Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Бел олиш курашининг бизгача етиб келган амаллари ҳақида нималарни биласиз?

Бел олиш курашининг бизгача етиб келган амаллари ҳақида нималарни биласиз?

Қадимда қўлланилган кураш спорт турининг амаллари бизгача етиб келган. Улар буров, қайирма, қайтарма, чала-қайтарма, ёнбош, илиш, тўсиш, айлантириш (тегирмон), улоқтириш, чап тиззага миндириб ташлаш (бетга ташлаш), босма, чайқатиш (силташ), кифтлаш, қўшала-ёнбош, тўғаноқ чалиш атамалари ва бошқа бир қанча амаллар азалдан қўлланган. Ана шу номлар узоқ йиллик изланишлар натижасида тикланган бел олиш кураши амалларининг бир қисмидир. Аммо улар қачон ва қайси даврдан шундай номлангани маълум эмас.

Албатта, бу номлар туркий сўзлар бўлгани боис ҳозиргача бир қанча туркий миллатларда, айниқса, уларнинг энг кўпи Марказий Осиё давлатларида сақланиб қолган. Ўзбекларда кураш илми китоби бўлганини қуйидаги манбадан билса ҳам бўлади:

1937 йил «Гулистон» журналида «Кураш ҳадиси» — кураш илми хақида бир парча эълон қилинган. Ўша даврда журнал лотин имлосида босилган бўлиб,унда шундай дейилади: «Кураш ҳадисини пухта билган фарғоналик Хожимат полвоннинг айтишича, бел олиш курашида қўл-оёқ билан бел кучигина иш беради, полвонлар кучни учга бўлиб қарайдилар:

– суяк кучи энг асосий куч ҳисобланиб, чандир ва пайларнинг пишиқлигига боғлиқ. 20-25 ёшли полвонларда бу куч яхши натижа беради. Суяк кучи семиришни кўтармайди, полвон­лар семирса, курашдан қолади;

– мускул кучи бўлиб, суяк кучи ҳам шу мускул кучидан айри нарса эмас, лекин полвонлар буни яхши фарқлайди. Гўшт кучи 25-50 ёшли одамлар орасида ривожланиб, полвон узоқ йил кураш тушолмайди. Лекин кўп машқ қилиб, курашиб ўзини пишитганлар умрининг охиригача полвонлик қилади. Аксар машхур полвонлар шу гуруҳдан чиқади, дейишади.

– белбоғ кучи 18-20 ёш орасида бўлиб, бу пол­вонлар тез сўниб қолади. Кураш илмини бир маромда ўрганганда улардан ҳам узоқ йиллар давомида курашадиган полвонлар чиқади, лекин уларнинг сони озчиликни ташкил қилади. Курашда куч билан баравар, балки ундан ҳам ортиқроқ ролни кураш ҳадиси ўйнайди. Кураш илми деганимиз кураш ҳунари бўлиб, жиддий машқни талаб қилади. Пол­вонлар ўртасида кураш илмини билувчилар эътиборли ҳисобланади. Унда ҳар қайси устанинг ўзига яраша амали, усули бўлади. 1930 йили Наманган сайлидаги бел олиш курашида Ғофир полвон ўзининг «тегирмон» (айлантириш) усули билан танилади. Бунда у полвоннинг белини ушлаган ва тўхтамасдан чирпирак қилиб айлантиради. Шу усул ёрдамида тошкентлик машхур Улан полвонни йиқитади. Кетма-кет бир нечта полвонни ҳам мағлуб қилади. Ниҳоят, тошкентлик шахси номаълум полвон Ғофир курашчига бас келиб, ўзининг усули билан Ғофир полвонни йиқитади.

Бел олиш курашида тўн кийилади. Яланг оёқ бўлиб, икки билакни бир айлантириб оларлик даражада белбоғ боғланади. Кураш илмининг тавсифи бўйича кучи (малакаси), яъни гавдалари бир-бирига мос келадиганлар курашга тушади. Курашчилар бир-бирини қоидага мувофиқ ушлаб олмагунга қадар ҳаракатни бошламайди. Бел олишгач, ҳар иккиси бутун куч ва полвонлик маҳоратини ишга солади. Бир-бирини чайқатиб синаб кўради. Бел олишда Фарғонада, Қўқонда ёхуд Тошкентда оёқ билан чалиб йиқитиш, кўтариб олмасдан ёнбошга ва буриб йиқитишларга йўл қўйилмайди.

Бу билан биз бел олиш кураш тури илмигагина хос бир маълумот бердик. Умуман олганда, «Кураш илми» китобида кураш амаллари, қонун-қоидалари, атамалар, жисмоний тарбия машқлари, машғулот ўтказиш, одоб-ахлоқ, тарбия, тўғри овқатланиш ҳамда кураш малакаси хуллас бир қанча йўналишларга эга бўлган тушунчалар баён қилинган.

Ана шунинг учун ҳам бел олиш илмини ўргатувчи мураббийлар ўз амали бўйича тарбия берган. Бунга кўплаб мисоллар келтириш мумкин: XIX асрда яшаган татар ботири Шаҳобиддин Маржоний бир маротаба мағлуб қилган одами билан бошқа курашмаган. Туркман паҳлавони Аннадурди Ягсурар (ёғичувчи) ҳар доим бел олиш курашидан олдин эритилган ёғни истеъмол қилиб, полвонларни енгган ва доимо шу одатга амал килган.

XX аср бошларида яшаган паркентлик Абдураҳмон полвон сайилларда биров билан бел олишишга талабгор бўлмай, аксинча, одоб юзасидан ўзи билан курашувчиларни талаб қилган. Бағдодлик (Фарғона вилояти) Қўшок паҳлавон эса забардаст паҳлавонлар учун ўзининг бел сиқув ҳунарини ишлатган. Қирғизистонлик машхур Абдураҳмон паҳлавон оғир вазнли полвонлар билан бел олишганда лангар ташлаб, мувозанатни сақлаб, яъни оёқда тушиб босиб қолиш амаллари билан ҳаммани қойил қолдирган. Ана шу санаб ўтилган паҳлавонлар ўз ихтиёри билан мағлубиятга учраган кишилар билан бел олишмасликни, ўзига ишониб, аҳдлашиб белолишишни ўзига одат қилган. Бошқа полвонга талабгор бўлмай ўзига талабгор сўрашни ўзлари ҳоҳлагани учун эмас, бел олиш илмини устозларидан пухта эгаллаганидан деб тушуниш керак. Бугунги замонавий бел олиш курашини мукаммал эгаллаш учун олдиндан ёзилган ва амалда қўлланилган кураш илмидан фойдаланиш ижобий самара бериши тайин.

Курашнинг қадимий маъноси – зўриқиш белга бориб тақаладиган, бир қанча йўналишларни ўзида мужассам қилган ҳамда белбоғдан ушлаб амалларга таяниб рақибнинг елкасини ерга теккизишнинг барчаси кураш ҳисобланади. Курашнинг асл маъноси, бу – йиқитиш.

Бел олишнинг маъноси – мақсадга эришиш учун ҳар қандай рақибга жисмоний куч ишлатиш пайтидаги ҳаракат бу –бел олишдир. Шунингдек, зўриқишлар белга бориб тақалган белбоғни ушлаб бажариладиган амалларнинг барча турлари бел олиш курашидир. Унинг асл маъноси куч ишлатиш саналади.

Амал – ҳаракат давомида бирон-бир натижанинг кўриниши амал дейилади. Аниқроқ қилиб айтганда, бирон-бир ҳаракат натижасида рақиб чўккалатилса, ўтқазиб қўйилса, бир елкага ёки икки елкага йиқитилса, буларнинг барчасини амал қилган дейиш мумкин.

Тўн (чопон) –курашчининг уст кийими. Унинг узунлиги тиззагача, қора, кўк, қулранг, ола ва бошқа рангларда бўлади.

Яктакнинг вазифаси – кураш пайтида бадандаги терни ўзида сақлаб қолиш ҳамда авратни ёпиб туришга мўлжалланган кўйлак. Ранги оқ, узунлиги чопондан 5-10 см калта бўлиб, курашда чопон ичидан кийиладиган кийим.

Шалварнинг вазифаси – узунлиги оёқ тўпиғигача бўлган оқ шалварнинг юқори қисми иштонбоғ билан қисиб боғланади. У кенг, курашда бемалол ўтириб-туриш ва оёқни эркин кўтаришга имкон беради.

Изланишлар ҳамда қатор мамлакатлардаги олимлар, шу соҳанинг мутахассислари, кураш спорт турида узоқ йиллар полвонлик қилган кекса нуронийлар билан суҳбатлар давомида бел олиш кураши бўйича жуда кўп фактларга дуч келдик. Тадқиқотлар натижасида кураш спорт турига оид кўплаб маълумотлар мавжуд эканига амин бўлдик. Бел олиш курашининг номланиши, курашда кийиладиган кийимлар, белбоғнинг вазифаси, амалларнинг қандай маъно англатиши масаласида ўрганилаётган муаммо ечимига қатор аниқликлар киритишга муваффақ бўлдик.

Ҳумоюн Омонов,
журналист

 

 

 

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг