Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Владимир Норов Эрон борасидаги саволга жавоб берди

Владимир Норов Эрон борасидаги саволга жавоб берди

Фото: Mfa.uz

Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Самарқанд саммити 2022 йил 15-16 сентябрь кунлари бўлиб ўтиши ҳақида хабар бергандик.

Бугун, 16 май куни Ўзбекистон ташқи ишлар вазири в.б. Владимир Норов Ўзбекистонга ташриф билан келган ШҲТ Бош котиби Чжан Мин билан учрашувда ушбу саммитга тайёргарлик жараёнларини муҳокама қилди. Учрашув якунида брифинг ўтказилди.

Ўзбекистоннинг ШҲТга раислиги даврида Эроннинг ташкилотга тўлақонли аъзо сифатида кириши бўйича қандайдир қарорлар қабул қилинадими?

Ушбу саволга Владимир Норов қуйидагича жавоб берди:

«Маълумки, ўтган йили ШҲТнинг Душанбе саммитида давлат раҳбарлари томонидан Эрон Ислом Республикасини ШҲТнинг тўлақонли аъзоси сифатида қабул қилиш тартибини бошлаш тўғрисида қарор қабул қилинди.

Ўзбекистоннинг раислиги даврида ушбу қарорни амалга ошириш борасида салмоқли ишлар амалга оширилди.

ШҲТ котибияти иштирокида Эрон томони билан қатор маслаҳатлашувлар ўтказилди.

Эрон вакиллари билан музокаралар жараёнида биринчи қадам сифатида Эрон томонининг ШҲТга аъзо бўлиш мажбуриятлари тўғрисидаги Меморандум лойиҳаси келишилди.

Ушбу ҳужжат Эроннинг ШҲТ доирасида қабул қилинган халқаро шартномаларга қўшилиш мажбуриятлари, шунингдек, ташкилот бюджетига тўланадиган бадаллар миқдори ва ШҲТнинг доимий органларидаги квота бирликларини белгилаб беради.

Меморандумнинг келишилгани Эрон томони аъзоликни қўлга киритганидан сўнг ШҲТнинг мақсад ва тамойилларига риоя қилиш, аъзо давлатлар билан дўстлик муносабатлари ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантиришга ҳисса қўшиш, ШҲТнинг халқаро ва минтақавий масалаларда нуфузини ошириш, шунингдек, «Шанхай руҳи»ни янада мустаҳкамлашга тайёр эканидан далолат беради.

Меморандум Самарқанд саммити доирасида имзоланиши режалаштирилган. Ҳужжатнинг имзоланиши Эронга ШҲТга аъзо давлат мақомини бериш масаласини ҳал этиш учун асос бўлади.

Яъни, Эрон томони ўз зиммасига олган барча мажбуриятларни бажарса, 2023 йилда бўлиб ўтадиган саммитдаёқ ташкилотга тўлақонли аъзо сифатида кириш имкониятига эга бўлади.

Алоҳида таъкидлашни истардимки, Эронни ШҲТга аъзо давлатлар сафига қабул қилиш тўғрисидаги келишувлар ташкилотнинг очиқлик тамойили ва аъзо давлатларнинг унга қатъий амал қилиш ниятини яққол тасдиқлайди.

Эроннинг ташкилотга аъзо бўлиши ШҲТнинг «географик масъулият» ҳудудини кенгайтиради, ўзаро боғлиқлик соҳасида минтақалараро ташаббусларни ривожлантириш учун янги истиқболларни очади».

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг