Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Президент: «Бундай аҳволда спортни қандай қилиб оммалаштириш мумкин?»

Президент: «Бундай аҳволда спортни қандай қилиб оммалаштириш мумкин?»

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 4 сентябрь куни жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш, халқаро мусобақаларга тайёргарликни кучайтириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилгани ҳақида хабар бергандик.

Йиғилишда хорижий давлатлар тажрибаси асосида Олимпия ўйинларига тайёргарлик кўриш бўйича ягона марказ барпо этиш таклифи илгари сурилди.

Жисмоний тарбия ва спорт бўйича мутахассисларни илмий-методик таъминлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш маркази ҳамда Республика спорт тиббиёти маркази фаолиятини такомиллаштириш, бу борадаги ўқув дастурлари ва методологияни янгилаш, спортчиларнинг тайёргарлик жараёнига инновацион технологияларни жорий этиш бўйича топшириқлар берилди.

Видеселекторда аҳолини, айниқса, ёшларни оммавий спортга кенг жалб этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. 

Бунда, аввало, умумтаълим мактабларидаги шароит, муҳит катта ўрин тутади. Лекин мактабларда ўқувчилар жамоавий спорт ўйинларига тўлиқ жалб этилмаяпти. 2 мингдан зиёд мактабда спорт заллари йўқ, 3 мингдан ортиғида эса таъмирталаб.

Спортга ихтисослашган мактаб-интернатларда ҳам камчиликлар бор. Масалан, Тайлоқ, Жиззах, Бухоро, Учқўрғон, Денов туманлари, Наманган, Қарши ва Андижон шаҳарларидаги шундай мактабларда спорт зали, ётоқхона, ўқув бинолари етишмайди. 

Болалар-ўсмирлар, Олимпия захиралари ва олий спорт маҳорати мактаблари тренерларининг ойлик иш ҳақи умумтаълим мактабларининг жисмоний тарбия ўқитувчиларига нисбатан деярли 2 баробар паст. Ўз навбатида, тренерларнинг 51 фоизи ўрта махсус маълумотга эга, 2 мингдан ортиқ олий маълумотли мураббийларга эҳтиёж мавжуд.

Олий таълим муассасаларидаги спорт иншоотлари талабаларнинг қарийб 50 фоизини қамраб олиш имкониятига эга бўлса-да, амалда 21 фоиз талаба-ёшлар спорт тадбирларига қатнашмоқда.

Умуман олганда, мамлакатимиз бўйича 12 мингдан ортиқ спорт иншооти мавжуд бўлса, уларнинг бир кунлик қуввати қарийб 1,5 миллион кишини ташкил этади. Яъни, аҳолига нисбатан спорт иншоотлари билан таъминланиш даражаси 4,5 фоиздан ошмайди. Хусусан, бу кўрсаткич Самарқанд вилоятида 3,4 фоиз, Сурхондарё вилоятида 3,5, Андижон вилоятида 3,7 фоиздир.

Бундай аҳволда спортни қандай қилиб оммалаштириш мумкин, дея савол қўйди Президент. 

Йиғилишда шу каби муаммоларни босқичма-босқич бартараф этиш, бунинг учун зарур маблағ ва ресурслар йўналтириш масалалари муҳокама қилинди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг