Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Мансаб бермоқ – жон бермоқ! «Қовун туширган» амалдорларимиз нега мард бўлиб ишдан кетмайди?

Мансаб бермоқ – жон бермоқ! «Қовун туширган» амалдорларимиз нега мард бўлиб ишдан кетмайди?

Амалдорларимизнинг «қовун тушириши» одатий ҳолга айланиб бораётгандек. Илгари арбобларнинг анча-мунча қилғиликлари парда ортида қолар, ёпиқлиқ қозонни очишга кўпчилик журъат қилмас эди. Энди эса эл оғзига элак тутиб бўлмай қолди: кеча музофотда рўй берган воқеа бугун бутун мамлакатда дув-дув гап бўлмоқда!

Мансабдор ҳам хом сут эмган банда, билиб-билмай номаъқул бузоқнинг гўштини еб қўйиши мумкин. Боз устига, ўртада нафс бор, шайтон бор. Аммо хавотирли жиҳати шундаки, янглиш йўл тутган, ҳатто жиноят деб малакалаш мумкин бўлган хатти-ҳаракатни содир этган мансабдорларимиз ўз хатосини мардона тан олмаяпти. Айримлар ҳатто бир оғиз узр сўрамоқни ўзига эп кўрмаяпти.

Мутараққий дунёда қалтис қадам қўйган арбоблар ўз ихтиёри билан лавозимини тарк этади. Мисол керакми? Марҳамат, сўнгги бир-икки йилда яқин ва узоқ хорижда рўй берган айрим ҳодисаларни ёдга оламиз.

Россиянинг Кемерово вилояти губернатори Аман Тулеев «Зимняя вишня» савдо мажмуасидаги ёнғин ортидан ўз ихтиёри билан лавозимини тарк этди.

Вилоятларимизда бозорларнинг сирли-шубҳали тарзда ёниб кетиши кўп учрамоқда. Ҳокимбуваларни қўятурайлик, шу пайтгача жиллақурса бирор бозорқўм ўзи ариза ёзиб ишдан кетдими?..

Руминия ички ишлар вазири Николае Мога 15 ёшли қизнинг зўрланиши ва ўлдирилиши олдини ололмагани учун ўзини айбдор деб билиб истеъфо берди.  

Афсуски, бизда ҳам бундай мудҳиш жиноятлар тез-тез рўй бермоқда. Аммо ИИВ тизимидаги бирор мансабдор назоратидаги ҳудудда рўй берган қотиллик ёки номусга тегиш жинояти учун ахлоқий масъулиятни бўйнига олганини ҳали эшитмадик.

Нидерландия ташқи ишлар вазири Халбе Зейлстра жамоатчиликни Россия президенти Владимир Путин билан учрашуви борасида алдагани учун ўз ихтиёри билан истеъфо берди.   

Андижон вилояти ҳокими президентнинг ҳудудга ташрифи пайти уй-жой масаласида кўзбўямачилик қилгани фош бўлди, бу ҳолга казо-казо идоралар эътибор қаратди. Хўш, натижа нима бўлди? Айбни тан олмоқ қайда, охир-оқибат кўзбўямачилик қурбони бўлган заифаларнинг ўзи айбдорга чиқарилди...

Буюк Британия халқаро тараққиёт масалалари вазирининг ўринбосари Майкл Бейтс парламентдаги эшитувга бир неча дақиқага кеч қолгани учун истеъфо берди. 

Ижроия ҳокимиятининг қонунчилик идорасига ҳурмати! Инглиз демократияси меваси! Бизда эса... Олий Мажлис депутатлари ижроия ҳокимияти, хусусан, маҳаллий ҳокимиятлар парламент сўровларини писанд қилмаётганидан арз-дод қилмоқда.

Samsung Electronics бош директори Квон О Хьюн компания молиявий қийинчиликларга дуч келаётганида ўзини айбдор деб билиб, раҳбарликни бошқа ҳамкасбига топширди.

Юртимиздаги монопол муассасалар, инқирозга ёқасига келиб қолган компаниялар ижтимоий тармоқларда худонинг берган куни «дуои хайрлар» билан ёдга олинади. Хўш, бирор раҳбар ўз ихтиёри билан истеъфога чиқдими?  

Футбол бўйича Тожикистон термаси мураббийи Ҳаким Фузайлов жамоани Осиё кубогига олиб чиқа олмагани учун истеъфо берди.

Ўзбекистон терма жамоаси мураббийи Самвел Бабаян кўп миллионли мухлисларнинг норозилигига қарамай, сўнгги дақиқаларгача жавлон урди. Шу тариқа жаҳон чемпиоатига чиқиш учун яна бир тарихий имконият бой берилди. Дарвоқе, мухлислар нўноқ мураббийнинг футболдан бадарға этилишидан эрта қувонган экан. Кейин у яна «музаффар ҳолда» футболга қайтди... 

Herve Leger халқаро мода уйи раҳбари Патрик Кудерк тўлароқ қиз-жувонлар ҳақида ношойиста гап айтгани учун истеъфо берди.

Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ички ишлар идораси билан биргаликда «инновация»га қўл урди – аёлларнинг «хавфли 23 тоифаси»ни эълон қилди. На қонунчилик, на мусулмончилик ва на одамгарчиликка тўғри келадиган ушбу хатти-ҳаракат учун бирор мулозим масъулиятни бўйнига олганича йўқ...

Хўш, нега «хол қўйган» амалдорларимиз айбини дангал тан олиб, ихтиёрий равишда истеъфо бермайди? Амал курсисини йўқотишдан шу қадар қўрқишадими? Ёки «яккаш ўзим зўрман, бу лавозимга мендан кўра муносиброқ одам йўқ» деб ўйлашадими?..

Cобир Салим

P.S. Куни кеча президент Шавкат Мирзиёев Хоразм, Фарғона ва Қашқадарё вилоятлари ҳокимларини зўравонларча сиёсат юритиб, Ўзбекистонни бутун дунёга шарманда қилаётгани учун кескин танқид қилди. Давлат раҳбари номуносиб кадрлар ишдан бўшатилиши эҳтимоли ҳақида ҳам гапирди. Хўш, нақ хиёнатда айбланган ҳокимлар бу гал саҳву хатоларни мардона тан олмоққа ўзида журъат топармикан?..

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг