Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

«Асал ойи» учун Франция терма жамоаси футболчиси олти ойга озодликдан маҳрум этилди

«Асал ойи» учун Франция терма жамоаси футболчиси олти ойга озодликдан маҳрум этилди

Фото: «Sportmob»

Яқинда Люка Эрнандес Миллатлар лигасини ютганди — финалда Франция Испания устидан ғалаба қозонди. Аммо Мадрид жиноий ишлар судидан чақирув олгач, тарвузи қўлтиғидан тушди: 19 октябрь соат 11:00 да дарҳол етиб бориши ва 6 ойлик қамоқни ўташ учун қамоқхоналардан бирини танлаши ёзилганди унда. Акс ҳолда «Бавария» ҳимоячисининг тинтув қилиниши ва ҳибсга олинишига ордер берилади. 

Гап испанча фамилияли футболчининг «қизил фурия»ни ер тишлатишга қўшган ҳиссасида эмас. Асло. Шунчаки у ўз хотини билан асал ойини бирга ўтказган...

Қизиқ воқеа.

«Sports.ru» ёзишича, ҳаммаси 2017 йилнинг февралида бошланган. Ўшанда Люка Эрнандес Мадриднинг «Атлетико»си шарафини ҳимоя қиларди. Уни ўз таниш қизи Амелия де ла Оса Лорентени уриб тан жароҳати етказганликда айблашади ва суд қарор чиқаради. Қарс икки қўлдан чиққан, шекилли, ҳар иккисига 31 кунлик жамоат ишларини бажариш юклатилиб, бир-бирларига 500 метргача яқинлашмаслик буюрилади. Кўп ўтмай Люка ва Амелия ярашиб кетишди... Ҳатто турмуш қуриб, асал ойини ўтказиш учун Лас-Вегасга жўнаворишди.

2017 йилнинг июнида Люка ва Амелия Майамидан Мадридга биргаликда учиб келишганида аэропортнинг ўзидаёқ Эрнандесни ушлашган, хотини эса суд қароридан бехабарлигини исботлаб қутулиб қолганди.

Улар турли рейсларда учиб келишганида олам гулистон эди. Бироқ уларни биргаликда кўришди ва суд қарорига бўйсунмасликда айблашди. Прокуратура Эрнандес 500 метрлик тақиқлов борлигини билганини важ қилиб, уни бир йилга озодликдан маҳрум этишни талаб қилди. «Инсофли» Мадрид суди эса олти ой етарли деб топди.

Футболчининг адвокатлари ҳукм ижросини кечиктиришни ёки яна жамоат ишларига алмаштиришни сўрашмоқда. Бироқ суд апелляцияни рад этди, чунки Эрнандес аввалги 31 кунлик жазони охиригача ўтамаган. Адвокатлар суднинг навбатдаги ҳукмига ҳам индамай туришгани йўқ. Катта эҳтимол билан Эрнандес бир-икки кун қамоқда сақланиб қўйиб юборилади ёки бутунлай оқлашлари мумкин.

Нима бўлганда ҳам, Люка Эрнандес сешанба куни судга етиб бориши шарт. Кўнгилли равишда жазони ўтай бошлаши учун 10 кун муҳлат беришди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг