Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Бағдодда хотин-қизлар учун замонавий спорт мажмуаси қад ростлайди

Бағдодда хотин-қизлар учун замонавий спорт мажмуаси қад ростлайди

Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазири Дилмурод Набиев шу кунларда Фарғона вилоятида бўлиб турибди. Кеча вазир Фарғона вилояти Бағдод туманига ташриф буюриб, бу ерда жисмоний тарбия ва спортни оммалаштириш, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб этиш борасидаги ишлар билан танишди.

Шунингдек, ташриф давомида спорт-соғломлаштириш мажмуаларининг айни пайтдаги ҳолати ўрганилиб, мавжуд муаммоларни зудлик билан бартараф қилиш чора-тадбирлари белгилаб олинди.

Вазирни туман ҳокими Алибек Турсунов кутиб олди ҳамда Марказий ўйингоҳда яратилган шарт-шароитлар, болалар ва ўсмирлар спортини ривожлантиришнинг истиқболдаги режалари билан таништирди.

— Марказий ўйингоҳни реконструксия қилиш учун вилоятимиз ҳокимлиги томонидан 2 млрд. сўм маблағ ажратилган. Бугунга келиб, қурилиш-таъмирлаш лойиҳалари тайёр ҳолатда ва тез орада режадаги ишларимиз бошланади. Туманимизда спортнинг 18 тури бўйича тўгараклар ташкил этилган ва 2 539 нафар болалар ва ўсмирлар спорт билан мунтазам шуғулланади. Уларнинг 775 нафарини қизлар ташкил қилади. Бундан ташқари, катталар ўртасида ҳам кўплаб спорт турлари жуда оммалашиб боряпти. Бироқ бизда хотин-қизлар учун алоҳида спорт иншоотлари мавжуд эмас. Шу масалада вазирликнинг ёрдамига эҳтиёж сезилмоқда, — деди Бағдод тумани ҳокими Алибек Турсунов.

Ўз навбатида Д.Набиев Бағдод туманида жисмоний тарбия ва спорт йўналишида олиб борилаётган ишларга юқори баҳо берар экан, аҳолининг барча қатламлари, айниқса, хотин-қизлар орасида спортни яна-да оммалаштириш масаласи вазирликнинг доимий эътиборида эканини алоҳида таъкидлади.

- Қаердаки биринчи раҳбар спортни севса, ўша ерда бу соҳа ривожланади, — деди Дилмурод Ҳамидуллаевич. – Туманингиз ёшлари эришаётган натижалардан озми-кўпми хабарим бор. Уларни яна-да қўллаб-қувватлаш, катта марраларга илҳомлантириш керак. Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги Бағдодда спортни кенг оммалаштириш, айниқса, хотин-қизлар спортини ҳар томонлама ривожлантиришдан албатта манфаатдор.

Ташриф давомида Жисмоний тарбия ва спорт вазири Марказий ўйингоҳ ҳудудидаги фойдаланишсиз турган теннис корти ўрнида хотин-қизлар учун махсус тренажёр ва фитнес заллари, жамоавий ҳамда якка тартибдаги спорт турлари билан мунтазам шуғулланиш имконини берувчи кўпқаватли спорт мажмуаси қурилишини, бу ишлар Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги маблағлари ҳисобидан молиялаштирилишини, бу эса бағдодлик аёллар учун вазирликнинг муносиб туҳфаси бўлишини айтиб ўтди.

Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги
Матбуот хизмати

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг