Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Токио-2020: бугунги мусобақаларда ўзбекистонлик 11 нафар спортчи қатнашмоқда

Токио-2020: бугунги мусобақаларда ўзбекистонлик 11 нафар спортчи қатнашмоқда

Фото: Миллий олимпия қўмитаси

Бугун, 24 июль куни Токио-2020 Олимпия ўйинларининг илк кунида Ўзбекистон терма жамоасининг 11 нафар вакили иштирок этмоқда. Спортчиларимизнинг чиқишлари ҳақидаги маълумотларни Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси тақдим этди.

XXXII ёзги Олимпия ўйинларида ҳамюртларимиз иштирокини биринчи бўлиб ўзбек мерган қизи Мухтасар Тоҳирова бошлаб берди. Наманганлик спортчи 10 метрдан милтиқдан отиш бўйича саралаш дастурида қатнашмоқда. Мазкур мусобақа Тошкент вақти билан соат 04:30 да бошланди.

Шундан сўнг қиличбозларимиз баҳсларга киришди. Дастлаб соат 05:30 да саблячимиз Шерзод Мамутов руминиялик Юлиан Теодосиу билан ҳисоб-китоб қилган бўлса, соат 07:25 да шпагачимиз Малика Ҳакимова хитойлик Йивен Сунга қарши жанг олиб боради.

Токио каналларида академик эшкак эшувчиларимиз Шаҳбоз Холмирзаев ва Собир Сафаралиев соат 06:50 дан саралаш баҳсларига киришадилар. Ҳамюртларимиз биринчи гуруҳда 4-йўлакда ҳаракат қилишади.

Соат 07:00 да Муроджон Холмуродов велоспортнинг шоссе йўналишида 234 км. масофада ўтказиладиган гуруҳ пойгасидаги стартини бошлайди.

Шунингдек, соат 07:00 да теннисчимиз Денис Истомин ҳиндистонлик Сумит Нагалга қарши кортга чиқади.

Шундан сўнг эътиборимизни бокс баҳсларига қаратамиз. Соат 07:30 да аёллар ўртасида -69 кг вазн тоифасида иштирок этадиган ҳамюртимиз Шаҳноза Юнусова польшалик Каролина Косевскага қарши рингга кўтарилади. Тахминан соат 10 да эса яна бир боксчимиз Санжар Турсунов (-91 кг) иштироки кутиб турибди. Унда ҳамюртимиз жазоирлик Абдулҳафид Бенчаблага билан куч синашади.

Расулжон Абдураҳимов соат 15:30 дан бошланадиган спорт гимнастикасининг кўпкураш йўналиши, саралаш босқичида иштирок этади.

Шубҳасиз, ушбу кун доирасида кўпчиликнинг эътибори дзюдо баҳсларига қаратилади. Унда Шарофиддин Лутфиллаев -60 кг вазн тоифасида баҳс олиб олиб боради. Полвонимиз мусобақани Украина ва Гватемала вакиллари ўртасидаги баҳс ғолибига қарши бошлайди. Дзюдо баҳслари соат 07:00 дан бошланади. Ҳамюртимиз биринчи даврадан эркин ўтгани учун унинг иштироки тахминан 30-40 дақиқалардан кейин бошланади.

Катта мусобақалар олдинда, барча спортчиларимизга омад ва фақат ғалаба ёр бўлишини тилаб қоламиз.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг