Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Бухорода кураш бўйича Президент совринининг дастлабки ғолиблари аниқланди

Бухорода кураш бўйича Президент совринининг дастлабки ғолиблари аниқланди

Фото: «Xabar.uz»

Бухорода кураш бўйича Президент соврини учун ҳазрат Баҳовуддин Нақшбанд хотирасига бағишланган халқаро турнирга старт берилди. Унда дунёнинг уч қитъасининг 20га яқин давлатидан келган полвонлар 7та вазнда ғолиблик учун беллашмоқда. Кеча бешта вазнда курашчилар гиламга тушди. Эркаклар 60, 66, 90 ва 100 килогача, аёллар эса 52 кг вазн тоифасида ўз омадини синаб кўрди.

Фото: Т. Истатов

Регламентга кўра иштирокчилар икки томонга ажратилди, яъни маҳаллий полвонлар бир томондан, иккинчи томондан эса хорижлик курашчи финалга етиб келди. Баҳовуддин Нақшбанд хотирасига бағишланган халқаро турнирнинг биринчи олтин медалини бухоролик Чори Зойиров қўлга киритди. 60 кг.гача бўлган вазн тоифасида ўтказилган финал баҳсида у қозоғистонлик Аманхан Оскенбаев устидан соф ғалабага эришди ва уч мингАҚШ доллари миқдоридаги пул мукофотига ҳам сазовор бўлди.

Фото: Т. Истатов

Шунингдек, 66 кг. вазн тоифасида Эрон ислом республикаси вакили Жаъфар Фирузободи ғолиб бўлди. У финалда яна бир бухоролик полвон Миржон Тўхтаевдан устун келди. Вазни 90 килограммгача бўлган полвонлар ўртасида ўзбекистонлик Шермуҳаммад Жандриев Қирғизистон вакили Жамалбек Асилбекдан устун келди. Эркаклар ўртасидаги ўтказилган беллашувларда энг оғир, яъни 100 килогача бўлган полвонлар баҳсида Бухоро кураш мактаби тарбияланувчиси Эркин Дониёров ҳал қилувчи баҳсда эронлик Ҳамед Рашидини мағлуб этди.

Фото: Т. Истатов

Кечаги беллашувларни аёллар якунлаб берди. Вазни 52 килогача бўлган курашчилар ўртасида финалга Осиё ва жаҳон чемпиони, Осиё ўйинлари ғолиби сурхондарёлик Гулнор Сулаймонова муросасиз кечган баҳсда Хитой тайпейи вакили Чиа-Вен Соу устидан кичик ҳисобда ғалаба қозонди ва бош совринга сазовор бўлди.

Президент соврини учун ҳазрат Баҳовуддин Нақшбанд хотирасига бағишланган халқаро турнир бугун давом этади.

О. Эшмаматов, ЎзА

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг