. У Хитой коммунистик партияси раиси ўринбосари, Ҳарбий кенгаш раисининг ўринбосари, Хитой халқ озодлик армияси бош штабининг бошлиғи, ХХР Давлат кенгаши раисининг ўринбосари лавозимларини эгаллайди. 1970-йилларнинг охирига келиб Дэн Сяопин амалда партия ва мамлакат етакчисига айланади.

Унинг ғояси бўйича тўрт йўналиш — қишлоқ хўжалиги, саноат, армия ҳамда фан ва техника тубдан ислоҳ этилиши керак эди. 1978 йилнинг 22 декабрида тарихий қарор қабул қилинади — Дэн Сяопин ва унинг ҳаммаслакларининг ташаббуси қўллаб-қувватланади ҳамда «пролетариат диктатураси остида инқилобни давом эттириш» ғоясидан воз кечилади. Шу тариқа мамлакатда кенг қамровли модернизация жараёнлари бошланади. Унга кўра янги «ислоҳотлар ва очиқлик» сиёсати тасдиқланади.

Шу тариқа хорижий капиталларни жалб қилиш, фан-техника ютуқларидан самарали фойдаланиш, рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришга эътибор кучайди. «Ҳозирги дунё — кенг алоқалар дунёсидир. Хитой ёпиқлиги туфайли ҳам ўтмишда қолоқ эди. ХХР ташкил этилгандан сўнг бизни яккалаб қўйишди. Шунингдек, бизнинг ўзимиз ҳам ёпиқ эдик. Ўттиз йиллик тажрибамиз ёпиқ эшиклар ортида қурилишни амалга ошириб бўлмаслигини, тараққиётга эришиб бўлмаслигини кўрсатди», — деган эди Дэн Сяопин. «Мушукнинг ранги оқ ёки қора бўлишининг фарқи йўқ, сичқонларни тутса бўлгани» деган гап ҳам Дэн Сяопинга тегишли.

Зарур сиёсий шароитлар яратилганидан сўнггина Дэн Сяопин кенг қамровли ислоҳотларни амалга оширишга муваффақ бўлди. Дэн Сяопин Хитой воқелигидан келиб чиққан ҳолда режали иқтисодиётдан бозор иқтисодиётига ўтиш назариясини ишлаб чиқди. Шу сабабли ҳам уни Хитой ислоҳотларининг буюк отаси дея таърифлашади. Хитойнинг аввалги ва ҳозирги раҳбарлари Дэн Сяопин ғояларига содиқ эканликларини айтишади.

1950-йилларда Дэн Сяопин ва Мао Цзэдун Хитой тараққиёти борасида кўп баҳслашган. Мао «катта сакраш» сиёсатини илгари сурар эди. Дэн Сяопин бу назарияга қарши чиққани боис сургун қилинади. Кейинчалик ҳокимиятга қайтган Дэн қишлоқ хўжалиги коммуналарини бекор қилади ва Хитойни тўлиқ ўзини ўзи озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлайдиган давлатга айлантиради. Дэн Сяопин атиги бир марта Маони танқид қилар экан, «хатоларга йўл қўйган буюк марксчи, пролетар инқилобчиси» дея атаган. У ҳақида бошқа танқидий фикр билдирмаган. Шу тариқа ўтмишга нуқта қўйган Сяопин ғарб мамлакатлари билан мулоқотни йўлга қўйди ва иқтисодиётни кўтаришда Япония тажрибасидан фойдаланишни тавсия қилди.

1979 йилда Дэн Сяопин АҚШга ташриф буюрди ва Оқ уйда президент Жимми Картер билан учрашди, молиячилар билан Хитойни қандай қилиб модернизация қилиш ва саноати ривожланган давлатга айлантириш масаласида маслаҳатлашди. Қийинчилик ва қарама-қаршиликларга қарамай Хитой белгиланган йўлдан оғишмай олға юрди. Соҳил бўйида жойлашган шаҳарлар саноати гуллаб-яшнаган марказларга айланди. Бу эса мамлакатнинг ривожига омил бўлди. Махсус иқтисодий зоналар сони ортиб борди, юқори ва янги технология зоналарига ҳам катта эътибор қаратилди.

Дэн Сяопин шиорларга ўч эмас эди. «Одамлар ўтган йилга нисбатан бу йил яхшироқ яшасин» унинг ягона шиори эди. Ислоҳотлар шу қадар донишмандлик билан олиб борилдики, одамлар йилдан йилга бир йил аввалгига нисбатан яхшироқ яшай бошлади. Бундан миннатдор хитойликларнинг айтишича, улар ҳозирги ҳаётидан розидирлар. Дэн Сяопин ислоҳот ўтказар экан, бир нарсани — марказий ҳокимиятни бўшаштирмаслик кераклигини англаб етди. Ислоҳотлар шошма-шошарлик билан эмас, етти ўйлаб бир кесган ҳолда олиб борилди.

Дэн Сяопин Хитойни буюк давлатлар қаторига олиб чиқишни орзу қиларди ва бу орзусига эришди. Айни дамда Хитой саноати тезлик билан тараққий этаётган, фан ва маданияти ривожланган мамлакат дея тан олинган.

Шу ўринда 2017 йилнинг 14 сентябрь куни «Forbes» эълон қилган бир мақолага эътиборингизни қаратмоқчи эдим. Унда Ўзбекистондаги ислоҳотлар ҳамда президент Шавкат Мирзиёев юритаётган ички ва ташқи сиёсат ҳақида сўз юритилган. Мақолада таъкидланишича, Марказий Осиёнинг қадимий давлати ҳисобланган Ўзбекистонда ҳозир катта иқтисодий ислоҳотлар кузатилмоқда. Президент Шавкат Мирзиёев ташқи дунёга кўпроқ очилаётган ўзбек етакчиси сифатида қайд этилмоқда. Баъзилар Шавкат Мирзиёевни буюк ислоҳотчи Дэн Сяопинга қиёсламоқда.

Дэн Сяопин Хитойни қудратли давлатга айлантирган иқтисодий ислоҳотларни амалга оширган бўлса, президент Шавкат Мирзиёевнинг ислоҳотлари халқни рози қилишга, Ўзбекистонни ҳар томонлама ривожланган қудратли давлатга айлантиришга қаратилганини юртдошларимизнинг ўзлари ҳам эътироф этмоқда.

2018 йилга Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили деб ном берилгани иқтисодий тараққиётимизни янги босқичга кўтаришига аминмиз. Президентимиз Олий Мажлисга мурожаатномасида таъкидлаганидек, «Мурожаатномада баён этилган мақсад ва вазифаларни амалга оширишда ҳал қилувчи босқич бўладиган 2018 йил биз учун осон бўлмайди. Буни очиқ айтиш керак. Лекин, халқимиз таъбири билан айтганда, сув келса симириб, тош келса кемириб бўлса ҳам танлаган йўлимиздан қайтмаслигимиз шарт. Нега деганда, бу ҳаётда ҳеч нарса ўз-ўзидан бўлмайди. Ўзимиз ҳаракат қилмасак, ҳеч ким бизга беғараз ёрдам бермайди».

Эслатиб ўтамиз, АҚШнинг машҳур «Forbes» журнали веб-сайти журналисти Кеннет Рапоца Шавкат Мирзиёевни ХХРнинг собиқ раиси Дэн Сяопинга қиёслаган эди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг