Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

«Энди манаман деган боксчилар ҳам ўйлаб рингга тушадиган бўлади» — Шавкат Мирзиёев

«Энди манаман деган боксчилар ҳам ўйлаб рингга тушадиган бўлади» — Шавкат Мирзиёев

Президент Шавкат Мирзиёевнинг 27 сентябрдаги фармонига мувофиқ, Екатеринбургда бўлиб ўтган бокс бўйича жаҳон чемпионатида юқори натижаларга эришган бир гуруҳ спортчи ва мураббийлар фахрий унвонлар ва медаллар билан тақдирланган эди.

Бугун, 30 сентябрь куни Кўксаройда ана шу юксак мукофотларни топшириш маросими бўлди. Маросимда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, спорт федерациялари раҳбарлари, боксчиларнинг ота-оналари иштирок этди.

– Бу ғалаба «Ўзбекистон бокс мактаби», «Ўзбекистон боксчилари» деган сўзларни жаҳон спорти тарихига олтин ҳарфлар билан муҳрлаб қўйди. Энди Ўзбекистон боксчиларини, ўзбек бокс мактабини тан олган ҳам тан олади, тан олмаган ҳам тан олади. Энди «Ўзбекистон», «ўзбекистонлик» деса, манаман деган боксчилар ҳам ўйлаб рингга тушадиган бўлади, – деди Шавкат Мирзиёев.

Давлат раҳбари ғолиб ва совриндор бўлган боксчиларни, уларнинг мураббийларини номма-ном тилга олиб, уларни қутлади. Бугунги натижалар келгуси йил Токиода ўтадиган Олимпия ўйинлари учун мустаҳкам пойдевор яратганини, бу нуфузли мусобақага кўпроқ лицензия олиш ва пухта тайёргарлик кўриш зарурлигини таъкидлади.

– Жаҳон чемпионатида юксак мардлик ва матонат кўрсатиб, юртимизга шундай буюк ғалабани олиб келганингиз ҳар қандай таҳсин ва тасанноларга муносибдир. Ўша кунлари кексаю ёш – бутун халқимиз сизларга зафар тилаб, катта ҳаяжон ва қизиқиш билан ўз нигоҳини Екатеринбург аренасига қаратди. Элимиз ана шу улкан ишончни оқлаган сиздек жасур, ватанпарвар авлод билан ҳақли равишда фахрланади, – деди давлат раҳбари.

Президент боксчилар ва уларнинг мураббийларига юксак давлат мукофотларини тантанали равишда топширди.

– Ҳамма қилаётган ишларимиздан мақсад халқимизни рози қилиш, ёшларимизни баркамол этиб тарбиялаш. Сизларнинг ғалабангиз ҳар бир соҳада адолат бўлса, узоқ-узоқ қишлоқлардаги истеъдодлар ҳам ўз ўрнини топса, албатта натижа бўлишидан яна бир далолат. Бу барча ёшларимизни маррани баланд олиб, ўз устида ишлашга, улкан муваффақиятларга эришишга руҳлантиради, – деди Шавкат Мирзиёев.

Ўтган қисқа вақтда Ўзбекистон вакиллари бир нечта турнирларда иштирок этиб, улкан ютуқларни қўлга киритди. Хусусан, 14-22 сентябрь кунлари Қозоғистон пойтахти Нур-Султон шаҳрида бўлиб ўтган юнон-рум кураши бўйича жаҳон чемпионатида Ўзбекистон терма жамоаси 4 та медаль билан 2-ўринни эгаллади. Эътиборлиси, совриндор спортчиларимиз 2020 йилги Токио Олимпиадасига ҳам йўлланма олди.

20-25 сентябрь кунлари Тошкентда дзюдо бўйича халқаро Гран-при турнири юқори савияда ўтказилди. Унда 71 мамлакат спортчилари 14 та вазн тоифасида қатнашди. Юртимиз терма жамоаси жами 6 та медаль билан 2-ўринга сазовор бўлди.

6-22 сентябрь кунлари Екатеринбург шаҳрида бўлиб ўтган бокс бўйича жаҳон чемпионати спортчиларимиз учун янада муваффақиятли бўлди. Саксонга яқин мамлакатдан энг кучли чарм қўлқоп усталари иштирок этган ғоят кескин беллашувда терма жамоамиз 3 та олтин, 1 та кумуш ва 1 та бронза медални қўлга киритди. АҚШ, Куба, Россия, Қозоғистон, Англия, Ҳиндистон каби бокс бўйича етакчи давлатлар вакилларини ортда қолдириб, умумжамоа ҳисобида 1-ўринни эгаллади. Жамоа сардори Баҳодир Жалолов чемпионатнинг «Энг яхши боксчиси» деб топилди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг