Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Хушхабар! Жавоҳир Синдаров жаҳоннинг энг ёш халқаро гроссмейстеридан бирига айланди

Хушхабар! Жавоҳир Синдаров жаҳоннинг энг ёш халқаро гроссмейстеридан бирига айланди

Бугун, 15 октябрь куни Венгрия пойтахтидан хушхабар келди. Будапешт шаҳрида бўлиб ўтган «First Saturday GM» халқаро турнирида иқтидорли шахматчимиз Жавоҳир Синдаров муваффақиятли иштирок этиб, учинчи гроссмейстерлик талабини бажарди ва 12 ёшида жаҳоннинг энг ёш халқаро гроссмейстерига айланди.

Бундан бир йил олдин Жавоҳир халқаро шахмат устаси унвонига сазовор бўлиб, Президентимизнинг қимматли совғаларини қўлга киритганди.

Ўтган бир йил ичида Жавоҳир ўз устида тинимсиз ишлаб, жорий йил июнь ойида «Воронеж опен-2018» халқаро мусобақасида биринчи, сентябрь ойида Туркияда ўтказилган 20 ёшгача ўсмирлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида иккинчи гроссмейстерлик талабини бажарганди.

Шуниси қувонарлики, Жавоҳир 12 ёш 10 ой 8 кунда гроссмейстерлик унвонини қўлга киритиб, жаҳон шахмати тарихида С.Карякиндан (12 ёшу 7 ой) кейин иккинчи, шахмат ватани бўлмиш Осиёда эса биринчи — энг ёш шахматчи сифатида ўз номини тарих йилномаларига муҳрлаб қўйди.

Шу ўринда айнан Осиё қитъасида, хусусан Ўзбекистонда шахмат йилдан-йилга «яшариб» кетаётганини таъкидлаш лозим. Ўтган йили яна бир умидли шахматчимиз Нодирбек Абдусатторов 13 ёшу 1 ойда гроссмейстерлик мақомига эришиб, юртимиз довруғини оламга ёйганди. 2018 йил июнь ойида эса ҳиндистонлик ёш шахматчи Рамешбабу Прагнанандха 12 ёш 10 ой 13 кунда шундай унвонга сазовор бўлиб, Нодирбекнинг рекордини янгилаганди. Жавоҳир эса Рамешбабуни 5 кунга ортда қолдириб, жаҳоннинг энг ёш халқаро гроссмейстери деган шарафли номни яна Ўзбекистонга қайтарди.

Эслатиб ўтамиз, бу юксак унвонга шахмат бўйича амалдаги жаҳон чемпиони Магнус Карлсен 13 ёшида, собиқ жаҳон чемпионлари — Роберт Фишер 15 ёшида, Владимир Крамник 16 ёшида, Гарри Каспаров 17 ёшида, Анатолий Карпов ва Вишванатан Ананд 19 ёшида, Михаил Таль 21 ёшида, Тигран Петросян 23 ёшида, Василий Смыслов 29 ёшида, Михаил Ботвинник 39 ёшида сазовор бўлишган.

Дунёнинг энг ёш шахматчилари рўйхатининг энг юқори поғонасида юртимизнинг икки вундеркинди — Жавоҳир ва Нодирбекларнинг турганлиги юракларимизга фахр бағишлаши билан бирга яқин йилларда жаҳон шахмат тожининг яна юртимизга қайтишига умид уйғотади.

«Мазкур ютуқни қўлга киритишимда устозларим — Сабоҳат ва Сирожиддин Зайниддиновлар, Акром Тошхўжаев, Бобур Сатторов ва халқаро гроссмейстер Марат Жумаевларнинг берган сабоқлари, ота-онам, яқинларим, айниқса, бобом Комил Синдаров, маънавий устозимларим Бакриддин Зарипов, Муртазо Раҳматовларнинг қўллаб-қувватлаши, юртимизда спортга яратилган шарт-шароитлар, Президентимизнинг шахматга эътибори асосий омил бўлди», — дейди Жавоҳир Синдаров.

Жавоҳирни жаҳон шахмат аренасида қўлга киритган бу оламшумул ғалабаси билан барча юртдошларимизни муборакбод этамиз.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг