Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Коррупциянинг олдини қандай олиш мумкин? Вазирликда суҳбат ўтказилди

Коррупциянинг олдини қандай олиш мумкин? Вазирликда суҳбат ўтказилди

Фото: Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги

Жамиятда демократик қадриятлар қарор топаётган бир вақтда давлат хизматчилари томонидан порахўрлик, мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиш билан боғлиқ жиноятлар содир этилиши ҳокимиятнинг обрўсизланишига, давлатнинг сиёсий, иқтисодий, ҳуқуқий тизимига путур етишига, натижада амалдаги ҳукуматга нисбатан норозилик туғилишига сабаб бўлади. Бу ўз навбатида мамлакатда коррупциянинг ривожланиши ҳамда давлат таназзулига олиб келади.

Ҳар бир жамиятда мавжуд бўлган бу каби иллатлар билан аёвсиз курашиш борасида мамлакатимизда ҳам қатор ижобий ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, Ўзбекистон Республикасининг «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги Қонуни, Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикасида Коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони ҳамда 2017-йил 2-февралдаги ПҚ–2752-сонли қарори, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2016-йил 2-мартдаги 62-сонли қарори Коррупцияга қарши курашиш соҳасида муҳим қадам бўлди, десак муболаға бўлмайди.

Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигида ўтказилган давра суҳбати «Жисмоний тарбия ва спорт соҳасида Коррупциянинг олдини олиш – мавжуд муаммолар ва устувор вазифалар» мавзусига бағишланди.

Тадбирда Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги мутасадди раҳбарлари, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Бош Прокуратураси, Адлия, Ички ишлар, Молия вазирликлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Антидопинг миллий агентлиги, Миллий олимпия қўмитаси, «Ипотека-банк» АТИБ, мамлакатимиз спорт федерациялари ва ассоциациялари вакиллари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Яхши маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018-йил 5-мартдаги «Жисмоний тарбия ва спорт соҳасида давлат бошқаруви тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ–5368-сон Фармони билан вазирликнинг марказий аппарати тузилмасида спорт фаолиятини ташкил қилишда асослилик, обективлик ва шаффофликни таъминлаш, шунингдек, Коррупция ва бошқа суиистеъмолчилик ҳолатларини аниқлашга масъул бўлган Жисмоний тарбия ва спорт соҳасида мониторинг бошқармаси ташкил этилди.

Бугунги кунда ушбу йўналишда қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ижросини таъминлаш бўйича давлат идораларида қатор ишлар амалга ошириб келинмоқда. Жумладан, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги тизимида ҳам қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ижросини таъминлаш, мавжуд муаммо ва камчиликларни аниқлаш ва уларни бартараф этиш, айбдорларга нисбатан қонунчиликда белгиланган тартибда чора кўриш ишлари амалга ошириб келинмоқда.

Хусусан, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигининг Коррупцияга қарши курашиш бўйича идоравий дастури, Коррупцияга қарши курашиш мақсадида аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, жамиятда Коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш бўйича чора-тадбирлар режаси, шунингдек, Коррупцияга қарши курашишнинг Истанбул ҳаракатлар режаси доирасида мониторингнинг Тўртинчи раунди натижалари бўйича Ўзбекистонга берилган тавсияларнинг Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги тизимида бажарилиши юзасидан йўл харитаси, Жисмоний тарбия ва спорт соҳасида Коррупцияга қарши курашиш самарадорлиги бўйича индикатор ишлаб чиқилди ҳамда ижрога йўналтирилди.

Давра суҳбатида даставвал жисмоний тарбия ва спорт соҳасида Коррупцияга қарши курашишнинг долзарб вазифалари Қашқадарё вилояти мисолида кўриб чиқилди. Бу борада амалга оширилаётган ишлар юзасидан вилоят жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси бошлиғи Сирожиддин Одилов маъруза қилди.

Шунингдек, Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети мисолида Коррупцияга қарши кураш масалалари бўйича университет ректори, профессор Маҳмуд Болтабоев ҳам ўз амалий тажрибалари билан ўртоқлашди.

Тадбирда давлат харидларининг асосий принциплари – давлат буюртмачисининг касбий маҳорати, асосланганлик, молиявий маблағлардан фойдаланишнинг оқилоналиги, тежамкорлиги ва самарадорлиги, очиқлик ва шаффофлик, тортишув ва холислик, мутаносиблик, давлат харидлари тизимининг ягоналиги ва яхлитлиги, Коррупцияга йўл қўймаслик мавзусида Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги бошқарма бошлиғи Нодир Муслиддинов ҳам қисқача маълумот берди.

Хулоса қиладиган бўлсак, бугунги кунда Коррупцияга қарши курашиш мақсадларига фақат жиноят-ҳуқуқий воситалар билан эришиб бўлмаслигини ҳаётнинг ўзи кўрсатиб берди. Бундай маънавий бузилиш ҳолатларига қарши курашишда нафақат давлат органлари, балки, жамият ва умуман барча фуқаролар масъулдир. Шундай экан, давлат ва жамият, шу билан бирга нодавлат нотижорат ташкилотлари бу иллатнинг олдини олиш ва унга қарши курашда биргаликдаги ҳаракат қилсагина самарали натижаларга эришиш мумкин.

Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги
Матбуот хизмати

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг