Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

«Путин орзуси Россиянинг бор қудратига ҳам тарихий зарба беряпти» – Раббимов

«Путин орзуси Россиянинг бор қудратига ҳам тарихий зарба беряпти» – Раббимов

Путин Россияни қайтадан империяга айлантиришни орзу қилиб, унинг бор қудратига ҳам тарихий зарба бериб қўйди. Бу ҳақда ўзбекистонлик сиёсатшунос Камолиддин Раббимов ўзининг ижтимоий тармоғида ёзди.

Кеча, 23 ноябрь куни Европа Иттифоқи парламенти Россия Федерациясининг Украинага қарши ҳарбий тажовузи туфайли Россияни терроризмнинг ҳомийси сифатида тан олиш тўғрисидаги резолюцияни қабул қилди. Қарорни 494 нафар депутат қўллаб-қувватлади, 58 нафари қарши чиқди, 44 нафари бетараф қолди. Cиёсатшунос Камолиддин Раббимов бунга муносабат билдирар экан, шундай дейди:

«Европа Парламенти кўпчилик овоз билан Россия Федерациясини «терроризм ҳомийси бўлган давлат» (государство-спонсор терроризма) деб тан олибди. Бу қарор, ҳозирча рамзий-сиёсий маънога эга, ва реал ҳуқуқий оқибатлари мавжуд эмас. Лекин, бу катта қадамларнинг бошланиши бўлиши мумкин. Европарламент Европа Комиссияси ва Кенгашини Россияга нисбатан «террор ҳомийси бўлган давлат» сифатида муомалада бўлишга чақирган. Яъни, расмий Москвани тўлиқ иҳоталаш тавсия қилинган».

Сиёсатшуноснинг таъкидлашича, АҚШда ҳам бир неча ойдан бери Россияни «терроризм ҳомийси бўлган давлат» сифатида баҳолаш чақириқлари бор. Лекин, Байден маъмурияти бу таклифга қарши.

«АҚШда ҳам бир неча ойдан бери Россияни “терроризм ҳомийси бўлган давлат” сифатида баҳолаш чақириқлари бор. Лекин, Байден маъмурияти бу таклифга қарши. Чунки, АҚШ қонунчилигига кўра, Вашингтон қайси бир давлатни “терроризм ҳомийси” деб тан олса, унга нисбатан реал ҳуқуқий механизмлар ишлаши керак. Россияга нисбатан шундай механизмларни жорий қилишни оқибатлари глобал даражада катта ўзгаришларга олиб келади».

Камолиддин Раббимов агар Россия «терроризм хомийси бўлган давлат» деб тан олинса, БМТ Хавфсизлик Кенгашидан чиқарилиши назарда тутилиши кераклигини айтган.

«Мисол учун, Россия БМТнинг Хавфсизлик Кенгаши доимий аъзоси. Агар Россия «терроризм ҳомийси бўлган давлат» деб тан олинса, БМТ Хавфсизлик Кенгашидан чиқарилиши назарда тутилиши керак. Бунинг учун, Хавфсизлик Кенгашининг қолган доимий аъзолари ҳам бунга розилик бериши керак. Қолаверса, Россия билан АҚШ ва ғарб давлатларининг дипломатик муносабатлар деярли узилиши ёки жуда пасайиши керак бўлади».

Сиёсатшуноснинг фикрича, халқаро ҳамжамият Россияга нисбатан реал босимларни Путин ҳокимиятга кетганидан кейин ҳам тўхтатмайди.

«Назаримда, Россияга нисбатан реал босимлар Путин ҳокимиятдан кетганидан кейин ҳам тўхтамайди. Россияни қўлидан ядро қуролини олиб қўйиш, БМТ Хавфсизлик Кенгашидаги уни вето ҳуқуқини олиб ташлашга интилиш ҳам кучаяди. Путин, Россияни қайтадан империяга айлантиришни орзу қилиб, уни бор қудратига ҳам тарихий зарба бериб қўйди. Россия бу вазиятдан 2021-йилдаги каби жамулжам ресурслар ва қудрат билан чиқа олмайди, албатта заиф ёки ўта заиф ҳолатда чиқади».

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг