Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

«Шавкат Мирзиёев университетимизнинг фахрий профессори...» Нагоя университети докторанти билан суҳбат

«Шавкат Мирзиёев университетимизнинг фахрий профессори...» Нагоя университети докторанти билан суҳбат

Фото: «Xabar.uz»

«Хориждаги ватандошлар»нинг навбатдаги суҳбатдоши Япониянинг Нагоя университети докторанти Даврон Убайдуллаев. Қаҳрамонимиз 1994 йили Андижон вилоятида туғилган.

У билан суҳбатимиз юридик соҳани нега танлагани, Шавкат Мирзиёевнинг Нагояга ташрифи, илмий иши, соҳадаги муаммолар ва шу каби бошқа мавзуларда кечди.

«Адолатга нисбатан қарашим тенгқурларимдан фарқ қилиб келган»

Отам юридик соҳада ўқитувчи бўлиб ишлаган. Амакиларим орасида ҳам ҳуқуқшунос сифатида хизмат қилаётганлари бор. Менда уларнинг фаолиятига болаликдан ҳавас уйғонган. Шу сабабдан адолатга ва қонунга нисбатан қарашим бошқа тенгқурларимдан ҳар доим фарқ қилиб келган.

Жамиятимизда адолатсизлик ва қонунбузарликни олдини оладиган органларда ишлаш ва олий юридик таълим олиш мақсадида Тошкент давлат юридик университетига ўқишга кирганман. У ерни 2018 йил тамомлаб магистратурани Япониянинг нуфузли таълим даргоҳларидан бири – Нагоя университетида давом эттирдим. Ҳозир ушбу университетда докторантура босқичида ўқияпман.

«Шавкат Мирзиёев университетимиз фахрий профессори»

Олийгоҳимиз 1939 йили давлат университети сифатида ташкил этилган. Япониядаги университетлар ичида етакчи ўнталикка киради. Энг ривожланган соҳалар бу – тиббиёт ва инженеринг йўналишлари. Бу соҳаларда имкониятлар жуда кўп. Қолаверса, ҳуқуқ ва бошқа соҳалар бўйича ҳам Нагоя университети биринчи сафдаги университетлар қаторида туради. Нагоя университети билан боғлиқ инсонлардан 7 нафари Нобель мукофотига сазовор бўлган.

Шунингдек, 2019 йил 18 декабрда президентимиз Шавкат Мирзиёев Нагоя университетига ташриф буюрган ва фахрий профессор унвонини қабул қилиб олган.

Ўша маросимда биз талабалар ҳам иштирок этганмиз. Президент ўз нутқида, Нагоя ва бошқа университетларда ўқийдиган талабалардан фахрланиши ҳамда бизга катта ишонч билдиришини таъкидлаган.

Ташриф бизда кучли таассурот қолдирганди. Албатта, ҳар бир талаба бу ерга ўз мақсадлари ва орзуларини амалга ошириш учун келади. Лекин бу учрашув бизга ўз мақсадларимиз сари янада кучлироқ ҳаракат қилишимиз кераклигини кўрсатган ва хотирамизга чуқур муҳрланиб қолган.

«Транснационал корпорациялар томонидан инсон ҳуқуқлари бузилиши катта муаммо»

Докторонтурадаги илмий ишимни халқаро хусусий ҳуқуқ йуналишида олиб бораман. Яъни, транснационал корпорацияларнинг фаолияти оқибатида инсон ҳуқуқлари бузулганда, жабрланувчиларнинг ҳуқуқларини қандай ҳимоя қилиш мумкинлиги ҳақида. Албатта бу муаммонинг бошқа ҳуқуқ йўналишлари билан боғлиқлиги кучли, лекин мен халқаро хусусий ҳуқуқ соҳасидан келиб чиқиб, бу муаммонинг ечими билан шуғулланмоқчиман.

Транснационал корпорациялар томонидан инсон ҳуқуқлари бузилиши ҳозирги кунда жуда катта муаммо. Уларнинг юридик тузилиши мураккаб бўлганлиги учун жавобгарликка тортиш ҳам қийинчилик туғдиради. Бунинг усуллари турли хил бўлиб, ҳар бир давлатда ҳар хил йўл тутилади.

«Бошқа ҳуқуқий соҳаси ривожланган давлатлар четда қолдирилди»

Мамлакатимизда халқаро хусусий ҳуқуқ тўсиқлари деб кўп омилларни айтиш мумкин. Масалан, Фуқаролик кодексининг бир бўлими сифатида халқаро хусусий ҳуқуқ нормалари у қабул қилингандан бери узоқ йиллар ўзгармаган. Бу давр ичида соҳани ривожлантиришга бўлган ҳаракатлар ҳам кучли бўлмаган. Натижада олимларимиз халқаро хусусий ҳуқуқ соҳасига жиддий эътибор беришмади.

Бугунги кунда бу соҳани ривожлантиришга ҳаракат қилаётган олимлар сони ошиб бормоқда. Аммо уларнинг сони жуда кам. Фикримча, бу соҳадаги илмий ишларни сони ва сифатини ошириш учун албатта молиявий кўмак керак. Чунки, ҳар бир олимни рағбатлантириш, бу олимни келажакдаги илмий ишларини оширишга хизмат қиладиган инвестиция деб ўйлайман.

Яна бир муаммо, биз узоқ йиллар давомида Россия ҳуқуқий тизимига кучли эътибор қаратиб, бошқа ҳуқуқий соҳаси ривожланган давлатлар четда қолдирилди. Ҳозир ҳам бундай тенденциялар жуда кучли деб ўйлайман. Шунинг учун, ҳуқуқ тизими бизга яқин бўлган Германия, Япония ёки Франция, ҳуқуқ тизими кучли фарқланадиган, лекин илғор ғояларга бой АҚШ ва Буюк Британия ҳуқуқий тизимларини ўрганишга аҳамият беришимиз керак.

«Япон талабалари ўз мажбуриятларига жиддий қарашади»

Кўпинча ўзимга бир савол бераман: «Тошкент давлат юридик университетидаги талабалар ва Нагоя университининг ҳуқуқ йўналишидаги талабар ўртасида қандай фарқ бор?»

Бу саволга тўлиқ жавоб бериш қийин бўлса-да, ўзимнинг дунё қарашларимдан ва учратган одамларимдан келиб чиқиб қуйидагиларни айта оламан.

Биринчи ўринда, имкониятлар. Нагоядаги талабаларнинг имкониятлари жуда ҳам кўп. Университетдаги Марказий кутубхона ва у ерда минглаб китоблар, журналлар ва илмий ишлар тўпланган. Буни илмий иш олиб бормоқчи бўлганлар учун ҳақиқий жаннат деса бўлади.

Бундан ташқари ҳар йили Япония бўйлаб ва чет элда чоп этиладиган китоблар, илмий ишлар ҳамда мақолалар ҳам бу ерга келтирилади. Ундан ташқари, электрон журналлар ва маълумотлар базаларининг сони ҳавас қиларли. Бу эса, Япония ва бутун дунёда юз бераётган ўзгаришлар, тенденцияларни ўз вақтида кузатиб бориш имкониятини беради.

Иккинчидан, япон талабаларининг асосий қисми вақтини тўғри тасарруф қилишади. Мисол учун, ҳар бир талабанинг кундалик дафтари бўлиб, ўз режаларини у ерга мунтазам равишда киритиб боради. Яъни, 3 ёки 6 ой олдиндан режалаштирилган ишлар, унинг амалга ошиш эҳтимоллигини оширади. Шунинг учун ҳар бир талаба ўқишдан ташқари ҳафтасига 20 соатгача ишлаб пул топишга ҳам улгуради.

Учинчидан, япон талабаларининг асосий қисми ўз мажбуриятларига жиддий қарашади. Бу характер японларда кичкиналигадан ривожлантирилиб, бутун умр сақланиб қолади. Шу боисдан уй вазифасини бажариш бу одатий ҳол. Бошқалардан уй вазифасини бажаришда ёки имтиҳонда ёрдам сўраш ҳолатлари деярли учрамайди.

«Наруто» анимеси жуда машҳур»

Бўш вақтларимда асосан япон мангасини ўқиш билан ўтказаман. Манга – бу япон комикси бўлиб, 19 аср охирларида Японияда шаклланган. Мангалар мамлакатда жуда оммалашган бўлиб, нафақат ёшлар балки ўрта ёшли ва ёши улуғлар орасида ҳам жуда машҳур. Мангалар одатда йиллар давомида ёзилади. Масалан мен яхши кўрган манга «One Piece» 1999 йилдан бошлаб ҳозирги кунгача давом этади. Оммабоп мангалар кейинчалик анимациялаштирилиб, аниме сифатида бутун дунёга ёйилади. Ёшлар орасида «Наруто» анимеси жуда машҳур.

Мангадан ташқари новеллаларни ўқишни ҳам яхши кўраман. Охирги пайтлар хитой тилидан рус тилига таржима қилинган «Камбағал бой» номли новеллани ўқияпман. Бу новеллада бой бўлишига қарамасдан, кичкиналигидан қийинчилик ва йўқчиликда тарбия топган бола Чень Хаонинг ҳаёти ифодаланган. Анчайин оммабоп новелла. Унда бирданига бой бўлиб кетган Чень Хаонинг ён атрофидагиларига бўлган мунсобатларидаги ўзгаришлар, ўзлигини сақлаб қолишига бўлган ҳаракатлари ҳақида ҳам ҳикоя қилинади.

Шу билан бирга, дам олиш кунлари дўстларим билан тоғнинг чўққисига чиқишни, қиш пайтларида чанғида учишни, ёз пайтида эса денгизга боришни яхши кўраман.

Келажакда Ўзбекистон ёки Японияда бўлишимдан қатъи назар илмий ишимни давом эттириб, ҳуқуқ соҳасини ривожлантиришга хизмат қилмоқчиман.

Нурилло Тўхтасинов суҳбатлашди

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг